Одамийлик сабоғи

Read Time15Seconds

МЕҲР РИШТАЛАРИ НЕГА УЗИЛДИ?

Ука данғиллама, ҳашаматли уйда яшайди. Салкам йигирма хона уй Оврупо усулида таъмирланган, жиҳозланган. Унинг бир ўғил ва бир қизи ҳали балоғатга етмаган.

Ака эса оиласи билан икки хонали уйда ижарада туради.  Аканинг ўғли ўн саккизга кирган куни уй-жой қураман, деб хорижга чиқиб кетди. Тўнғич қиз узатиладиган. Уканинг уйида хизматкор ишлайди. Аканинг аёли эса шаҳардаги супермаркетда фаррошлик қилади. Уканинг хотини гардеробидаги кийимларининг модадан қолганларини қаерга йўқотишни билмайди. Овсиннинг эгнида пальтоси йўқ.

Бу қандай адолатсизлик, қандай надомат бўлди-а?

Нега энди ака отасидан қолган уйга сиғмади?  Муроса қилиб ака-ука бирга яшашса бўларди-ку?!  Уканинг феъли торлик қилдими ёки ўртада жиддийроқ гап ўтдими?

Бу воқеликни кўриб изтиробга тушарканман, ота-боболаримизнинг оқилона тадбирлари ёдга келаверади. Улар ҳеч қачон  бир-бирлари билан уй талашмаганлар. Қозонлари битта қайнаган. У пайтлар муросанинг юки енгил бўлганмикин? Ака-укаларнинг фарзандлари бир уйда катта бўлишиб, қизлар бир уйдан узатилган. Болалар амакини  ака, унинг хотинини ая, деб улғайишган.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари, урушдан кейинги давр-ларда эри ёки ўғли фронтдан қайтмаган муштипар оналар қўрғонларини яқин қариндош–уруғларига хатлатиб беришган. Бева қолган аёллар акалари ёки укаларининг қарамоғида бир умр яшаб ўтишган. Бадиий асарларда бир оилада беш-ўнта боладан ташқари бева амма ёки бўйдоқ тоға образлари тасвирланади. Зотан, ёзувчи бу образларни тўқиб ёзмаган. Балки  бағрикенг элнинг ҳаётида кузатганларини ифода этган.

Узоқ йиллар бир хонадонда ака-укалар умргузаронлик қилиб, дорилбақога юз тутганларида қабрда ҳам қўшни бўлиб ётган инсонлар бизнинг ота-боболаримиз эдилар.

Таассуфки, бир-бирлари билан тўй-маъракада кўришиб, бошқа вақтда бир-бирларидан дарди ҳол сўрамайдиган жигарлар, ойда-йилда қорасини кўрсатиб қўядиган қондошлар кўпайди орамизда.

–  Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллар,– ҳикоя қилади Фарғона тумани, Аввал қишлоғилик 83 ёшли Носиржон ота. – Мен унда ёш бола эдим.  Маҳалламизга шаҳардан бир рус миллатига мансуб дўхтир киши келади-да, ижарага уй излайди.  Ҳадеганда унга алоҳида уй-жой топилавермайди. Отам дўхтирни чақириб  аввал меҳмон қилади. Кейин уни биз яшаб турган уй билан бир девор бўлган чорбоғга олиб киради. Эскироқ, қаровсизроқ бир уй, бир даҳлизли рўмолчадай ҳовли отамга  бувисидан мерос қолган экан. Шу уй сизники, бемалол яшайверинг, дебди отам меҳмонга. Орадан беш-олти ой муддат ўтгач, дўхтир уй ичини таъмирлайди. Кейин шаҳардан аёли, болаларини кўчириб олиб келади.  Ўша уйда улар узоқ йиллар истиқомат қилишди.Оила соҳиблари  оламдан ўтишгандан кейин иккала қизи бирин-кетин Москвага тиббиёт институтига ўқишга киришиб, ўша ерда қолиб кетишди. Маҳалла оқсоқоли бир бошпанасиз қолган оилани шу уйга кўчиртириб келган.

Ҳа, – дейди отахон ҳикоясига якун ясаркан. – Ҳаммамиз бу дунёда меҳмонмиз. Охир-оқибат бир-икки метрлик жойга борамиз. Шунча уйлар ортимиздан ҳувиллаб қолади.

Лафзида қатъий турадиган боболаримизнинг меҳр-оқибатини нима учун мерос қилолмадик экан-а?  Гоҳида оқшомларда ижарага арзонроқ уй излаяпмиз, деб юрган талабалар, ёш оилаларни учратганимда, янги келиннинг олиб келаётган сепи уйга сиғмайди, дея ўзи билан бирга яшаётган ўғли ва келинини ёш болалари билан ижара уйда яшаб туришга мажбур қилган аёлларнинг нолишларини эшитганимда, табаррукларимизнинг меҳр-оқибатларидан уларга ўрнак қилиб кўрсатгим келади.

Биз ора-сирада ака-укаларнинг меҳрсизлиги ҳақидаги воқеаларни эшитиб турамиз. Лекин тириклик занжирбанд айлаган хаёлимизга уларнинг машмашаларини яқин йўлатмаймиз. Инсоф берсин, ишқилиб деймиз-у, уларни бир марта инсофга чақириш қўлимиздан келмайди. Нима учун?  Чунки ҳозир сенинг ишинг нима, бор тошингни тер десачи ёки бировнинг оиласидаги ишларга бурнингни суқма дея, ҳайдаб солсачи, деган гумонлар бизни ҳақ гапдан қайтаради.

…Ука уч қаватли уйда яшайди. Яқинда онаси ва хотинини олиб муборак ҳаж ибодатини ҳам адо этиб қайтди. Ака тўрт қизи билан икки хонали “дом”да истиқомат қилади.  Яқинда ультратовуш текширув натижалари аканинг жигарига ёмон хасталик ташхисини қўйибди. Ичига чироқ ёқса ёришмайдиган аёли, унинг тўрт қизи уканинг ҳожи оши маросимида бировга тиш ёролмай,  елиб-югуриб хизмат қилишяпти.

Кимдир уканинг ёнини олади. Ука қайси бирини қилсин, ўзининг ҳам рўзғори, бола-чақаси бор. Ҳажга бориб-келишга, кутиб олишга ҳам озмунча харажат кетмади.

Ака ҳам феълига яраша яшаяпти, камбағал бўлса, ука айбдорми?

Бу гаплар меҳр-оқибат ришталарининг узилишига асос бўлолмайди. Буюк ватандошимиз Имом Исмоил Бухорийдан ривоят қилинган:  “Ҳаргиз мўмин бўлолмайсиз, ўзингиз яхши кўрган нарсани  эҳсон қилмагунингизча” қабилидаги ҳадиснинг моҳиятини англайдиган бўлсак, ўзгага раво кўрган яхшилигимиз ўзимизга ўн ҳисса бўлиб қайтажагига ишонишимиз керак. Зеро, ота-оналаримиз тириклик чоғларида ҳам, омонатларини топшириш пайтларида ҳам бизга насиҳат қилишади: «Сен каттасан, уканг, сингилларингга меҳрибон бўл, ёки сен кичиксан, акангни, опангни ҳурмат қил…»

Бинобарин, жигарбандларга ҳурмат ва эътибор  яхши амаллар билан қозонилади.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА.

0 0

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise
Close