ОНА ТИЛИМ, СЕН БОРСАН ШАКСИЗ, БУЛБУЛ КУЙИН ШЕЪРГА СОЛАМАН….

Read Time1 Minute, 1 Second

Ўзбек тилига эҳтиром байрами

Дарҳақиқат, она тилимизнинг булбул каломи янглиғ хуш оҳанги, жозибаси ва жилоси эл фарзандларини шоир қилди. Буюк мутафаккир Алишер Навоийдан то бугунги давр ижод аҳлига қадар қалам тутқазган тимсол   тилимизнинг ҳайратларга тўла сирли-сеҳрли оламидир.

Президентимизнинг  “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимиз нуфузини яна бир карра юқори поғонага кўтарди, қадрини юксалтирди.

     Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан вилоятимизда тантанали байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

      Қутлуғ сана – 21 октябрь куни Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий номидаги хиёбон вилоят фаоллари, маънавий-маърифий соҳа жонкуярлари, меҳнат фахрийлари, ижодкор-зиёлилар, талаба-ёшлар билан гавжум бўлди.

      “Тил бор экан-миллат барҳаёт” номли байрам тантанаси дебочасида вилоятимиз ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида  буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

    Эркин Воҳидов номидаги вилоят ижод мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан мушоира ташкилланди. Она тилимиз ҳақида шеърлар, Алишер Навоий ғазалларига  басталанган куйлар янгради.

      Байрам тадбирининг асосий қисми Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида бўлиб ўтди.

     Дастлаб тадбир иштирокчилари байрамга тайёргарлик жараёнлари, кўп миллатли халқимизнинг ўзбек тилига ҳурмат ва эътиборини акс эттирган лавҳаларни видеокўргазмалар орқали томоша қилдилар.

      Шундан сўнг вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқди ва она тилимизнинг мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида тутган ўрни, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида тилимизнинг жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ вилоятимизда Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг ташкил этилиши она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганишга замин яратганини эътироф этди ва йиғилганларни она тилимизга эҳтиром байрами билан табриклади.

     Ўзбекистон Респпубликасининг Давлат Мадҳияси янгради.

     “Она тилим-ифтихоримсан” мавзуидаги иншолар танлови ғолиблари эълон қилинди. Вилоят ҳокими ушбу иншолар танловида ғолиб бўлган вилоятимизнинг умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ҳамда ҳарбий қисм хизматчилари, ижодкорларни тақдирлади, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширди.

   Шундан сўнг вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшаётган бир гуруҳ жамоатчилик кенгаши вакилларига икки миллион сўмдан пул мукофоти тақдим этилди. Таниқли шоира, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Зухра Алиевага 25 миллион сўм пул мукофоти, Қўқон маданияти тарихи Давлат музейи директори Манзурахон Мансуровага “Спарк” русумли автомашина калитининг тантанали равишда топширилиши вилоятимизда маънавий-маърифий соҳа ходимларига эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.

     Байрам кечасида фарғоналик таниқли шоирлар янги ижод намуналаридан ўқишди.     Вилоятимиз санъат усталари томонидан театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Кечага ташриф буюрган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси Беҳзод Муҳаммадкаримов Иззат Султон ва Уйғун асаридаги Алишер Навоий образини саҳнада ижро этиб томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

                       ДИЛНИ ДИЛГА БОҒЛАГАН ТИЛ

    Байрам тантаналарининг илмий-амалий қисми Фарғона Давлат Университетида давом этди. “Филологиянинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда Қирғизистон, Тожикистон республикаларининг Ўш ва Хўжанд университетлари, Фарғона шаҳридаги Корея Халқаро Университети филиали профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этишди. Республикамиз вилоятлари олий ўқув юртлари вакиллари ҳам ташриф буюрдилар.

     Анжуманда ўзбек тилимизнинг қардош халқлари тиллари билан ўхшаш хусусиятлари, тарихий илдизи, зуллисонайн ижодкорлар ҳақида сўз юритилди.

     Олимлар ўзбек тилининг илмий-назарий асосларини кенг таҳлил қилдилар.

     Илмий-амалий анжуманда тилшунослик, адабиётшунослик, ўқитишнинг долзарб масалалари йўналишлари бўйича шўъба йиғилишлари ўтказилди.

  • Бугунги анжуман икки миллат дўстлиги азалий анъаналарининг давомийлиги ифодаси бўлди, – дейди Хўжанд Давлат университети доценти Шарифжон Тожибоев.-Маҳмуд Кошғарий, Юсуф хос Ҳожиб қаламига мансуб қадимий қўлёзма ёдгорликлари тожик миллатининг ҳам фахридир.  Бугунги кунда икки миллат ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ўзбек ва тожик тилининг ривожига муносиб ҳисса қўшади.

     Фарғона ихтисослашган санъат мактаби иқтидорли ўқувчилари ижросидаги мумтоз куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди.

                                Маъмура АБДУРАҲИМОВА,

                                 Камола ПОЛВОНОВА.

                                  “Фарғона ҳақиқати” мухбирлари.

Жахонгир МИРЗАМАТОВ олган суратлар.

0 0

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise
Close