Боланинг ризқига хиёнат қилманг Таълим

Фарғона вилоятидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида ички ишлар органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Мактабгача таълим инсон камолида алоҳида ўрин тутади. Фарзандга дастлабки тарбия оилада ва боғчада берилиши ҳеч кимга сир эмас. Сўнгги йилларда бежизга мактабгача таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилинмаяпти. Зеро, жамиятимиз вакилларининг келгусида етук шахслар бўлиб етишишида мактабгача таълимнинг ўрни беқиёс. Бунда мактабгача таълим муассасаларида нафақат таълим берилиши жараёни, балки, болаларни саломатлигини алоҳида назоратга олиш лозим бўлади. Болаларнинг саломатлиги деганда энг аввало уларни ўз вақтида ва тегишли меъёрларда овқатланишини ташкил этиш назарда тутилади. Бироқ, жамиятимизда шундай шахслар борки, улар болаларга ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини талон-торож қилишдан тоймайди.

Тошлоқ тумани маъмурий судига Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан О.Юлдашева, Д. Аҳмадалиева ва М.Тўраевага Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 61-моддаси 1-қисми билан тўпланган маъмурий иш материаллари мазмунан кўриб чиқиш учун келиб тушди. 

Суд мажлисида қандай ҳуқуқбузарлик содир этилгани аниқланди?

О.Юлдашева Марғилон шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 10-мактабгача таълим муассасасида ошпаз, Д.Ахмадалиева эса ошпаз ёрдамчиси вазифасида ишлашади. Улар жорий йил 12 сентябрь куни тарбияланувчи болалар овқатига ишлатиш учун ўзларига ишониб топширилган 2 килограмм хом гўштни муассасага озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланиб келувчи А.Азизовга ушбу маҳсулотни келгусида сотиб юбориш мақсадида бериб юборган. Мазкур ҳолат вилоят қўриқлаш бошқармаси 9-алоҳида отряди ходимлари томонидан аниқланган. 

Бундан ташқари, М.Тўраева 14- мактабгача таълим муассасасида омборчи вазифасида ишлаб келиб, 12 сентябрь куни тарбияланувчи болалар овқатига ишлатиш учун ўзига ишониб топширилиб, омборда сақланаётган 2 килограмм 310 грамм хом гўштни ҳам сотиб юбориш мақсадида муассасага озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланиб келувчи А.Азизовга берган. 

– Суднинг қарорига кўра барча ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунда назарда тутилган миқдорда жарима жазолари тайинланиб, одил судлов таъминланди, – дейди Тошлоқ туман маъмурий суди раиси А. Акрамов. –Масаланинг ўзига хос тарафи шундаки, мурғак болалар учун давлат бюджети ҳисобидан ажратилган пул маблағлари эвазига сотиб олиниб, болаларни озиқлантириш учун муассасанинг масъул ходимларга топширилган ва овқатланиш меъёрларида энг муҳим озуқа ҳисобланган гўшт маҳсулотларини ана шу ходимлар томонидан ўзлаштирилиши ачинарли ҳолат. Балки, бу ачинарли ҳолат йиллар давомида содир этиб келингандир. Фақатгина энди аниқлангандир. “Кўза кунда эмас кунида синади” деб бежизга айтилмаган. 

М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *