Дилларни боғлаган дўстлик байрами Маданият

Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг фан, маданият адабиёт ва санъат соҳасидаги анъанавий алоқалари қадим тарихга эга. Аждодларимиз минг йиллар мобайнида дўстона борди-келди қилганлар. Халқларимизнинг тарихи, маданияти, тийнати, дини умумий, маънавий қадриятлари, анъана-ю урф-одатлари муштаракдир. Икки элнинг қалб яқинлиги бугун ҳам ҳамкорликнинг турли йўналишларида намоён бўлмоқда. Кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган муносабатлар айниқса, сўнгги йилларда изчил ривожланяпти. Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этиб, қадимий қадриятларимизга айланган адабий дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, давлат ва жамоат арбоби Ганира Пашаева, бир гуруҳ озар диёрининг ижодкорлари, адабиёт ҳамда маданият соҳаси вакиллари Фарғонада бўлдилар. Кўтаринки руҳда бошланган маърифий тадбирлар икки элнинг шеърият, маънавият байрамига айланиб кетди.

Озарбайжонлик меҳмонлар Марғилондаги “Ижодкорлар боғи”да карнай-сурнай садолари остида нон ва ширинликлар билан тантанали кутиб олиндилар.

Дастлаб адабиёт байрами иштирокчилари Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, эҳтиром кўрсатдилар. “Ижодкорлар боғи”да жойлашган музейда ардоқли шоирнинг ҳаёт ва ижоди ҳақида  меҳмонларга қисқача маълумот берилди.

Шундан сўнг Эркин Воҳидов номли ижод мактаб-интернатида хассос шоира Ганира Пашаева билан учрашув ўтказилди. Ёзувчилар шоирлар, бадиий адабиёт мухлислари, ўқитувчилар, ёш ижодкорлар иштирок этган мазкур тадбирда тарихий, маданий жиҳатдан ўзбеклар ва озарбайжонлар бир-бирига жуда яқинлиги кўп бора таъкидланди.

Меҳмонларга фарғоналик ёш истеъдод эгалари ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Ўқувчиларнинг шеърларидан тингланди.

Етук журналист, хассос шоира Ганира Пашаева озарбайжонлар ҳамиша ва ҳамма жойда ўзбекларни ўзларининг биродарлари деб билиши,  томирлари бир бўлган туркий халқлар эканлигимизни эътироф этди. Унинг ҳар бир ёниқ сўзида, кулиб турган юзида чинакамига ватанпарварлик туйғуларини кўриш мумкин. Миллий Билимлар Академиясининг профессори, Евросиё Халқаро Изланишлар Институтининг раҳбари бўлган бу журналист аёлнинг нафақат Озарбайжон, балки Ўзбекистонга бўлган чексиз муҳаббати ҳам учрашув давомида яққол кўзга ташланди.

Самимий кечган мулоқот давомида “Айриларми кўнгил жондан, Ўзбекистон Озарбайжондан”, дея юракдан сўзловчи, қатор мукофотлар соҳибаси Ганира Пашаеванинг қаламига мансуб ашъорлар, қўшиқлар янгради.

Учрашувда биродарлик, миллатлараро тотувлик барқарор юртларда ижодий муваффақиятларга эришилиши айтиб ўтилди, икки давлатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги бардавом бўлишига тилаклар билдирилди. Азиз меҳмонларга вилоят ҳокимининг совғалари, ҳунармандчилигимиз намуналари топширилди.

– Ватанимдан Ватанимга келдим, – дейди биз билан суҳбатда шоира Ганира хоним. – Юрагимнинг тўрисида ҳамиша Ўзбекистонга нисбатан буюк ва суюк туйғу бор. Ўзбек халқига бўлган бу оташин меҳрни қалбимга ота-онам солиб қўйган. Бугун икки халқ янада қадрдон бўлсак, бир-биримизга елка тутсак, бизнинг фарзандларимиз ҳам шу дўстона муносабатларни чин дилдан давом эттирадилар, бир-бирларига қўл чўзадилар. Европа мамлакатларида, Америкада, ривожланган жуда кўп жойларда бўлдим, лекин Ўзбекистондек бетакрор диёри кўрмадим. Шу юртга кўз тегмасин!

Куннинг иккинчи ярмида маърифий тадбирлар Қўқон шаҳрида давом этди. Латиф шаҳардаги “Шоирлар хиёбони”да гул қўйиш баробарида Амирий, Нодира, Увайсий, Махмур, Завқий, Фурқат, Ҳазиний, Чархий каби шоирлар шеърларидан баҳраманд бўлинди. Озарбайжонлик ва пойтахтлик меҳмонлар “Буюк алломалар музейи” билан танишдилар.

Қўқон шаҳри, унга яқин туманларда фаолият олиб бораётган она тили ҳамда адабиёт фани муаллимлари, шеърият мухлислари йиғилган 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида озарбайжонлик давлат арбоби, сиёсатчи, киношунос Ганира Пашаева билан дилдан суҳбат ташкил этилди.

Тадбирни Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова очиб, Озарбайжон адабиётининг буюк сиймоларидан бири шоир Низомий Ганжавий ижоди ўзбек адабиётига катта таъсир кўрсатгани, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов эса Фузулий ижодига  алоҳида меҳр билан қараганини қайд этди.  Ўзбекистон Қаҳрамони “Фузулий ҳайкали қошида” номли  шеърида ҳайрат ва муҳаббат билан шундай ёзади:

Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,

  Бунчалар серишва, бунчалар серноз?

 Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо

Фузулий шеърига ошиқлигим рост.

Юзма-юз мулоқот чоғида Президентимизнинг шу йил октябрда Озарбайжонга бўладиган ташрифи қонимиз, томиримиз, сўзимиз, маънавий сарчашмамиз бир бўлган туркий халқлар вакиллари эканимизни исботлаб, дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида катта ва хайрли қадам бўлиши ҳақида айтилди.

Ижодий кечада “Kitob dunyosi” газетаси бош муҳаррири Хосият Рустамова томонидан ўзбек тилига таржима қилинган Ганира Пашаеванинг шеърлари ёш хонандалар ижросида куйланди. Қўқонликларга меҳмонларнинг совғалари тақдим қилинди.

Эзгулик йўлида ҳамиша дўст ва қардош бўлган икки эл шу каби адабий алоқалар орқали янада бир-бирига яқинлашади.  Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаяди, кўнгиллар кўнгилларга туташаверади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *