“IndoramaGroup” компанияси Иқтисодиёт

Фарғонада йирик лойиҳаларни амалга оширади

Сингапурнинг  “Indorama Group” компанияси директорлар кенгаши раиси Пракаш Лохия бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Мамлакатимизда бугунги кунда хорижий сармоядорлар учун қулай имкониятлар яратилаётганлиги сабабли янада янги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш кучли. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда қарийб 400 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатаётир.

Айни кунларда тўқимачилик, кимё, машинасозлик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби кўплаб соҳаларда дунёнинг 49 мамлакати вакиллари ўз бизнесларини юритмоқда. Улар орасида “Indorama Kokand Textile” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси етакчилик қилади. У Қўқон шаҳрида йирик ип йигириш корхонаси ташкил этган. Бу ерда йилига 55 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, юқори сифатли йигирилган ип тайёрланади. Энди эса кимё саноатининг яна бир корхонаси “Indorama Group” таркибига ўтди. Бу Қўқондаги суперфосфат заводидир.

Хўш, бу корхоналарнинг келажаги қандай бўлади, “Indorama Group”  вилоят кимё саноати ривожида нима учун иштирок этмоқчи?

Фарғона халқаро аэропортида меҳмонларни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев кутиб олди. Самимий мулоқот чоғида вилоятда компания сармояси иштирокидаги янги саноат корхоналари ташкил этиш истиқболлари муҳокама этилди.

— Қўқондаги корхонангиз учун муҳим бир янгилик бор, узоқ йиллик изланишлар туфайли бу йил ниҳоят пахтанинг янги “Фарғона” навини яратдик ва у вилоятимиз далаларида синовдан муваффақиятли ўтди, — деди вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев. –Бу нав юқори сифатли, микронейери юқори, тортими қаттиқ ва пишиқ толалидир. Биз уни бажонидил Индорама корхонасида сайқалланган ип ишлаб чиқиш учун тақдим этамиз.

— Бу биз учун катта совға бўлди, — деди жаноб Пракаш Лохия. — Индорама дунёда сайқалланган ип ишлаб чиқарувчи энг йирик компания ҳисобланади. Биз янги “Фарғона” навли пахта толасидан йигирилган ипни мамнуният билан жаҳон бозорига чиқарамиз. Ўйлайманки, у ғоят харидоргир бўлади. Дарвоқе, менга интернет тарқатган хабарлардан маълум қилишдики, бу йил Фарғонада мўл пахта ҳосили етиштирилибди ва ҳатто 15 иш кунида бирданига учта туманда уни биринчи бўлиб териб олибдилар. Фарғоналиклар муваффақиятига, қувончига биз ҳам шерикмиз. Самимий табрикларимни фарғоналик пахтакорларга етказишингизни сўрайман.

Пракаш Лохия бошчилигидаги делегация “Indorama Kokand Textile” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида ҳам бўлди. Йилига 93,7 миллион долларлик 

юқори сифатли йигирилган ип дунёнинг деярли барча қитъаларидаги мамлакатларга экспорт қилинмоқда.  Айни кунларда қўшма корхонада 1 минг 200  нафар ёшлар меҳнат қиляпти.

Амалий руҳда ўтган музокара чоғида вилоятда “Indorama Group” компания-си инвестицияси иштирокидаги янги корхоналар ташкил этиш масаласида дастлабки келишув қайд этилди.

164 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилган мазкур  қўшма корхонасидаги пахта толасини қайта ишлаш технологиясининг ноёблиги шундаки, унда толани дастлабки саралаш ва тозалашда айнан шу компаниянинг ўзигагина тегишли услуб яратилган. Шунинг  учун ҳам бу ерда  йигирилган тола нафислиги ҳамда мустаҳкамлиги билан фарқ қилади ва унга дунёда “сайқалланган толали ип” деган бренд берилган. Европа ва Америка тўқимачилик корхоналари унинг асосий харидоридир.

Қўқон суперфосфат заводи бир вақтлар мамлакатнинг кимё саноати тизимидаги йирик корхоналаридан бири эди. Аммо технологик ускуналар эскиргани, айланма маблағ етишмовчилиги ҳамда истеъмол бозоридаги рақобатда муносиб ўрин топишдаги муаммолари туфайли молиявий инқирозга учради. “Indorama Group” унинг 95 фоиз улушини сотиб олди ва 70 миллион тўғридан-тўғри инвестиция киритиб, бир йил ичида ишлаб чиқариш қувватларини йилига 100 минг тонна ўғитдан 350 минг тоннага етказиш мажбуриятини олди. Жаноб Пракаш Лохия заводда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар билан танишди. Корхона мукаммал реконструкция ва қайта қуришдан сўнг 2020 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти ишлаб чиқараётган минерал ўғитлар мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш, иқтисодиётни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Меҳмонлар жамият раҳбарияти ва мутахассислари билан ҳам учрашдилар. Мулоқот чоғида кор-

хона ишлаб чиқариш имконият
ва қувватларининг тақдимоти бўлди. “Indorama Group” компанияси  “Фарғонаазот” корхонасига инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда.

М. Сулаймонов,

ЎзА мухбири.

М. ҚОДИРОВ

олган суратлар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *