ҚОҒОЗДА ҚОЛГАН ВАЪДАЛАР

Read Time32Seconds

 

Фуқароларнинг давлат идораларига ишончи нега сўнмоқда?

 Бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда “Фарғонада лой кўчалар қачон маҳаллий дастурга киритилади?” сарлавҳали мақоламиз эълон қилинган эди.   Мақолага  Фарғона шаҳридаги Ипак йўли МФЙнинг Шаббода кўчасидаги  ҳолат юзасидан юборилган мурожаат асос  бўлган.  Унда шундай дейилган:

 “Ипак йўли  МФЙ ҳудудида 5211 нафар, Шаббода  кўчасида 500 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шаббода кўчамизнинг йўллари асфальтлаштирилмаган.  Йўлларнинг умумий узунлиги 5 км.дан ортиқ.  Куз-қиш  мавсумида ўқувчилар лойга ботиб, мактабга боргани  қийналишмоқда.  Шу кўча ҳудудидан 25-30 йиллар муқаддам уй-жой қуриш учун  аҳолига ер участкалари берилган.  Ҳозирда уйлар қуриб битказилиб, оилалар истиқомат қилмоқда. Лекин электр энергияси таъминоти ҳолати яхши эмас.  Трансформатор ва  электр истолбалари зарур.”  Аризада 23 нафар маҳалла  фаолларининг имзоси қўйилган. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан  мазкур ҳолат юзасидан  ўрганиш ишлари олиб борилди. Дарҳақиқат, Фарғона шаҳар Ипак йўли МФЙнинг Шаббода кўчасининг 5 км.га яқин ички йўллари 2015 йилдан  буён ваъдалар берилиб, ҳанузгача асфалтьлаштирилмаганлиги, кўчаларда намгарчилик ва зах сувлари кўплиги сабаб, қиш мавсумида ёш болалар ва қарияларга лойгарчилик қийинчилик туғдирмоқда. Шунингдек, мазкур ҳудудда электр таъминоти узлуксиз эмаслиги, трансформатор эскириб, яроқсиз ҳолга келганлиги, электр токи қуввати пастлиги, 4 йилдан буён маҳаллий дастурга киритиш режалаштирилиб келинаётган бўлса-да, ўзгариш йўқлиги кузатилган.

     Шундан сўнг, партия Кенгаши томонидан мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкилланди. Жумладан, Фарғона шаҳар ички ишлар  органлари фаолиятини мувофиқлаштириш  бошқармаси,  вилоят электр тармоқлари корхонаси, вилоят ободонлаштириш бошқармаси,  вилоят “Маҳалла” жамғармаси, Фарғона шаҳар ҳокимлигига алоқа хатлари юборилди.  Ва улар билан биргаликда Шаббода кўчасидаги аҳвол тўлиқ ўрганилди.

 Ўрганишлар натижасида аниқландики,  мазкур муаммолар борасида Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи,  3-сектор раҳбари Ҳаётжон Солиев томонидан  жорий йил 3 октябрь куни  ҳолат билан танишилган. Бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан ўрганиш ишларига асосан маҳаллада далолатнома тузилган. 2020-2021 йилларда Давлат дастурига киритилиши ваъда қилинган.  Афсуски, бу ваъдалар  фуқароларнинг кўнглига малҳам бўлолмади.  Чунки аввал ҳам  мазкур масалалар юзасидан шу каби мурожаатлар қилинган ва худди шундай жавоблар олинган. Яъни, 2018 йилнинг октябрь ойида ҳам муаммолар юзасидан Фарғона вилояти “Сувоқава” давлат унитар корхонасига ҳолат маълум қилинганда, №01-10/2076   сонли жавоб хати билан Шаббода кўчасига  3 км. ичимлик суви  тармоғи тортиш  ишларини  2019 йилдаги  давлат дастури асосида  бажарилиши  билдирилган. Фарғона шаҳар  ҳокимлиги эса 12.07. 2018 йилдаги № 2087-01-22 сонли жавоб хати билан  2018 йил 3-чорак  давомида  Шаббода кўчаси  тўлиқ асфальтлаштириб берилишини маълум қилган. Лекин бу маълумотлар фақатгина қоғозда қолиб кетди. 

  •  Шу ерда 20 йилдан буён яшайман,– дейди 54 ёшли Холмирза Давронов.  – Кўчаларимиз лой, ҳар  ким  ўз ҳолича истолба қўйиб  олган.  Об-ҳаво ўзгарса, бирор фалокат юз бермасмикан, деб хавотирда турамиз.     Ёмғир ёғса, кўчада юриб бўлмайди. Баъзан  болалар, келинчаклар лойда йиқилиб тушадилар. Улар  пойабзалларига  целлофан  кийиб юрадилар. Қарияларимиз эса умуман кўчага чиқолмайди. 2018 йилда бизга  камчиликларни бартараф этиш юзасидан ташкилотлар томонидан қоп-қоп ваъдалар берилган. Ўша пайтда биз роса хурсанд бўлган эдик.  Лекин, умидимиз пучга чиқди.  Мурожаатимизга жавоб хатлари олганмиз. Аммо  ижроси ҳақида  сўрасак,  мутасадди ташкилот вакиллари  бундан бехабар эканлиги,  маблағ ажратилмаганлиги ҳақида айтишади. Тўғриси, кимга ишонишни билмай қолдик.  Давлат идораларига ишончимиз  сўниб боряпти.  Бизларни алдаб улар нимага эришади?

  Отахон ҳақ.  Бу биргина унинг эмас, балки барча  мазкур муаммолар туфайли қийналаётганларнинг фикри. Давлат ташкилотлари ортидан югура-югура  чарчаган маҳалла аҳолиси бугун “қўлини ювиб, қўлтиғига урган”.    Эндиликда 3-сектор раҳбарининг ваъдалари ҳам уларнинг кўнглига тасалли эмас, “яна ваъдами”, “хом ҳаёл”, “бир хил шаблондаги жавоблар”  сингари гумонлар уруғини қадаяпти холос. 

 Камола ПОЛВОНОВА.

Ўзбекистон  “Адолат” СДП матбуот котиби.

0 0

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise
Close