Яшавор, Фарғонанинг азамат ўғлони! Спорт

Хабарингиз бор, жорий йилнинг7-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда 78 та давлатдан 365 нафар кучли спортчилар иштирок этишиб, ғолиблик учун қизғин баҳс олиб боришди. Мусобақа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлишди.   Бу албатта тасодиф эмас. 2016 йили Рио Олимпиядасида ҳам мамлакатимиз вакиллари бокс бўйича ана шундай натижани қайд этишганди.

Россияда кечган жаҳон чемпионатида қўлга киритилган учта олтин, битта кумуш ва битта бронза медали йилдан йилга спортчиларимизнинг имкониятлари ошиб, жаҳон ареналарида ўзбек деган номни юқори чўққиларга кўтаришга қодир эканликларини яна бир карра кўрсатиб берди. Ўзбекистон терма жамоаси сафидан Фарғона вилоятининг Қува туманида таваллуд топган Миразизбек Мирзахалиловнинг ҳам жой олгани бугун барча фарғоналикларни беҳад қувонтирди.

Чемпионатнинг 57 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Миразизбек Мирзахалилов финал учрашувида уч карра жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинлари совриндори кубалик рақиби Лазаро Альварес Эстрадани мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди.

Миразизбек Мирзахалиловнинг жаҳон чемпиони бўлиши Фарғонада катта байрамга айланиб кетди. Уни таниган, билганлар чемпион ўз уйига қайтгунига қадар ота-онасини табриклаш учун ошиқдилар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида бир гуруҳ меҳмонларнинг азамат ўғлон хонадонида бўлиши, қимматбаҳо совғалар ва мукофотларнинг унинг ота-онасига топширилиши оила аъзоларини руҳлантириб юборди. Фарзандини эл-юрт шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлашга камарбаста бўлганидан айниқса, отанинг қадди янада ростланди.

  • ­Бу қувончли воқеа нафақат оила аъзоларимизни, балки бутун ўзбекистонликларни бирдек қувонтиргани менга фахр бағишлайди, ­- дейди чемпионнинг отаси Мирзакарим Юнусов. ­– Бу ютуқларнинг замирида юртимизда спортчиларга яратилган шароитлар ва шахсан Президентимизнинг юксак эътибори мужассамдир. Ўғлимнинг Олимпиада чемпиони бўлишига ҳам тилакдошман. Ватанимизнинг муқаддас байроғини у каби азаматлар баланд кўтаришаверсин!

Миразизбек Мирзахалиловнинг эришган улкан ғалабаси мамлакатимизда, хусусан Фарғона вилоятида катта хурсандчиликларга сабаб бўлди. Жаҳон чемпионини шоду хуррамлик билан кутиб олиш учун Қува туманининг бошланишиданоқ спортчилар, ёшлар, мактаб ва коллежларнинг иқтидорли ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари йўлга чиқишиб, Миразизбекни олқишлар, гуллар билан қарши олишди. Вилоят ва туман ҳокимликлари, Бокс федерацияси, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчилари, мураббийлар ва бошқа спорт мутасаддилари томонидан кутиб олиш маросимининг юқори савияда ташкиллангани барчага бирдек ҳаяжонли лаҳзаларни ҳадя этди. Қолаверса, чемпионнинг хонданонигача ташкил қилинган фарғоналиклардан иборат жонли девор Миразизбек қалбини янада сурурга тўлдирди.

  • ­Бокс бўйича таълим-тарбияни оиладан бошлаган бўлсам, билим ва маҳоратни тажрибали мураббийим Баҳодир Эркаев қўл остида шакллантирдим, –дейди чемпион ҳаяжон билан. – Ўтган йиллар давомида бир қатор республика, Осиё чемпионатлари, жаҳон кубоги мусобақаларида, қолаверса халқаро турнирларда муносиб иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олганлигим сабаби биз ёшларга юртимизда яратилган қатор имкониятлар натижаси деб биламан. Фурсатдан фойдаланиб, барча боксчилар номидан Президентимизга ўз ташаккуримни етказаман. Пойтахт аэропортида, қолаверса, Фарғонада тантанали кутиб олинишимдан бошим кўкка етди. Бор кучимни сарф этиб, Ватаним номини шарафларга буркайвераман!

Чемпионни кутиб олиш маросимига йиғилган ёшу қарининг юз-кўзида юртимиздаги тинчлик, ёшларга яратиб берилаётган шароитлар натижасида туман ёшлари орасидан ҳам Миразизбек Мирзахалилов каби жаҳон чемпионлари етишиб чиқаётганига шукроналик ҳисси уфуриб турди. Айтилган дил сўзлар, табригу ашъорлар, қўшиғу куйларнинг бош мавзуси ҳам ана шундай хурсандчиликни қамраб олди.

Бугун Миразизбек Мирзахалиловнинг жаҳон чемпионатидаги эришган салмоқли ютуғи Фарғона вилоятида ўсиб келаётган ёш авлодни спортга бўлган иштиёқи, хавасини янада кучайтириб, унинг ортидан эргаштиришга хизмат қилмоқда.

Ғалабанг муборак бўлсин, Фарғона ўғлони!

Бугун ҳар бир фарғоналикнинг тилидан шу жарангдор хитоб шодон ва баралла янграмоқда…

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *