Иқтисодий кўрсаткичлар ортиши муҳим Иқтисодиёт

Жойларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш, саноат корхоналари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қува туманида бўлди. 

Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, кичик саноат зоналарида янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали туманларнинг иқтисодий кўрсатгичлари ва экспорт салоҳияти ортади. Ҳудудда янги иш ўринлари яратилиб, инновацион технологиялар жалб этилади.

Вилоят раҳбари дастлаб тумандаги “Турк” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган умумий майдони 4 гектарни ташкил этадиган қишлоқ ҳўжалиги технологияларини ривожлантириш саноат паркини кўздан кечирди.

Бу ерда мевани қайта ишлаш заводи қуриляпти, 3 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Агар корхона 2020 йилда ишга тушса, аҳоли сифатли мева ва сабзавотлар  билан таъминланиб, рақобатбардош маҳсулотлар яратилади. Энг асосийси, доимий 80 та, мавсумда эса 1000 та ишчи ўрни яратилади.

Вилоят мутасаддилари иштирокида навбатдаги манзил–Қува туманидаги “Баркамол улуғ юрт камоли” оилавий корхонасига борилди. Корхонада амалга оширилаётган лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 15 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда бу оилавий корхонада 40 та иш ўрни яратилиб, хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида ҳам бир йилда яна шунча маҳсулот тайёрланиб, 40 нафар қуваликнинг ишли бўлишига эришилади.

“Зоовет фарма сервис” МЧЖда 12 хил импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар энг аввало, водий вилоятлари, қолаверса, бошқа жойларга ҳам етказиб берилмоқда.

Корхонада ишлаб чиқарилган ветеринария дори воситалари билан танишар экан, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев импорт ўрнини босадиган бу маҳсулотларнинг нархи арзонлигига эътиборни қаратди. Арзонлиги яхши, аммо уларнинг сифатли ва харидоргир бўлиши ҳам жуда муҳим, корхонанинг эса кичик саноат зонасидан ўрин эгаллаши катта аҳамиятга эга бўлади, деди вилоят раҳбари.

“Салатавия” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси йилига 680 минг дона трикотаж маҳсулотларини тайёрлаш қувватига эга. 200 та иш ўрни яратиладиган корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишилди.

Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят раҳбари томонидан жорий йилнинг 17 сентябрь куни Президентимиз раислигида саноатни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, унда берилган топшириқлар Қува туманига ҳам тегишли эканлиги ҳақида айтиб ўтилди. Туманда тадбиркорликни янада ривожлантириш, турли йўналишлардаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли даромади ўсишига, яшаш фаровонлигига эришилади.

Шунингдек, йиғилишда фермерларнинг муҳим пахта мавсумидаги масъулияти, қўшимча қиймат солиғи тўлашнинг улар учун бўладиган афзалликлари, имтиёзларга тўхталиб ўтилди. Фермерларнинг кўп тармоқли бўлиши, хўжаликда ишлаб чиқаришни ташкил этишларини даврнинг ўзи тақазо қилаётганлиги қайд этилди.

Йиғилишда тадбиркорлик ва фермерликни янада тараққий эттириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *