Қўқон театри томошабинлар учун 104-маротаба эшикларини очди Маданият

Ҳар бир соҳанинг ўз фидойилари бўлади. Ҳеч бир манфаатни кўзламай касби учун жонини беришга ҳам тайёр фидойилар борки, соҳалар ривожланади, илм-фан юксалади. Театр фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азимжон Азизов ана шундай фидойилар ҳақида “Нейрон” асарини ёзди ва театр жамоаси томонидан маҳорат билан саҳналаштирилди. Қўқон мусиқали драма театрининг 104-мавсуми “Фидоий” деб номланган ушбу спектакль премьераси билан томошабинларга ўз эшикларини очди.

Тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Лолахон Назирова ҳамшаҳарларимиз, театр ва санъат ихлосмандларини янги театр мавсуми очилиши билан қутлади.

Театр ҳаётнинг саҳнадаги акси эканлиги, театр санъатининг Ватани бўлган шаҳримиздан йирик маданият ва санъат намояндалари етишиб чиққанлиги, Қўқон театри саҳнасида кўплаб йирик асарлар намойиш этилганлигини таъкидлади. Бу отахон театрда бугунги кунда ҳам жамият ҳаётидаги жараёнларни холис ва ҳаққоний акс эттирувчи, тарихий қаҳрамонлар ва замондошларимиз сиймосини гавдалантирган саҳна асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилиб келинаётгани, Ўзбекистон Халқ артисти Шафоат Раҳматуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, театр режиссёри ва рассоми Азимжон Азизовлар яратган устоз-шогирд мактабидан етишиб чиққан ўнлаб маҳоратли актёр ва актрисаларнинг меҳнатлари самарасида Қўқон мусиқали драма театрида давр руҳига ҳамоҳанг асарлар яратилаётганини эътироф этди.

Тадбирда сўз олганлар театр жамоаси учун янги мавсум сермаҳсул ва ютуқларга бой бўлишини тиладилар. Жамоанинг келгусидаги спектаклларида ҳам томошабинлар эътиборига эзгулик, юртпарварлик, инсоний фазилатларни камол топтиришга хизмат қиладиган сермазмун, ҳаётий асарлар тақдим этилишига ишонч билдирилди.

Томошабинлар аския дарғалари Жўрахон Пўлатов ва Акрамжон Анваровларнинг беғараз пайровларидан баҳра олишди.

Шундан сўнг саҳнада шифокорнинг бемор хатто ўз рақиби бўлсада унинг соғайиши учун бор тажрибасини сарфлаш, ўз касбига умрбод содиқ қолиш учун қилган қасамёди янгради. Меҳр қўйган касби – беморлар дардига шифо бўлиш, тиббиётда янги бурилиш ясаб, кўплаб инсонларга соғлом ҳаёт бағишлашни ният қилган, бунинг учун ўзини қурбон қилишга ҳам шай бўлган фидоий тиббиёт ходими ҳақида ҳикоя қилувчи “Фидоий” спектакли намойиш этилди. 

Ҳисобчи хато қилса унинг хатосини жадваллар тўғрилаши мумкин аммо олмос тиғ ушлаган жарроҳнинг хатосини тузатиб бўлмайди. Шу маънода тиббиёт соҳаси энг масъулият талаб касблардан биридир. Айтишларича, тиббиёт рамзи авваллари қадахга ўралган илон эмас, ёниб тугаб бораётган шам бўлган.

Яъни, шам каби ёниб яшаб, атрофдагиларга нур улашиш учун ўзини қурбон қилишга ҳам тайёр бўлиш кераклигини англатган. Спектакль бош қаҳрамони – тажрибали, изланувчан шифокор-жарроҳ Талъат Иброҳимов ҳам худди шундай инсон.

У мен тиббиётнинг қулиман, тиббиёт учун хизмат қиламан, дея не-не синовларни енгиб ўтади. Тақдир тақозоси билан бир пайтлар суйган қизини тортиб олган инсон, яъни рақибини жонлаштириши керак бўлади. У бор маҳоратини сарфлаб, ҳеч иккиланмай мураккаб жарроҳлик амалиётини бажаради. Афсуски, тиббиёт илми ожизлик қилиб, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда бемор ҳаётини сақлаб қола олмайди. 

Саҳна асарида бу шифокор бошига ёғилган мусибатлар, унинг қамоқдалик пайтидаги изтироблари, қандай оғир вазиятларга тушмасин, нейронлар билан боғлиқ илмий изланишлардан бир зум бўлсада тўхтамаганлиги акс этган. У кейинчалик ҳаётини хавф остига қўйиб, ҳамкасбларидан ўзининг устида тажриба ўтказишни, яъни тана аъзоларини бошқарадиган чап миясини операция қилишни ўтиниб сўрайди. Минглаб нейрон – хужайралар орасидан айнан қўли ва оёғининг ишлашига ҳалал бериб турган ўлик нейронни топишларида йўл кўрсатади. Вабони кашф этган шифокор вабо таёқчаларини ўз қонига юбориб, тажриба ўтказгани ва вафот этса-да инсоният ҳаётини асраб қолгани каби бир қатор мисоллар келтириб, ўзида тажриба жарроҳлиги ўтказилишига эришади.

Шу тариқа тиббиёт оламида биринчи бор нейрон операцияси муваффақиятли амалга оширилади.

Режиссёр Валишер Юнусов саҳналаштирган спектаклни томоша қилар эканмиз, театр жонли ижро эканлиги, кино санъатидан мана шу жиҳати билан бирмунча фарқланиши ва жозибадорлигини ҳис этамиз.

Театр мавсуми очилиши муносабати билан, шунингдек фойеда Қўқон театри тарихидан дарак берувчи суратлар кўргазмаси ташкил этилди.

Актёрлар томонидан турли спектакллар қаҳрамонлари гавдалантирилди ва томошабинларга манзур бўлди.

«Қўқон садоси» газетаси веб-сайтидан олинган

Суратлар муаллифи: Умархон Турсунхўжаев.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *