Устоз — қадри буюк муаллим! Таълим

Ўқитувчи. Бу сўз жаранглаши билан вужудимизда аллақандай илиқлик, ширин энтикиш, қалбимизда эса ажиб ҳаяжон пайдо бўлади. Сабаби, биринчи марта бизга ҳарф танитиб, қўлимизга қоғоз-қалам тутқазган, илм шуъласи томон етаклаган қалб соҳиблари – азиз устоз ва мураббийлар саналадилар.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деган сўзлари ўқитувчиларнинг машаққатли, айни вақтда олижаноб фаолиятларига берилган юксак баҳодир.

Барча саъй-ҳаракатлар “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилган экан, ўқитувчи мавқеи доимо давлатимиз раҳ-бари эътиборида эканлигини кўриш мумкин.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.

Президентимиз Фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълим ходими” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва  Дўстлик” орденлари, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар орасида  фарғоналикларнинг борлиги вилоят аҳлини қувонтирди.

Фарғона вилоят ҳокимлигида меҳнати қадр топган, ташаббускор устоз ва мураббийларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев барча таълим фидойиларини  1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий қутлади. Вилоятда фаолият олиб бораётган соҳа жонкуярлари меҳнатини алоҳида эътироф этиб, жамиятимизда меҳнатга яраша муносиб рағбат топаётганликлари ҳақида гапирди. Тақдирланган устозларни табриклаб, уларга мукофотларни тантанали равишда топширди.

– Жаҳонда бўлмаса муаллим агар, ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар,  — дейди Бағдод туманидаги 1-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг физика фани ўқитувчиси Зилолахон Сулаймонова. – Давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медалига сазовор бўлганим менга қўшалоқ қувончни ҳадя этди. Қадри буюк муаллим бўлганлигимдан ҳамиша фахрланаман. Табрикда таъкидланганидек, чинакам ватанпарвар бўлишга интиламан. Зеро, қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган устозгина ҳақиқий ватанпарвар
шахсни тарбиялай олади.

– Данғара туманидаги 33-умумтаълим мактабида француз тили фани ўқитувчиси бўлиб ишлайман, – дейди “Дўстлик” ордени соҳибаси Феруза Солиева. – Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқитиш сифати ва педагог ходимларнинг билим ва малакасини ривожлантиришга қаратилган “Замонавий мактаб” давлат дастурини амалга ошириш дои-мий эътиборда бўлиши менга қувват беради. Давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчиларга берилаётган алоҳида эътибордан бошим кўкка етганида, байрам арафасида мукофотланишим эса қувончимни янада оширди. Бор билим ва иқтидоримни шогирдларимга беришга, ўз ҳаётимни ёш авлод тарбиясидек шарафли ишга бағишлашга тайёрман!

Ўқитувчи ва мураббийлар куни вилоятда халқ сайлига айланиб кетди. Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройи ҳудудида таълим муассасалари томонидан байрам кўргазмалари ташкил этилди. Бу кўргазмалар ва китоб ярмаркаларида беш муҳим ташаббус ўз аксини топди, китобхонлик тарғиботини ошириш йўлида хизмат қилди. Ёш китобхонларнинг чиқишлари, ўқитувчилар иштирокидаги мушоиралар сайил иштирокчиларига завқу шавқ берди. 

Бир томонда туялар карвони, иккинчи томонда фольклор жамоаларининг яллалари. Илғор ўқитувчилар фаолияти акс этган фотолавҳалар. Қувноқлик ва байрамона кайфият. Устозларнинг шодон чеҳралари.

– Туманимиздаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби хор жамоаси сайил иштирокчиларига байрамона кайфият улашаётгани бизга ҳам фахр бахш этмоқда, – дейди Учкўприк тумани мактабгача таълим бўлими мудири Гулчеҳра Ҳамидова.  – Юртимизда боғча, мактаб, олий таълим даргоҳида фаолият олиб бораётган таълим ходимларининг меҳнатларини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилаётганлиги ҳар бир фарғоналик ўқитувчи ва мураббий  кўнглини кўтариб юборди.

Вилоят Театр-концерт саройида ўқитувчи ва мураббийлар шарафига катта концерт намойиш этилди.

 Унинг аввалида сўз олган Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова халқимиз ҳамиша устозлар қадрини сарбаланд тутгани, айниқса, бугун ўқитувчилар обрў-эътибори янада ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Устозни рози қилган халқгина буюкликка эришиши айтиб ўтилди. Эл ардоғидаги соҳа ходимларига аталган шеърлар янгради. Жонли овоздаги мақом қўшиқлари ижро этилди.

– Президентимиз томонидан устоз ва мураббийларга йўлланган табрикда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш борасидаги айтилган фикрлар мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида барчамиз биргаликда курашишимиз лозимлигини кўрсатади. Устозлар байрами тантанасида маҳаллаларнинг фаоллари ҳам тақдир-ланганликларидан хурсанд бўлиб кетдик. Ўқитувчининг обрўси баланд бўлар экан, унинг фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар рўй беради,  – дейди учкўприклик “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиби Тоиржон Обилжонов. 

Ҳаёт йўлларимизда дилдош, кўнгилларимизни ёритган қуёш бўлган устозу мураббийлар! Шогирдларингизнинг комил шахс сифатида камол топиши борасида уринишларингизда қалб ҳароратингиз асло сўнмасин! Сиз — келажак бунёдкорларининг масъулиятли меҳнати олдида ҳамиша бош эгиб, таъзимлар қиламиз. 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *