Завқий куллиёти Маънавият

Адабий тадқиқот

Убайдуллоҳ Завқий XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларидаги Қўқон адабий муҳитининг йирик вакилларидан бири. У Муқимий, Муҳйи, Фурқат каби ўзига замондош пешқадам шоирлар билан бир сафда ижод қилиб лирик ҳамда ижтимоий мавзулардаги шеърлари, ҳажвиёти билан ўзбек адабиёти хазинасига катта ҳисса қўшди.

Завқийнинг “Юзингни кўр-сатиб аввал…” деб бошланувчи мухаммаси XIX асрнинг охирида Қўқонда ҳофизлар томонидан куйга солиниб, машҳур қўшиқ сифатида халқ ўртасида кенг тарқалган. Шоирнинг “Қаҳатмен”, “Ажаб замона”, “Ажаб эрмас”, “Мунча кўп”, “Замона кимники?” каби ўткир ижтимоий мавзудаги шеърларида ўша даврдаги юрт манзаралари маҳорат билан чизиб берилган. “Аҳли раста ҳажви”, “Ҳажви Аҳмадхўжа қози”, “Воқеаи қози сайлов” каби ҳажвий шеърларида ўзига замондош айрим салбий гуруҳларнинг қиёфаси, ярамас хулқ-одатлари гавдалантирилган. Завқий ижтимой ҳаётда ҳам фаол иштирок этган. Унинг “Ал-Ислоҳ” журналида эълон қилинган “Иштибоҳ” сарлавҳали мақоласи бунга далилдир.

Завқийнинг “Танланган асарлари” 1958 ва 1960 йилларда нашр этилган. 2003 йилда шоирнинг нисбатан тўлиқ китоби “Ажаб замона” номи билан чоп этилди. 2008 йилда шоир ҳақидаги мақолалар, хотиралардан иборат “Завқий ижоди” номли китоб нашр этилди.

Яқинда Завқийнинг барча асарлари, шоир ҳақида 1970-2007 йилларда чоп этилган илмий тадқиқотлар, хотиралар жамланган Завқий куллиёти “Чўлпон” нашриёт-матбаа уйи томонидан лотин ёзувида чоп этилди. Китобни филология фанлари номзоди Абдуллатиф Турдиалиев ҳамда катта илмий ходим Раҳматулло Зияевлар нашрга тайёрлаганлар. Китобда Завқий шеърларига ишланган расмлар, шоир яшаган уй,авлодларининг шажараси ҳамда суратлари ҳам ўрин олган. Китобга филология фанлари номзоди, доцент Мўминжон Сиддиқов масъул муҳаррирлик қилган. Китоб вилоят Завқий жамғармасининг директори Олимжон Ёқубов ҳомийлигида 1200 нусхада чоп этилган.

Ҳасанжон ОТАЖОНОВ,

Қўқон тарихи ва мадания-ти давлат музейининг адабиёт музейи филиали илмий ходими.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *