Тадбиркорга имконият яратиб берилади Иқтисодиёт

Ҳудудларга инвестицияларни кўпроқ жалб этиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ишбилармонлик муҳитига қулай шароит яратиш мақсадида тузилган Фарғона вилояти ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Қувасой шаҳрида тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди.

Қувасой шаҳрининг Пакана маҳалла фуқаролар йиғинида фаолиятини бошлайдиган “Цемент техно сервис” масъулияти чекланган жамиятида йилига 80 минг дона, 57,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 80 нафар қувасойликнинг иш билан банд этилиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳа амалга оширилса, қурилиш учун ишлатиладиган жаҳон талабларига жавоб берадиган керама гранит плиталар, сифатли маҳсулотлар ички ва ташқи бозорга чиқарилади.

Паканадаги “Исфайрам” қурилиш МЧЖнинг паррандачилик ва тухум ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ҳам аҳолига арзон тухум етказиб бериши билан аҳамиятлидир. Бу ерга Италиядан энг замонавий технологиялар келтирилди, айни кунларда эса 120 минг бош жўжа парвариш қилинмоқда. Бир йилда 8,7 миллион дона тухум олинадиган ушбу корхонада 60 нафар янги иш ўрни яратилгани эътиборга молик.

Ишчи гуруҳи раҳбари томонидан бу ерда товуқчилик кластери ташкил этиш муҳимлиги, мазкур корхонага ер майдони ажратиб берилишига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунда дон етиштирилиб, ҳам давлатга ғалла сотилади, ҳам бу корхона учун ем етиштирилади.Товуқлар учун озуқа қанча арзонга тушса, тухумнинг таннархи ҳам шунча пасаяди.

“Исфайрам” қурилиш МЧЖнинг гидропоника усулидаги иссиқхонаси ҳам ишчи гуруҳи эътиборида бўлди. Янги парвариш этилаётган помидор кўчатлари жорий йилнинг декабрида ҳосилга киради.

“Мунис мебель” корхонасининг раҳбари Аъзамжон Қосимов ёш тадбиркорлардан. 5 нафар ишчи билан фаолият бошлаган бу корхонада ишчилар сони 50 нафарга етди. 20 хилдан ортиқ сифатли мебель маҳсулотлари тайёрланяпти ва қўшни республикаларга ҳам унинг экспорти амалга ошириляпти.

Президентимиз бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳудудларда кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Марғилон шаҳрида амалга оширилган ишлар атрофлича ўрганилди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳамда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи аъзолари шаҳардаги “Генероусваллей трединг” МЧЖга қарашли мева-сабзавотларни қадоқлаш корхонасининг иш фаолияти билан танишдилар. Бу ерда асосан юртимизда етиштирилган мева ва сабзавотлар замонавий ускуналарда қадоқланади.

Унинг йиллик қуввати 15 минг тоннани ташкил этади. Шунингдек, келгусида бу ерда йиллик қуввати 2211 тонна бўлган қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилади. Натижада 2020 йил 4-чоракда яна 10 тадан зиёд ишчи ўрни яратилади. 2-босқичда ишга тушадиган қўшма корхонада эса 7775 тонна мева-сабзавотларни қайта ишлаш режалаштирилган. 2021 йилнинг 2-чорагида ишга тушадиган мазкур корхонада 70 нафар ёшлар иш билан банд бўлади.

Шундан сўнг шаҳарда иш бошлаган тадбиркор Аҳаджон Абдуллаев томонидан 3 миллиард сўм маблағ сарфланиб, ишга туширилган “Диёр” меҳмонхонаси билан танишилди. Меҳмонлар учун бу ерда барча шароитлар яратилган. Марғилонда ҳам ўрганишлар натижасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев юртимизда хусусий сектор вакилларига яратиб берилаётган имкониятлар хусусида атрофлича сўз юритди. Бугун ўз бизнесини  муваффақиятли йўлга қўяётган тадбиркорларга ҳар томонлама амалий кўмак беришини таъкидлади.

Бугунги кунда шаҳарда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг 367 таси умумбелгиланган солиқ турларини тўлашга ўтганлиги йиғилишда айтиб ўтилди. Аммо уларнинг сонини ошириш зарур. Кичик бизнес соҳасида қабул қилинаётган қонунлар, вилоят раҳбари томонидан Президент фармон ва қарорлари, уларда белгилаб қўйилган имтиёзлар мазмун-моҳиятини соҳа вакилларига атрофлича тушунтириш зарурлиги таъкидланди. Чунки бугун ишлаб чиқариш жараёнлари янги лойиҳалар асосида йўлга қўйиляпти. Уларда хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама манфаатли алоқалар мустаҳкамланяпти, бу ўз-ўзидан тадбиркорлар малакасини оширишни тақозо этмоқда.

Йиғилишда тадбиркорларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, таҳлил қилинди. Соҳани ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Вилоятимиз шаҳар ва туманларида тадбиркорлар ва фермерлар билан бундай учрашувлар давом этмоқда.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *