ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИДА БАРЧАМИЗ ФАОЛ ВА ФИДОЙИ БЎЛИШИМИЗ ЗАРУР

Read Time4Seconds

Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг қўшма сессияси

Шу йилнинг 18 октбярь куни вилоят ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг қирқ тўққизинчи қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоят ҳокими ўринбосарлари, котибият мудирлари, вилоят ҳокимлиги бошқарма ва бўлимлари, банк, молия, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар раҳбарлари, вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялар раислари, шаҳар-туман ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Сессия ишини вилоят ҳокими, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.

  • Бугун ҳаёт ҳар куни янгиланяпти. Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида барчамиз фаол ва фидойи бўлишимиз зарур,-деди вилоят раҳбари. – Шу боис ҳар биримиз ўз фаолиятимизда, устувор вазифалар ижросини таъминлаш учун жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол ва фидойи бўлишимиз зарур. Бундан буён муштарак мақсадлар йўлида шунчаки лоқайд кузатувчи, томошабин эмас, жараённинг муҳим иштирокчиси бўлишимиз керак.

Сессия кун тартибига киритилган биринчи масала – 2019 йилнинг 22 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик ўкриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Орзигул Қозихонованинг маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, бу галги сайловларда вилоятимиздан 2 миллион 334 минг сайловчи иштирок этиши кутиляпти. Ҳозирги кунда вилоятда 1050 та сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва белгиланган тартибда фаолият олиб бориши учун изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни жараёнда халқаро матбуот маркази ташкил этилиб,сайлов жараёнига жалб этилаётган масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда.

Сессияда ушбу жараёнда сиёсий партиялар, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари масъулияти, фаоллигини янада ошириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида вилоятимизда алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Сессия кун тартибига киритилган мазкур масала бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Ҳожиаҳмедовнинг ҳисоботи эшитилди. Вилоятимизда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизими, кўп қаватли уйлар, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, иссиқлик ва кўмир таъминоти соҳасидаги мавжуд ҳолат таҳлил ва танқид руҳида ўрганилди. Ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда табиий газ таъминоти узлуксизлигини таъминлаш, вилоятимиз эҳтиёжи учун ажратилган 231 минг тонна кўмир тақсимотида талон-тарожликка йўл қўймаслик, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлашда сусткашликка йўл қўяётган Қувасой ва Қўқон шаҳри, Сўх, Бешариқ сингари туманлардаги маввжуд салбий ҳолатни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Вилоятимизнинг тоғ олди ва чегара ҳудудларидаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят бюджетидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилгани таъкидлаб ўтилди.

Кун тартибига киритилган кейинги масала юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳоджон Тошпўлатовнинг маърузаси тингланиб, унда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида вилоятимизда аҳоли истеъмоли ва ишлаб чиқариш учун реализация қилинган ун ҳажмлари бўйича ахборот берилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб этилди. Бу борада вилоятдаги 5 та дон комбинатлари, нон ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар олиб бориляпти. Кейинги йилларда вилоятимизда буғдой ҳосилдорлиги қувонарли даражада ошиб, ун ишлаб чиқариш сифати яхшиланди. Ҳозирги кунда вилоятда 77 минг тонна буғдой захираси яратилган. Шу боис вилоятимизда ун  ва маҳсулотлари нарх-навоси барқарорлигини таъминлашда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига соғлиқни сақлаш, халқ таълими тизимидаги муассасалар умумий овқатланиш шохобчалари йил охирига қадар буханка нонни йил бошида белгиланган нархда сотиб олишлари учун 7 миллиард сўм, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,4 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Сессияда вилоят соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳам муҳокама этилди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги муассаса негизида вилоятдаги бюджет ва жамоат ташкилотлари ходимлари учун замонавий тиббий-диагностика, соғломлаштириш мажмуаси барпо этиш масаласи депутатлар томонидан маъқулланди.

Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

0 0

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise
Close