Мурожаатлар ечимини топди Жамият

Вилоят прокурори Улуғбек Қосимов Қува туманида оммавий сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида 48 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди ҳамда уларнинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Мурожаатлар асосан соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, ичимлик суви таъминоти, моддий ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.

Сайёр қабул жараёнининг ўзида 2 нафар шахс ишга жойлаштирилди, 2 нафари даволанишга ётқизилди, 2 нафар фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди, 1 нафарига ногиронлик аравачаси берилиб, 14 нафар шахсларнинг коммунал хўжалик масалалари ҳал этилди.

— Тиббий кўрик давомида буйрагимни даволаш юзасидан мураккаб жарроҳлик операциясини амалга ошириш лозимлиги аниқланди. Қаердан ёрдам сўрашга ҳайрон бўлиб бошим қотган эди. Сайёр қабулга келгач муаммо ижобий ечим топди. Бепул жарроҳлик операцияси амалга оширилиши учун шифохонага ётқизиладиган бўлдим, — дейди “Гўзал” МФЙда яшовчи Т.Ўринбоев.

— Қорашох қишлоғимизда сув қудуғига ўрнатилган насос таъмирга мухтожлиги сабабли тоза ичимлик суви таъминотида қийинчиликлар юзага келди, — дейди қабулда иштирок этган яна бир фуқаро Ё.Холматов. – Мурожаатим мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этиш чоралари белгиланди. Жуда миннатдормиз.

Туманнинг Бўзахўр қишлоғида янги трансформатор ўрнатилган бўлсада ҳозирга қадар ишга туширилмаган. Сайёр қабул давомида ана шу трансформаторни тез кунда ишга тушириш масаласи ҳал этилди. Яна кўплаб юртдошларимизнинг ариза ва шикоятлари мутасаддилар иштирокида ҳал этилди.

А.ХУДОЙБЕРГАНОВ,

вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *