Вакциналар сақлаш учун янги омбор Тиббиёт

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида кенгайтирилган иммунизация дастурига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимида юқумли касалликларни камайтириш, тугатишда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўнгги ўн беш йилда аҳолини профилактик эмлаш билан қамраб олиш ҳамда вакциналар таъминотида яхши натижаларга эришилмоқда.

Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида Фарғона вилоятида ҳам инфекцияга қарши курашиш ва тинч эпидемик ҳолатни ташкиллаштириш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди. Охирги йилларда вилоятимизда профилактик эмлаш билан қамраб олиш кўрсаткичлари 98 фоиздан ҳам юқори бўлиб келмоқда.

ЖССТ, ЮНИСЕФ, ГАВИ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги дастурга мувофиқ “Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси асосида Фарғона вилояти ДСЭНМ ҳудудида вакцина сақлаш учун янги замонавий омбор қурилди ва фойдаланишга топширилди.

Омборнинг очилиш маросимида юқоридаги халқаро ташкилотлар вакиллари, тиббиёт ходимлари, мутасаддилар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

– Вакцина сақлаш учун омбор ичида 30 метр куб ҳажмдаги 3 дона совутгич камераси ажратилган,   – дейди вилоят ДСЭНМ бўлим мудири Анвар Ярулин.  – Вилоятдаги 19 та шаҳар ва туман ДСЭНМларида вакциналарни сақлаш мақсадида 66 дона совутгич, 9 дона музлатгичлар ўрнатилди. Бу эса аҳолини профилактик эмлашда сифатли хизмат кўрсатиш ва совуқлик занжирига амал қилган ҳолда тизимли иш олиб боришнинг янги имконини беради.

Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ олган суратлар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *