Фарғона пахтачилиги янги босқичда Жамият

Ёзёвон, Қўштепа ва Риштон

туманлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, давлатга пахта топшириш шартнома режасини бажардилар

Бу соҳа фаолиятига замонавий илм-фан ютуқлари ва ҳаётий тажрибалар кенг жорий этилаётгани ютуқлар бардавомлигини таъминламоқда

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта етиштириш соҳасида Фарғона вилояти ўз нуфузи ва салоҳиятига эга. Айни жараёнда инновацион ғоялар, илмий ва амалий тажрибалар ўзаро уйғунлаштирилаётгани сабабли кейинги йилларда вилоятимизда сифатли саноат хом ашёси – пахта етиштириш борасида қувонарли ютуқларга эришилмоқда.  

Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси сифатида жорий йилда вилоятимизнинг Ёзёвон, Қўштепа ва Риштон туманлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, 15 иш кунида давлатга пахта топшириш шартномавий режасини бажаришга муваффақ бўлди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда вилоятимизда 82 минг 100 гектар майдонга чигит қадаб, фермер хўжаликлари томонидан сифатли ва мўл ҳосил  етиштирилди. Вилоятда бу йилги пахта мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 1 минг 370 та терим отряди ташкил этилиб, 215 минг 200 нафардан зиёд теримчилар ихтиёрий пахта йиғиштириб олиш жараёнида иштирок этмоқдалар.

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий шакли – кластер тизими ўтган қисқа фурсат давомида ўзининг ижобий самарасини кўрсатди. Кластер тизимида пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасида самимий ҳамкорлик ва кооперация алоқалари босқичма-босқич йўлга қўйилиб, ушбу жараёнда барча иштирокчиларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги ошиб бориши таъминланмоқда.

Ўтган йили Риштон туманида “Rus-O’zbek teks” масъулияти чекланган жамиятида инновацион лойиҳа асосида пахта етиштиришда биринчи марта кластер усули қўлланилиб, юқори ҳосил олинишига эришилган эди. Бу йилда эса вилоятимиздаги 9 та туманда пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди ҳамда фермер хўжаликлари билан шартномалар тузилди.

Кластер тизимига ўтган Ёзёвон тумани фермер хўжаликлари давлатга 14 минг 800 тонна пахта топшириб, белгиланган режани бажаришди. Туманда “Баҳодир Лоғон текс-тил” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда 119 та фермер хўжалиги билан ўзаро ҳамкорликда 5 минг 210 гектар майдонда агротехник талаблар асосида пахтанинг серҳосил, эртапишар навлари парваришланди. Ёзёвонда энг фаол бўлган “Баҳромбек”, “Либерал инвест”, “Хумо”, “Одилжон Ғофуров Сатторович”, “Ҳайрулло” фермер хўжаликлари биринчи теримдаёқ 45-50 центнердан ҳосил олиб, шартномавий режани бажаришга эришдилар. 

– Олтиариқлик машҳур фермер Лолахон Муротовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиши барчамизга катта рағбат бўлди, – дейди “Баҳромбек” фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Мамадалиев. – Кластер корхонаси билан шартнома тузиб, ерни ҳайдаш ва экинига тайёрлаш, экиш ва ғўзани парвариш қилиш билан боғлиқ барча тадбирларда агротехник қоидаларга қатъий риоя қилинди. Натижада фермер хўжалигимиз тасарруфидаги 86,6 гектар майдондан ҳозиргача 363 тоннадан кўпроқ ҳосил олинди. Режа ортиғи билан уддаланди ва ўртача ҳосилдорлик 46-48 центнерга етказилди.

2019    йилги деҳқончилик йилида илк маротаба Қўштепа туманида “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти томонидан 7 минг 240 гектар майдонда кластер тизими асосида пахта етиштирилди. Бунинг самараси сифатида фермер хўжаликлари давлатга 19 минг 900 тонна пахта топшириб, шартномавий режани уддалашди. Туман миқёсида 165 та фермер хўжалиги билан шартнома тузилган бўлиб, уларнинг аксарияти пахта режасини қисқа муддатда ортиғи билан бажарди. “Ваҳобжон Абдуллажон ўғли”, “Турдалиев Мадамин”, “Рустам Равшанов ери”, “Абдурашид замин гавҳари”, “Насибахон Ҳабибахон файзли ери”, “Сойибжон Абдужаббор замини”, “Абдасхон ота”, “Роввот замин файзи”, “Иброҳимжон Маъруфжон файзи”, “Донишманд” сингари фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги 45 центнердан ошиб кетгани қувонарлидир.

-Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида хом ашёни қайта ишлаш ва саноатни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани соҳа ривожини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга,–дейди “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мўминжон Раззоқов. – Пахта-тўқимачилик кластерларининг ташкил этилиши вилоятимизда ҳам аграр соҳа тармоқлари замонавий мезонлар асосида ривожланишига хизмат қилмоқда. Дастлаб корхонамиз фақат калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлса, бугунги кунда пахта етиштириш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотгача бўлган барча жараённи қамраб олмоқдамиз. Албатта бу корхонамиз ва фермер хўжаликлари учун икки томон-лама манфаатли бўлмоқда.

Риштон тумани фермер хўжаликлари ҳам 5 минг 950 гектар ер майдонида 15 минг 900 тонна пахта етиштириб, белгиланган шартномани бажаришди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда “Rus-O’zbek teks” масъулияти чекланган жамияти жорий йил бошидан мўл ҳосил етиштириш чора-тадбирларини белгилади. Бунинг натижасида тумандаги фермер хўжаликларининг ўртача ҳосилдорлиги ҳар бир гектарга 30 центнерни ташкил этди. Мавсум уюшқоқлигини таъминлаш учун туманда 94 та йиғим- терим отярдлари фаолият кўрсатди.

Бу борада “Агроном Алиев”, “Аҳроржон”, “Ҳасанбой Ҳамдам”, “Мадамин Махсим”, “Шуҳрат файз замини”, “Дида АИД” фермер хўжаликлари  биринчи теримнинг ўзида 43-50 центнердан ҳосил олиб, режани ортиғи билан бажаришда риштонлик барча фермерларга ўрнак бўлдилар.

— Бу йил 39,3 гектар ерда сифатли саноат хом ашёси етиштириб, ҳар гектар ердан 31 центнердан сифатли пахта ҳосили йиғиштириб олинди, – дейди Риштон туманидаги “Отахонбой боғи” фермер хўжалиги аъзолари Одина Мўминова ва Зулфия Холмирзаева. – Мавсум бошидан буён 4,5-5 тоннадан пахта тердик. Терилган пахта пули ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинди. Пахтачиликда кластер усули ҳар томонлама манфаатли экан. Бундан жуда ҳам мамнунмиз. 

Мавсумда теримчиларнинг моддий манфаатдорлиги оширилгани, аниқроғи, терилган бир кило пахта учун аввал 1 000 сўмдан, сўнгра 1 200 сўм тўлангани муҳим рағбат бўлди.

Айни кунларда туманларда пахтакорларнинг юксак зафари катта шодиёна сифатида нишонланмоқда. Тадбирларда илғор фермер хўжаликлари ва теримчилар муносиб рағбатлантирилди. Санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари теримчиларга янада куч-ғайрат бағишламоқда.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган суратлар

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *