Мол-дунёга ҳирс қўйганлар

Read Time2Seconds

Қайсар қайнона қилмишлари

Салимахон икки ўғлини бир кунда уйлантириш тараддудига тушди. Катта ўғли ўзига тўқ, бадавлат оилани қизига кўнгил қўйган, кичиги эса ўртача оила қизи билан ваъдалашиб қўйишган. Барча расм-русумлар ўтказилгач, тўй куни белгиланди.

Тўйдан бир ҳафта олдин келин уйини ясатишга келишилди. Катта келин томон бир кунда барча айтилган нарсаларни юборди. Мебель чет элники – нақд уйни тўлдирди, идиш-товоқ, парда, гиламу, якандоз-тўшаклар ҳаминқадар. Айниқса, мебель барчанинг оғзини очиб қўйди. Шунақанги жимжимадор, кўркам  қилиб ишланган, кўриб томоша қиласиз. Кираверишга гиламчалар тўшалиб, деразага  тувакларда турфа гуллар қўйилди. Хона қасрга айланди-қолди.

Салима холанинг оғзи қулоғида. Синглиси Карима билан суҳбатлашиб ўтириб унга деди:

– Синглим, анави кичик келин томонга бориб айт. Худди шу келинникидақа буюмлар олишсин. Осиб қўйган пардасини қара, биров ҳозир бунақа парда илмайди,  гилами ҳам кичкина. На чанг ютгичи бор, на кир ювиш машинаси. Ана катта келиндан ўрнак олишсин, келиб кўришсин. Акс ҳолда тўйни бузаман.

– Опа, ўзингизни босинг. Улар ойликка қараган оиладан бўлса. Шунча  нарсага  қаердан пул   топишади?  Битта гиламини ўзи фалон миллион сўм экан, мебелини-ку айтмай қўя қолай. Қўяверинг, ўзлари билганча ясатиб қўйишаверсин. Мен бормайман, қайси юз билан уни қилинглар, буни қилинглар, дейман уларга, – деган сингилни гапи оғзида қолди. Салима бобиллаб берди.

– Сен бормасанг, ўзим бориб айтаман, ўғлимни зўрға катта қилганман. Поччангни   дурадгорликдан  топгани рўзғорга ҳам етмайди. Ўғил боқиб қўйганман, энди роҳатини кўрай, десам бу ҳол…

Эртаси куни Салима хола қуда бўлмишникига бориб, қуда аёл билан гаплашиб қайтди. Қуда нима қиларини билмай боши қотди. Эрига бу ҳақда айтганди, тепа сочи тикка бўлиб, хотинига жаҳл билан: “Қаердан қарз оламан, қариндош-уруғ, дўстларимдан олганимни қандай узаман, деб турсаму… Яна қарз олинг, дейсан. Аммо мен буни шундай қолдирмайман. Маҳалласига бориб, раисга арз қиламан, уларни тўғри йўлга солиб қўяр.

   Отасининг гапларини эшитиб турган Гулнора хонасидан чиқди-да, «Отажон, тўй бўлмайди, бу хонадонга бормай туриб, шунча гап-сўз қилган  қайнона кейинчалик таъма қилаверади, у хонадонда бахтли бўлишга кўзим етмаяпти.  Бахтимни ўз тенгим билан топарман. Онасининг сўзидан чиқмаган орсиз  йигит билан турмуш қурмайман, онажон, бориб айтинг уларга. Биз сизларни тенгингиз эмасмиз, денг»– деганча йиғлаб кириб кетди. Отаси қизининг ақлли иш тутганидан дили ёришди.  Чунки қизи  тўғри гапни айтганди.

Тўй бузилганини эшитган маҳалла раиси, фаоллар Салима холани йиғинга чақириб, тўғри йўлга солмоқчи  бўлишди.  Аммо у айтганида туриб олди.  На эрнинг гапига, на уларнинг айтганини қулоғига олмади. Тўй бўлди, аммо битта келин туширди.  Бой келиннинг қилиғи  тўйдан сўнг чиқди. У на бир юмушни бажарар, на каттани, на кичикни ҳурмат қиларди. Эртадан кечгача телефонда гаплашиб, уйидан чиқмас, барча юмушни орзу-ҳавасга учган қайнонанинг ўзи бажарди. Дарди ичида қолган Салима холанинг кўзи кеч очилганди…

 Матлуба ТОЖАЛИЕВА.

0 0

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise
Close