Сайлов кампанияси бошланди… Жамият

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан 2019 йил 22 декабрьмамлакатимизда вакиллик органлари – Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов куни деб белгиланди. Шу муносабат билан  2019 йилнинг 20 сентябридан сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди.

Қайд этилганидек, бу йил сайловлар Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партиясиўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга.

Навбатдаги сайловлар 150 та сайлов округида бўлиб ўтади. Унда           20 миллиондан ортиқ сайловчи, шу жумладан икки миллиондан зиёд ёшлар илк бор овоз бериши кутилмоқда.

Хўш, сайлов қонунчилигида қандай ўзгаришлар бор?

2019 йил 25 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ–544-сон Қонуни билан тасдиқланган (қонун расмий эълон қилинган кундан – 2019 йил 26 июндан эътиборан кучга киради) Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, айтиш мумкинки, сайлов қонунчилигини кодификациялаштиришда ўзига хос қадам бўлди. Сайлов кодекси кучга кириши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг 26 та қонуни у ёки бу даражада ўзгаришга учради. Жумладан, қуйидагилар ўз кучини йўқотди:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги 414-XII-сонли Қонуни;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кучга киритиш ҳақида”ги 415-XII-сонли Қарори;

3) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги 990-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган 518-II-сонли Қонуни таҳририда);

4) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тўғрисида”ги 991-XII-сонли Қарори;

5) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги 1050-XII-сонли Қонуни;

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги 1050а-XII-сонли Қарори;

7) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги 1051-XII-сонли Қонуни.

Демак, ушбу қонунлар тартибга солган муносабатлар Сайлов кодексида – яхлит ҳолда ўз аксини топди.

Унга қўшимча кодексда қуйидаги янгиликлар яққол сезилади:

— сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатишакллантириладиган бўлди (мазкур рўйхатваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси бўлиб, у ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади);

— сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида ҳам тайёрланиши мумкин;

— сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлишидек тенг сайлов ҳуқуқи принципи амал қиладиган доира кенгайтирилди. Унга кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. “Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун” ҳукм қилинганлар иштирок этмайдилар. Жиноят кодексига кўра, оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар; ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради. Демак, бўлажак сайловда ушбу тоифага мансуб бўлмаганлар ўз сайлов ҳуқуқини амалга оширишлари мумкин.

Худди шу мазмундаги ўзгартиш Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–563-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 117-моддасида ҳам акс этди.

Сайлов кампанияси – сиёсий кампания, сайлов кампанияси ахборот кампаниси ҳамдир. Узоқ йиллар мобайнида сайлов – танлов эмас, балки тайинлов бўлиб келгани ҳали кўпчиликнинг ёдида.  

Халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократиянинг жаҳонда тан олинган икки – бевосита ва билвосита (вакиллик) шаклларини тўлақонли юзага чиқариш фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ. Демократиянинг бевосита шакли айни сайловларнинг ўзидир. Сайлов ҳар бир шахснинг Конституциявий ҳуқуқи бўлиб, ўз юрти, Ватани тақдирига, эртанги кунига умид ва катта ишонч боғлаган, унинг келажаги учун қайғурадиган фуқаролик позициясидир.  Билвосита шакл ўз сиёсий эрк-иродасини, ўхшатиб айтиш мумкин бўлса, кейинги бекат – вакиллик органларидаги мухтор вакили – депутати орқали амалга ошириш имконидир.Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда қайд этилаётганидек, “қонунни 150 нафар депутат ўйлаб топади, аммо уни қандай четлаб ўтиш устида 33 млн. халқ бош қотиради”. Айнан “четлаб” ўтмаслик учун ҳам, ҳаволаки нормаларга ўрин қолдирмаслик учун ҳам, инсонпарвар қонунлар яратиш учун, қонун устуворлиги ва қонун олдида барчанинг тенглиги учун курашишимиз учун биздан кучли сиёсий ирода, қатъий позицияда бўлиш талаб этилади ва шундай бўлиши ҳам шарт.

 Модомики, давлатнинг бош ижтимоий вазифаси – ўз ҳудудида истиқомат қилаётган ва фаолият юритаётган турли миллат ва элатлар, қавмлар; турли диний конфессиялар вакиллари; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, турли жамоат бирлашмалари, касбий ва  ижодий уюшмалар ўртасида тинчлик, хавфсизлик ва жипсликни таъминлашдан иборат экан, ҳофиз айтганидек, битта хулосага келамиз: шу Ватанга бордир менинг керагим, шу Ватанга ёнар менинг юрагим.

Ҳаракатлар стратегияси асосида мақсад сари – миллий тикланишдан миллий юксалиш сари бораётган Ўзбекистонимизга хизмат қилиш, унинг кичик бир бўлаги, бир қисми бўлиш ҳаммамизга ва ҳар биримизга муборак бўлсин.

Миродилжон Баратов,

юридик фанлар доктори, профессор

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *