Инновацион ғоя ва тажрибалар Жамият

Бу борада кейинги йилларда вилоятимизда бир қатор эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этиляпти

Айни кунларда вилоятимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик ва ғаллачилик, такрорий экинлар етиштириш борасида илмий-амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Шу боис қишлоқ хўжалиги тармоқларини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, инновацион ғоя ва технологиялар, илмий ишланмалар ҳамда ҳаётий тажрибалардан унумли фойдаланиш бўйича аниқ самараларга эришилаётгани қувонарлидир.

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Фарғона илмий-тажриба станцияси жамоаси томонидан илмий-амалий тажрибалар, соҳа истиқболини таъминловчи ўнлаб лойиҳалар бўйича илмий изланишлар давом эттирилмоқда. Фарғона илмий-тажриба станцияси олимлари томонидан амалга оширилаётган инновацион, илмий-амалий лойиҳалар шулар жумласига киради.

— Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ютуқлари, ҳаётий ва амалий тажрибаларни ўзаро мувофиқлаштириш борасидаги ҳаётбахш ислоҳотлар бизнинг фаолиятимизда ҳам яққол намоён бўлмоқда, – дейди Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Фарғона илмий-тажриба станцияси раҳбари, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Рўзибой Мусаев. – Бунинг самараси сифатида пахта ва буғдой етиштириш, мевазор боғлар парвариши, такрорий экинлар, соя ва кунгабоқарнинг серҳосил нав-ларини кўпайтиришга қаратилган ўнлаб лойиҳалар бўйича илмий изланишлар давом эттириляпти. Айни жараёнда экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш, фермер хўжаликларига серҳосил ва табиий иқлим шароитимизга мос навларни тавсия этиш, янги минерал ва маҳаллий ўғитларни пахта, ғалла, такрорий экинларда қўллаш сингари тажрибалар шулар жумласидандир.

Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) Насибжон Ўразматов инновацион лойиҳа, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Маҳмуджон Исомиддинов илмий-амалий лойиҳа, шунингдек, Назиржон Ўразматов, Мақсутали Ҳожиматов, Рўзибой Мусаевлар турли илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширмоқдалар.

Ҳозирги кунда бу ерда 20 дан ортиқ турли навлар бўйича тажрибалар давом этмоқда. Шу билан бирга яқин йилларда вилоят пахтачилигида кенг фойдаланиши кутилаётган 4 та истиқболли навлар – “С-7303”, “С-2120”, “С-6570”, “Зафар” навлари борасида тажриба жараёнида яхши самараларга эришиляпти. Бевосита вилоят олимлари меҳнати самараси бўлган “ЎзПИТИ-2201”, “Рошидон” навлари ҳамда мамлакатимизнинг таниқли олимлари билан ҳамкорликда синов жараёни кетаётган “С-9090” навининг илк натижалари яқин йилларда Фарғонада жаҳон бозорида харидоргир пахта ҳосили салмоғи ортиб боришидан далолат беради. Ўз навбатида Тошкент аграр университети талабалари – мустақил тадқиқотчиларининг илмий изланишлари ҳам эътиборга сазовордир.

Фарғона илмий-тажриба стан-цияси томонидан вилоятимиз қишлоқ хўжалигига инновацион ғоя ва технологияларни кенг жорий этиш мақсадида МДҲ давлатлари, Осиё ва Европа, Америка қитъаси мамлакатлари билан илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилмоқда. Белоруссия, Озарбайжон олимлари билан ҳамкорликдаги ишлар самараси туфайли такрорий экинларда янги органик модда – “ОМУ” (оргоно маъдан компост) илмий-амалий инновацион лойиҳа муваффақият билан ҳаётга татбиқ этиляпти.    

Қува туманида жойлашган илмий-тажриба станциясида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДУК Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги Қува бирламчи элита уруғчилик лабораторияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Ҳозирда Қува бирламчи элита уруғчилик лабораторияси мутахассислари томонидан ўзаро ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Қува бирламчи уруғчилик лабораторияси мудири, селекционер олим Мақсутали Ҳожиматовнинг қайд этишича, кейинги йилларда вилоятимизда қўшқатор усулида пахта етиштириш жадал ривожланмоқда. Шуни инобатга олиб олимларимиз қўшқатор экишга қулай, эртапишар, серҳосил, шохлаб кетмайдиган, агротехник тадбирлар ўтказиш осон бўлган навлар бўйича илмий изланишлар амалга оширилмоқда. Якунда олимларимиз томонидан яратилаётган янги, истиқболли ғўза нав-ларини уч йил мобайнида синовдан ўтказиб, юқори кўрсаткичга эга бўлган, тезпишар, серҳосил ва сифатли навларни республика уруғчиликни ривожлантириш марказига тавсия этилади.

— “С-8290”, “С-6775” навлари вилоятимиз иқлим шароитига мослиги учун фермер хўжа-ликлари унга катта қизиқиш билдиришмоқда,-дейди Фарғона илмий-тажриба станцияси раҳбари ўринбосари Насибжон Ўразматов. – Боиси мазкур навлар бўйича синов жараёни янги инновацион ғоялар, илм-фан ютуқлари ҳамда амалий тажрибалар асосида олиб бориляпти. Айни жараёнда олимларимиз ва фермерлар ўртасида самимий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, кутилган натижани олиш учун ўзаро ҳамкорлик кўлами тобора ривожлантириляпти.

Илмий-тажриба станциясида такрорий экинлар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, соя, кунгабоқар экинлари ҳосилдорлигини ошириш борасидаги илмий изланишлар ҳам эътиборга лойиқ. “Турли тупроқ-иқлим шароитларига мос ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини органик, минерал ва ноанъанавий ўғитлар билан самарали ҳамда экологик хавфсиз озиқлантиришнинг илмий асосланган йўлларини ишлаб чиқиш” лойиҳаси шу соҳадаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлиб, дастлабки илмий-амалий хулосалар олимларимизни қувонтирмоқда.

Бугун катта ҳаётий тажрибага эга тиниб-тинчимас олимлар, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Назиржон Ўразматов, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Маҳмуджон Исомиддинов бу борада ёшларга ўрнак бўлмоқдалар. Бу икки олимнинг алмашлаб экиш, такрорий экинлар ҳосилдорлигини ошириш борасидаги илмий изланишлари амалиётда яхши самара бермоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Фар-ғона илмий-тажриба станцияси илмий жамоаси вилоятимиз қишлоқ хўжалиги тармоқларини бугунги кун талаби ва эҳтиёжи асосида ривожлантириш, илмий ғоя ва технологияларни амалиётга кенг жорий этиш борасида доимо изланишда. Эътибор ва рағбат эса илмий-амалий изланишлар самарасини янада оширишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *