Фидойи меҳнатга муносиб баҳо Тиббиёт

Бу йил ҳам анъанага кўра мустақиллик байрами арафасида халқимизнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтириш, таълим, маданият, адабиёт, санъат, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юрдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Шундай фидойи юртдошларимиздан бири Данғара туманидаги “Abu Bakr ar-Roziy med servis” хусусий клиникаси бош шифокори  Шоҳида Нишанбекова ҳам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди.

Шоҳида Нишанбекова шифокорлар оиласида туғилиб ўсган. Унинг отаси Машраббек Нишонбеков, онаси Шавқия Мирзажонова ҳам узоқ йиллар тиббиёт соҳасида ишлаб, эл-юрт дуосини олган одамлар эди. Ота-онасининг изидан бориб оиладаги 3 нафар фарзанд ҳам тиббиёт институтида ўқиди. Ҳозир уларнинг барчаси шу соҳада меҳнат қилиб, юртдошлар дардига дармон бўлишяпти.

  • Президентимиз берган бу орден ота-онамнинг мукофоти деб ҳисоблайман, – дейди Ш.Нишанбекова. –  Чунки улар бизни ҳалол ризқ билан ўстирди, илм олишга шароит яратиб берди, малакали шифокор бўлишга давъат қилиб турди. Ота-онамнинг “Билимли шифокор бўлсанг,  одамлар ўзлари сени қидириб келишади”, деган ўгитлари қулоғим остида ҳамон жаранглаб туради.

Мукофот соҳибаси асаб касалликлари шифокори. 1982 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаб, соҳада иш бошлаганига 37 йил тўлмоқда. Ўз устида тинимсиз ишлаб, катта тажриба тўплаган фидойи шифокор айни пайтда ўзи меҳнат қилаётган хусусий клиникада кўплаб ёш тиббиётчиларнинг севимли устозига айланган.

У беморлар билан ҳамиша ширин муомалада бўлади. Тажрибали шифокорнинг тавсиялари, зарур муолажалари билан касаллиги тузалиб кетган, ундан нажот топган одамларнинг саноғи йўқ. Шу боис унинг давлат мукофоти олганини эшитганлар борки, бари қувонди, табриклар, қутловлар ҳамон тўхтагани йўқ.

Халқнинг дуосини олган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Ҳалол ва фидойи меҳнат қилган одамлар эса ҳамиша давлатимиз эътиборидадир. Буни  Шоҳида Нишанбековага берилган юксак мукофот мисолида ҳам кўриш мумкин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *