Қўқон азиз меҳмонларга мунтазир

Read Time4Seconds

Айни кунларда Қўқон шаҳри бутун дунёга ўз кўрку тароватини кўз-кўз этиб, латиф шаҳар кундан-кунга муҳташам, озода ва ораста қиёфада намоён бўлмоқда.  

Халқаро ҳунарманд-чилик фестивалига тайёргарлик борасида белгиланган қурилиш-бунёдкорлик ишлари сифатли якунланяпти ҳамда юртимизнинг барча ҳудудлари ва хориждан ташриф буюраётган азиз меҳмонлар ўзбекона удумга кўра байрамона тарзда кутиб олинмоқда.

Шу йилнинг 5 сентябрь куни Халқаро ҳунармандчилик фестивали матбуот марказида журналистлар иштирокида навбатдаги юзма-юз мулоқот ташкил этилди.

Матбуот анжуманида иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов дастлаб ОАВ вакилларига Муҳаммаджон Обидовни вилоят ҳокимининг матбуот котиби ҳамда  Гулбаҳор Саидғаниевани “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири вазифасига тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокими қарорларини ўқиб эшиттирди.

Таъкидлаб ўтилганидек, 7 сентябрь кунига қадар мамлакатимизнинг барча вилоятларидан тўлиқ ташриф буюрадиган делегациялар аъзолари тантанали равишда кутиб олинади. 11 сентябргача эса Қўқон темир йўл вокзалида алоҳида ажратиладиган махсус рейслар орқали дунёнинг турли минтақаларидан келадиган меҳмонларни кутиб олиш режалаштирилган. Шунингдек, 14 сентябрь куни Қўқон шаҳрига пойтахтимиздан хорижий дипломатик корпус вакилларининг ташрифи кутилмоқда.

Самимий руҳда ўтган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари фестивалга тайёргарлик бўйича олиб борилган улкан бунёдкорлик ишларини кенг тарғиб этиши, янгитдан барпо этилган меҳмонхоналар, замонавий мезонлар асосида таъмирланган тарихий обидалар, хиёбонлар, савдо ва дам  олиш мажмуалари, хизмат кўрсатиш ва сервис фаолияти ҳақида кенг маълумотлар бериши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ҳунармандчилик фестивали нуфузини ошириш ҳамда халқимизнинг эзгу фазилатларини кенг тараннум этишда журналистлар янада фаол бўлиши кераклиги таъкидланди.

***

Шу куни Қўқон темир йўл вокзалида фестивалда иштирок этиш учун келган юртимиз жануби – Сурхондарё вилояти делегацияси аъзолари тантанали равишда кутиб олинди.

Вилоят делегацияси таркибида 60 нафар моҳир ҳунармандлар, бахшилар, маданият ва санъат соҳаси намояндалари жамулжам бўлган. Сурхондарёлик машҳур гиламдўз Назокат Собирова Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичида бир неча маротаба “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилган. Фестиваль давомида у қатнашчиларга гиламдўзликнинг воҳага хос анъаналарини кенг тарғиб этишни мақсад қилган. Шу билан бирга иштирокчилар кўз ўнгида нафис гилам тўқиш маҳоратини намойиш этишни ҳам режалаштирмоқда.

***

Бугун шаҳарнинг бир-биридан бетакрор, чиннидек тоза кўчалари, тарихий зиёратгоҳлар, ижтимоий соҳа муассасалари, кўп қаватли уйлар, бино-иншоотлар, ҳордиқ масканлари, қўйингки, ҳар бир манзара Халқаро ҳунармандчилик
фестивали ҳақида ёқимли таассуротлар уйғотади. Қўқонча мулозамат, ширинсуханлик, меҳмондўстлик, самимий табассум шаҳар аҳлига нисбатан меҳрингизни тоғ қадар юксалтиради.

— Бундай фестивалларнинг ўтказилиши, энг аввало, юртимиздаги тинчлик, тараққиёт ва иқтисодий фаровонлик шарофати,—дейди Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Абдусамад Болтабоев. — Бу каби тантаналар халқимизни янада жипс-лаштиради, бирдамлигини таъминлайди. Аслида ҳам бундан буён барчамиз Президентимизнинг элпарвар сиёсати ва бу борадаги эзгу ташаббуслари атрофида бирлашишимиз зарур.

Болаликдан Алишер Навоийнинг мухлисиман. Ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрлари шаҳримиздаги асрларга татигулик бугунги қувонарли ўзгаришларга ҳамоҳанг:

«Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от».

Адабиёт, санъат ва маданият, миллий қадриятлар ривожига қаратилаётган бундай юксак эътибор том маънода халқимизнинг маънавий юксалиши учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

***

Кўҳна тарихдан ҳикоя қилувчи Ўрда майдони айни кунларда халқимизнинг ўзига хос қадрият ва анъаналарини ўзида мужассам этган яхлит бир ансамбль сифатида намоён бўлмоқда.

Ўрданинг тўрт томонида фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлари учун барча қулайликлар муҳайё этиляпти. Ўрда майдонида хавфсизликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ҳамда эҳтиёж туғилганда зудлик билан етиб келишга мўлжалланган тезкор чақирув қурилмалари ўрнатилди. Айни пайтда чет эллик ҳунармандларга майдонда 150 та жой ҳозирланяпти.

Ўзбекистон Республикаси халқ устаси Муҳаммадали Юнусов байрам тантаналари чоғида шогирдлари билан бирга нақш жилолари асосида миллий ўймакорлик буюмларини тайёрлашни режалаштирмоқда. Қўқон шаҳридаги 6-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Хуршиджон Ғофуровнинг эзгу ташаббуси ҳам таҳсинга сазовордир. У ўзи ташкил этган “Қўқон садоси” ижодий жамоаси кўмагида қурилиш материаллари, уй-рўзғор буюмларидан турли мусиқий оҳанглар чиқариш орқали барчани хушнуд этишни мақсад қилишган. Ҳозирда жамоа аъзолари бўлажак томошаларга жиддий тайёргарлик кўрмоқдалар.

Ўрда майдонида вилоятлар делегациялари учун ажратилган алоҳида ҳудудларда амалга оширилаётган тараддуд ишлари авжида. Ҳунармандлар кўргазмалари, рассомлар ва ҳайкалтарошлар ижоди, мумтоз қўшиқлар ижрочилари, бахшилар, театр жамоаларининг тайёргарлиги фестивалнинг нақадар мароқли ўтишидан далолатдир.

Муҳайё Жўраева, “Ҳунарманд” уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари:

—Биринчи таассуротимизнинг ўзи ҳайратланарли. Қўқон шаҳри ақлни шоширадиган ва завқингизни оширадиган даражада гўзал масканга айланибди.  Бир пайтнинг ўзида ҳам шарқона латофат, ҳам  замонавий тараққиёт манзаралари ҳар қандай инсонга хуш кайфият бахш этади.

Шу бугуннинг ўзида тайёргарлик ишларига астойдил киришамиз. Айниқса, бахшиларимизнинг чиқишлари ҳамюртларимиз ва хорижлик меҳмонларга жуда ҳам манзур бўлишига ишонамиз.

—Улуғ аждодларимиз, Самарқанднинг тарихий кўринишлари, вилоятимиз ҳунармандчилигининг ўзига хос жиҳатлари бўйича саҳна асарларини намойиш этамиз, — дейди Самарқанд мусиқали драма театри раҳбари ўринбосари Фазлиддин Худойбердиев. — Ўз навбатида ушбу фестиваль Сирдарё, Жиззах, водий вилоятлари сингари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ҳамкасблар билан ўзаро тажриба алмашиш борасида маҳорат мактабига айланди. Биз бундан беҳад мамнунмиз.

Хуллас, бугун Хўқанди латифда фестиваль шукуҳи давом этмоқда.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ ва

Муқимжон ҚОДИРОВ олган.

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise
Close