Ташаббускор раис Жамият

Сўх туманидаги  “Ҳазрати Али” маҳалла фуқаролар йиғинида кейинги йилларда тадбиркорликка кенг йўл очилиб, аҳолининг даромад манбаи ва фаровонлиги тобора яхшиланяпти.

Маҳаллада боғча ва мактаб, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, савдо дўконлари фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда 3 нафар тадбиркор  қолипли ғишт ишлаб чиқараётган бўлса, яна бир тадбиркор ҳунармандчиликни йўлга қўйиш орқали туманда саноатни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшяпти.

Охирги йилларда “Ҳазрати Али” МФЙда ечимини кутаётган муаммолар кўпайиб қолганди. Маҳалла аҳлини бир мақсад йўлида бирлаштириб, белгиланган вазифаларни уддасидан чиқа оладиган номзод топиш лозим эди.

Маҳалла раиси сайловида Субҳонали Нишонов маҳалла раиси этиб сайланди.

У ишни даставвал маҳалладаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг шароитини  ўрганишдан бошлади. Тез фурсат ичида 7 та кам таъминланган, 38 та эҳтиёжманд оилалар маҳалладаги  ҳомий тадбиркорлар  кўмагида ун, пахта ёғи ва  бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. 

Маҳалла фуқаролар йиғинининг “Санги сиёҳ” маҳалла аҳолиси ичимлик сувидан қийналиб, узоқ жойдан сув ташиб келар эди. Шундай кунларнинг бирида  тадбиркор Валижон Тўйчиев раис  олдига келиб, муборак ҳаж сафарига боришдан олдин маҳалладошларининг мушкулини осон қилиш учун ўз ҳисобидан маҳаллага сув чиқариб беришини билдирди. Раис таклифни қўллаб-қувватлади, маҳалланинг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоси ҳал қилинди. Тадбиркор саксон миллион сўм пул сарфлаб,  уч юз хўжаликни тоза ичимлик суви билан таъминлади.

Маҳалла марказидан “Ҳазрати Али” зиёратгоҳигача  бўлган бир чақирим узунликдаги ўнқир-чўнқир йўлни асфальтлаш лозим эди. Бу борада раис туман ҳокими Ф.Ўсаров ва бошқа мутасадди идораларга бир неча бор мурожаат қилди ва иккинчи сектор раҳбари — туман прокурори  Ф.Абдувалиевнинг ёрдами билан йўл асфальтланиб, маҳалла аҳлининг жонига оро кирди.

Зиёратгоҳдаги  27 та  айвон маҳалла аҳли томонидан ҳашар йўли билан таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Тадбиркорлар — А. Жумаев, Б. Аҳмедов, Р. Ҳасанов, Ж. Ортиқов, Д. Жалонов, Ғ. Сожиевлар зиёратгоҳга янги замонавий дарвоза қуриб беришди.

Маҳалламизда саховатли  инсонлар тобора кўпайиб бормоқда. Тадбиркор Ғуломжон Нишонов 300 метр қишлоқ ички йўлини асфальтлаб, Парвоз Шарипов  эски қабристон атрофини тўсиб берди. 5-сонли умумий ўрта таълим мактабига маҳалла ҳисобидан 100 метрли қувур берилди ва сув ўтказилди.

Маҳаллада ҳамжиҳатликни таъминлаш, қурилиш, ободончилик ишларини олиб бориш, фуқароларнинг яшаш тарзини мунтазам ўрганиб боришда раисга Бобоҳожи Аҳмедов, Акбарали Дадақозиев, Субҳонидин Тожибоев, Шамсиддин Хидиров, Эркин Сунатов, Сайфиддин Шодиев, Лола Хўжаева, Азим Кимсанов, Шуҳрат Урунбоев, Бобо Тўйчиев каби маҳалла фаоллари яқиндан ёрдам бермоқдалар.

Маҳалладаги бирдамлик, раиснинг ташкилотчилиги туфайли ҳали маҳалламиз янада обод гўшага айланади.

Аминжон  ҲАКИМОВ, меҳнат фахрийси, Сўх тумани.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *