Home » Главная » ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ОЙДИНБУЛОҚДАГИ ҚАБУЛИ

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ОЙДИНБУЛОҚДАГИ ҚАБУЛИ

Read Time3Seconds

Узоқ ва чекка ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Ш.М.Ғаниев томонидан 2019 йил 30 октябрь куни Бағдод туманининг Ойдинбулоқ қишлоғида оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда Қўқон шаҳри ва Бағдод, Бувайда, Риштон, Учкўприк туманларидан жисмоний ва юридик шахс-ларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Қабул жараёнида вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, прокуратура, ИИБ ва суд органлари ҳамда шаҳар, туманларнинг сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Қабулда жами 65 нафар фуқаролар қатнашиб, улардан бевосита вилоят ҳокимига 42 та мурожаат келиб тушди.

Қабул натижалари бўйича Қўқон шаҳар Тор кўчасида яшовчи Умида Болтабоеванинг соғлиғини тиклашга моддий ёрдам бериш тўғрисидаги, Қўқон шаҳар Муқимий кўчаси, 24-уй 38-хонадонда яшовчи Жалол Нурматовнинг ногиронлиги ва кам таъминланган оила эканлиги сабабли моддий ёрдам бериш тўғрисидаги, Қўқон шаҳар “Моҳигул” хусусий фирмаси раҳбари Мукаррам Юсупованинг банк кредити ажратишдаги муаммолар тўғрисидаги, Бағдод тумани Мустақиллик кўчаси 19-уйда яшовчи Одинабу Юлдашеванинг кам таъминланган оиласига моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ва бошқа қатор мурожаатлари жойида ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, қабулда келиб тушган бошқа мурожаатларни ҳам қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш бўйича масъул бошқарма ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Қабулдан сўнг қишлоқдаги 670 та хонадон муаммолари ўрганилди. Шунинг баробарида қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжини таъминлаш учун кўмир захираси яратиш, 200 та кам таъминланган оилаларга бепул кўмир тарқатиш чоралари белгиланди.

Сайёр қабулдан сўнг вилоят ишчи гуруҳи 1-гуруҳ ногирони Одинахон Йўлдашеванинг хонадонида бўлиб, оилавий шароити билан танишди. Қизи Бахтигул Йўлдашеванинг ҳам соғлиғи ёмонлашгани туфайли оиладаги моддий шароит ёмонлашганини ҳисобга олиб, вилоят ҳокимлиги томонидан кир ювиш машинаси ва моддий ёрдам, туман ҳокимлиги томонидан ҳам тикув машинаси ва моддий ёрдам берилди. Б.Йўлдашеванинг соғлиғини тиклаш ва ишга жойлаштириш масаласи бўйича чоралар белгиланди.

– Қизимни ўн йилдан бери даволатаман. Моддий аҳволимиз яхши эмас. Туман ҳокимлигидан, маҳалла-кўйдан хабар олишади. Бугун кўрмаган инсонларим келишди. Шунинг ўзи мен учун қанчалик қувонч бағишлади. Энг катта муаммоларимдан бири кир ювиш машинаси эди. Вилоят ҳокимига раҳмат, бугун менга кир ювиш машинаси совға қилишди. Тикув машинаси ҳам берилди, бугун яна ҳам ёшариб кетганимни ҳис қилдим, меҳнат қилгим келади, – дейди миннатдорчилик билан хонадон соҳибаси Одинахон Йўлдашева.

Сайёр қабулда Тошкент маданият ва санъат институти Фарғона минтақавий филиали кафедра мудири, халқ таълими аълочиси Умидахон Болтабоеванинг ҳам муаммолари ижобий ҳал бўлди. Опа узоқ вақт саломатлиги туфайли азият чеккан.

Ҳозир соғлиғини тиклаб, умрнинг қадрига етиб, ҳатто якшанба кунлари ҳам ижодий гуруҳ билан ишлашга рухсат олган. У.Болтабоевага 5 миллион сўм маблағ ва квартира ажратилди. Унинг дил сўзлари қуйидагича:

– 2017 йилда соғлиғим ёмонлашди, даволандим, ҳозир фаолиятимни давом эттиряпман. Инсонга кам умр бериларкан, шу даврда буни ҳис қилдим. Шунинг учун ишлашдан тўхтамайман. Бугун иккита масала бўйича мурожаат қилгандим, ижобий ҳал бўлди. Энг аввало, муҳтарам Президентимизга маданият ва санъат институти филиалининг очилганига, санъаткорларга катта эътибор берилиб, санъаткорлар уйининг қурилганига ўз миннатдорлигимни билдираман. Кам таъминланган болалар билан якшанба куни ҳам театр студияда ишлаётганимни эътиборга олиб, беш миллион сўм пул ажратилди, оилам билан уйга муҳтож эдик, квартира ажратилди, жудаям хурсандман. Бу эътибор Ўзбекистон Республикасида яшаётганимдан фахр туйғуларини беради. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг, вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг инсонийликларини, халқимизга эътиборлари, инсонлар юрагини, дардини вақт ажратиб тинглай билишларини кўриб, раҳмат дейман. Бошқа одамларнинг масалалари ижобий томонга ҳал бўлганини кўрдим. Бу эса мени ишлашга, яшашга, Ватанимга куч-ғайратимни сарфлашга ундайди.

Ишчи гуруҳ аъзолари шу куни қишлоқдаги  36-умумтаълим мактаби фаолияти билан танишдилар ҳамда янги қуриб битказилаётган мактабгача таълим муассасасини бориб кўрдилар.

Бундай тадбирлар фуқароларнинг розилигини таъминлаш ва аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Гулбаҳор Саидғаниева.

Зайлобиддин

 Йигиталиев олган сурат.

About Post Author

ferpravda.uz

administrator
0
Happy
0
Sad
0
Excited
0
Angry
0
Surprise