Спорт баркамол авлодга қанотдир Спорт

Фарғона шаҳрида кўп тармоқли болалар спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди

Ҳар бир мамлакатнинг қуч-қудрати соғлом авлоднинг қиёфасида ва уларнинг эришаётган муваффақиятларида ҳам ўз аксини топади. Шу маънода юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди.

Президентимиз ўғил-қизларнинг спортга қизиқишини, интилишини ёш болалик давридан уйғотиш келгусида кўпдан-кўп эзгу мақсадларга пойдевор бўлишини жуда кўп ҳаётий мисоллар билан асослаб берган эди. Шу сабабли барча спорт мажмуалари замонавий спорт жиҳозлари ва малакали мураббийлар билан таъминланаётгани туфайли уларнинг қамрови тобора кенгайиб бораётир.

Ана шундай хайрли тадбирларнинг самараси туфайли Фарғона шаҳрида кўп тармоқли болалар спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Мажмуанинг очилиши муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддиновлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидладилар. 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси бунда муҳим аҳамият касб этаётгани, профессионал спортчиларнинг машғулотлар ўтказиши, маҳоратини мунтазам ошириб бориши учун зарур шароит яратилаётгани, натижада жаҳон миқёсидаги мусобақаларда атлетларимизнинг зафар қучаётганини эътироф этдилар.

Янги мажмуанинг рамзий калитини Фарғона шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлими вакиллари олқишлар билан қабул қилиб олдилар.

Спорт мажмуасини бунёд этишга камарбаста бўлган “426-хўжалик-лараро ихтисослашган кўчма механизациялашган колонна” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсаджон Исақов ҳамда корхонанинг бир гуруҳ қурувчи ва муҳандислари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Нуронийлар вакиллари ҳамда бокс бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси, жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов тадбир иштирокчиларини самимий табрикладилар.

Янги спорт кошонаси  2 йил давомида қуриб битказилди. Спортнинг якка кураш турларига ихтисослаштирилган 4 та зал ва 4 минг ўринли катта арена барпо этилди. Бунинг учун Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 40 миллиард 356 миллион сўм маблағ сарфланди. Эндиликда бу ерда ўғил-қизлар кураш, гимнастика, бокс, миллий кураш, каратэ, дзюдо, самбо каби 20 га яқин спорт тўгаракларида фаол шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилди.

– Соғлом бола соғлом инсон бў-либ вояга етади. Руҳи тетик, тани бақувват, фикри тиниқ бўлади, – дейди Фарғона шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Муроджон Дадабоев. – Ҳудудимизда мана шундай кўркам спорт саройининг бунёд этилгани, айниқса, ота-оналарни қувонтириб юборди. Бундай ғамхўрлик тинимсиз меҳнат ва дадил интилишларга ундайди. Ишонамизки, шундай муҳташам спорт масканимиздан ҳам Олимпиада чемпионлари, дунёни лол қолдиришга қодир авлод вакиллари етишиб чиқади.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган суратлар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *