Фарғона вилояти ҳокими Ҳиндистон элчисини қабул қилди Расмий

Шу йилнинг 28 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят ҳокимлигида Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жани қабул қилди.

Маълумки, Ўзбекистон билан Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маънавий ҳамкорлик алоқалари ўзаро боғлаб туради. Асрлар давомида икки халқнинг қадрият ва анъаналари бир-бирига уйғун ҳолда ривожланиб келмоқда. Бу борада миллий қадриятлар, меъморчилик анъаналари, адабий мерос ва халқ оғзаки ижоди каби йўналишларда ўзаро ўхшаш жиҳатлар жуда кўп эканлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

  • Фарғонага хуш келибсиз, вилоятимизга ташрифингиз билан қутлайман,-деди вилоят ҳокими. – Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳалари бўйича ҳамкорлик кўлами тобора ривожланиб бораётгани барчамизни мамнун этади. Яқинда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида дунёнинг 80 дан ортиқ давлатлари қаторида Ҳиндистон пойтахтидан, Гужарат ва Бомбей шаҳарларидан ҳунармандлар иштирок этди. Икки томонлама ҳамкорлик келишувларига эришилди.

Самимий мулоқот давомида Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантиришда ҳудудлараро ва соҳалар бўйича ҳамкорлик муносабатларини кенг йўлга қўйиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Ўз навбатида Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жа самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, болалигидан жуда яхши биладиган Фарғона вилоятига ташриф буюрганидан жуда ҳам мамнун эканлигини айтди.

  • Айни пайтда Ҳиндистонлик жуда кўплаб тадбиркорлар юртингизга инвестиция киритиш истагида,-деди жаноб Сантош Жа. – Ишонаманки, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, текстиль, ахборот технологиялари, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги сингари истиқболли тармоқлар бўйича ҳамкорлик алоқалари икки томонлама ҳам манфаатли бўлади.

Элчи Қўқон шаҳри бўйлаб саёҳат унга жуда манзур бўлгани, ташриф доирасида вилоятимизнинг ипакчилик ва керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси билан яқиндан танишиш истагида эканлигини мамнуният билан изҳор этди.

Самимий суҳбат якунида Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев элчи жанобларига ҳамда Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Сантош Жа Фарғона вилояти ҳокимига эсдалик совғалари тақдим этдилар.  

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган суратлар       

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *