Садоқатлилар сафида Жамият

Ватанга чексиз садоқат, элга бутун вужуди билан хизмат қилиш, халқимизнинг миллий урф-одатлари ва яхши анъаналарини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш, Ўзбекистонимизнинг давлат дахлсизлиги ва мудофаа қудратини тобора ошириш, белгиланган қарорлар, қонунлар ижроси ҳамда ислоҳотларни изчил амалга оширишда фаоллик кўрсатиш ҳар бир ўғил-қиз ва барча ёшларимизнинг ҳаётий вазифасидир. Буни таъминлашда барча корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Бувайда туман кенгаши вакиллари фаол иштирок этмоқдалар.

– Болаларимизга ватанпарварлик туйғусини туғилганидан бошлаб сингдириб боришимиз керак, – дейди туман кенгаши раиси Азизбек Тешабоев. – Биз унга қатъий амал қилмоқдамиз. Шу боис ташкилотимиз аъзолари ва ташкилот ҳузуридаги ўқув спорт техника клуби аъзолари сафи муттасил кенгайиб бормоқда. Омма орасида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш учун туман ҳокимлиги, ёшлар ташкилоти, мудофаа, ички ишлар, халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт, «Нуроний» жамғармаси, хотин-қизлар қўмитаси каби ташкилотлар билан алоқа ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Ҳозиргача туман кенгаши ва ўқув спорт техника клуби томонидан маънавият, ҳарбий ватанпарварлик, спорт тарғиботи ва ташкилий оммавий ишлар ўтказилди. 2019 йилнинг 6 ойи мобайнида халқ хўжалигига 575 нафар турли тоифадаги ҳайдовчи ва малакали мутахассислар етказиб берилди. Клуб аъзолари спортнинг «Ёзги биатлон»  ва «Ўқ отиш» турлари бўйича вилоят ва республика мусобақаларида фаол қатнашиб, ўз маҳоратларини намойиш этмоқдалар. Шоҳруҳ Акбаралиев, Жумақўзи Мелиқўзиев, Дилёра Саминова каби йигит-қизларимиз вилоят баҳсларида юқори ўринларни эгаллаб, соврин ва мукофотларни олишга сазовор бўлдилар.

«Ватанпарвар» ташкилоти туман кенгаши «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари ижросини таъминлашда, ногиронлар ва боқувчисини йўқотган, кам даромадли, иқтисодий-ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашда ҳам фаол иштирок этмоқда.

8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами мауносабати билан туманда истиқомат қилаётган кам таъминланган ва ногирон 10 нафар аёлга, Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Янгиқўрғон қишлоғида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Кенжабой Эгамқулов, Оққўрғон қишлоғида яшовчи Зиятали Бозоров каби фахрийларга, Рамазон ҳайити муносабати билан Қўрғонобод қишлоғида яшовчи 15 нафар фуқароларга озиқ-овқат ва пул мукофотлари топширилди. 22 нафар ногирон ўқувчиларнинг Қўқонга саёҳати уюштирилди.

Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, юртини ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу ҳикматли сўзларнинг мазмуни шундан иборатки, Ватанни севиш, муҳаббат ва садоқат ўз-ўзидан бўлмайди. Ватанга садоқатли, унинг ҳимоясига муносиб йигитлар жисмоний жиҳатдан чиниққан, ҳарбий билим, технологияни яхши эгаллаган, чуқур билим ва тафаккур эгаси  бўлишлари лозим. Бувайда туманида ана шундай хислат эгалари бўлмиш йигитлар ҳарбий хизматни юксак савияда адо этиб, тенгдошларига ибрат бўлмоқдалар. Оққўрғондаги Тепалик қишлоғи фарзанди Бобирмирзо Мўминов, Турк қишлоғилик Ҳамиджон Розиқов, янгиқўрғонлик Шоҳжаҳон Зайлобидиннов, Тоғлик қишлоғи вакили Жавлонбек Абдуқодировлар шулар жумласидандир. Уларнинг фидойи хизматлари ҳақида туман мудофаа бўлими, қишлоқ кенгашлари ва оилаларига миннатдорчилик мактублари келиб турибди.

Бувайдаликлар ҳарбий хизматни кўнгилдагидек адо этаётган юртдошлари билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди.

                                                                                       Дониёр ЭРГАШЕВ.  

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *