Мавсум фаоллари тақдирланди Маънавият

Жорий йил ёзги мавсумда болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида кўнгилли ва намунали дам олишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда  ҳар томонлама ижобий кўрсаткичлар билан якунлаш борасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва вилоят соғломлаштириш комиссияси томонидан  зарур тадбирлар олиб борилди.

Вилоятда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш июнь ойидан бошланиб, 28 августга қадар давом этди. 21 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда 13505 нафар, 121 та мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳларда 21100 нафар болалар дам олдилар. 

Мавсум давомида оромгоҳларда ташкил этилган 50 дан ортиқ тўгараклар болаларни ватанпарварлик, миллий ғурур руҳида баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг китобхонликка, чет тилларни ўрганиш ва спортга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан болаларни соғломлаштириш оромгоҳларини таъмирлаш учун 1,1 млрд. сўм маблағ ажратилиб, “Ҳумо”, “Юлдуз” ва “Нилуфар” оромгоҳларида капитал таъмирлаш, “Меҳнат — роҳат” ва “Шоҳимардон” оромгоҳида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Оромгоҳлар сони 19 тадан 21 тага етказилди ва “Шоҳимардон”, “Қалдирғоч” стационар оромгоҳлари қўшилди.

Жорий йилги ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этишда жонбозлик кўрсатган корхона, ташкилотлар ҳамда оромгоҳларда фаолият юритган энг фаол ва ташаббускор ходимларни рағбатлантириш мақсадида Қувасой шаҳридаги “Арсиф” сиҳатгоҳида  тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан тавсия этилган “Энг намунали болалар оромгоҳи” кўрик-танлови ҳамда “Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми ташкилотчилари ҳамда болалар оромгоҳлари ходимлари” танлови ғолиблари рағбатлантирилди. “Энг яхши оромгоҳ бошлиғи”, “Энг ғамхўр ҳомий”, “Энг яхши маъмурий ходим”, “Энг масъулиятли ташкилотчи”, “Энг намунали стационар оромгоҳ”  сингари номинацияларда ғолибларга қимматбаҳо совғалар ва диплом топширилди.

 – Оромгоҳдаги кунлар спорт  тадбирлари билан янада мароқли ўтади, – дейди  Халқ таълими бўлими тасарруфидаги “Нилуфар” болалар соғломлаштириш оромгоҳи  спорт йўриқчиси, “Энг яхши спорт мураббийи” номинацияси ғолиби Ихтиёржон Эргашев. –   Шунинг учун режа-жадвал асосида спорт ўйинлари, беллашувлар, мусобақаларни  юқори савияда ва қизиқарли ўтказишга ҳаракат қилдик ва ишонамизки, натижа кутилганидек бўлди.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *