Қарор ва ижро: Мадад кутаётган маданият… Маданият

ёки вилоят маданият марказидаги шароит қай аҳволда?

Одатда баландпарвоз сўзларни айтишга ўрганиб қолганмиз. Бундай сўзларни айтарканмиз, оғриқли нуқталар, илдиз отаётган муаммоларнинг кучи кесилгандай бўлади. Бироқ шарқираб оқаётган сув тингач, тубидаги ҳамма нарсалар кўриниб қолгани каби жарангдор сўзлар ҳам тинса, нуқсонлар аста-секин бўй кўрсата бошлайди.

Бир пайтлар ҳайқириқлари бутун Фарғонани тутган ёшларни бағрига олган Фарғона шаҳридаги “Ёшлар маданият ва спорт маркази”(амфитеатр) биноси бир қарашда ҳашаматли кўрингани билан  ичкаридан разм солсангиз, хоналар авария ҳолатига кела бошлаганига иқрор бўласиз.  Қизиғи шундаки, бу ерда вилоят маданият маркази фаолият олиб боради. Амфитеатр ичидаги 4 та хона марказ учун ажратилган.  Бугунги кунда марказда 65 та тўгаракка 1365 нафар болалар, ўқувчи-ёшлар қамраб олинган.  Уларга 40 нафар мураббийлар сабоқ беришади, амалий машғулотлар олиб боришади. Ҳар бир тўгарак раҳбари зиммасига бир ойда 96 соат машғулот олиб бориш вазифаси юклатилган. Ўтган йили маданият маркази республика миқёсида “Энг намунали маданият ва аҳоли дам олиш маркази” номинацияси ғолиби бўлиб, “Эҳтиром” мукофотини қўлга киритди.

Бир сўз билан айтганда, 2019 йилда марказ ва унинг аъзолари 200 га яқин ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва сертификатларга эга бўлди.  Марказ муваффақиятлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Лекин гап бу ҳақда эмас. Гап маданий эҳтиёжлари ортиб бораётган аҳоли вакиллари — ота-
оналар, уларнинг фарзандларини қониқтирмаётган, тўгарак раҳбарларининг қалбини тирнаётган шароит ҳақида…

Тўгарак машғулотлари амфитеатр биносидан ташқари Фарғона ихтисослашган санъат мактаби, Фарғона шаҳридаги 4-мусиқа мактаби, 1-,2-, 33-умумтаълим мактабларида олиб борилади.

Айни пайтда амфитеатр ичидаги машғулотлар хонасини кузатамиз. Бўм-бўш, қаровсиз хоналар ҳеч қандай талабга жавоб бермайди. Жой танқислиги сабабли директорнинг хонасида ҳам машғулот ўтказиляпти. Қарийб 36 йилдан бери шу соҳада меҳнат қилаётган марказ директори Татьяна Шералиева шу кунга қадар шароитни яхшилаш мақсадида бош уриб бормаган идораси қолмади. Қачон қарасанг, елиб-югуради. Қишда иситиш тизими, ёзда салқин хона муаммоси… Дарвоқе, юқорида биз тилга олган ташаккурномаю сертификатлар қор-ёмғир сувлари оқиб тушган, таъмирсиз деворларга муносиб кўрилмасдан директор хонасидаги  журнал столида тахланиб ётибди. Уларни деворларга махсус қолип  билан ўрнатиб қўйса бўлади. Лекин бирорта хонада таъмирланган, пардозланган девор йўқ, ҳаммасидан ёмғир сувлари оқиб тушиб деворни расво қилиб юборган. Чолғу асбоб-лари ҳам шу ерда, соҳага оид ҳужжатлар, буюмлар торгина учбурчак хонадан ўрин олган. Яқиндагина жонкуяр раҳбар ўз маблағи ҳисобидан 4 ёшли болалар учун мўлжаллаб ясалган тор, танбур, рубоб, ноғора каби чолғу асбоблари сотиб олибди.  24 нафар          4 ёшдан 8 ёшгача бўлган болаларни йиғиб, ансамбль ташкил этди. Болажонлар шу торгина хонада  столларга тиғиз тизилишиб ўтириб, мусиқа чалишни ўрганишади.

Директорнинг хонаси билан ёндош залда бадиий раҳбар, халқ филармонияси раҳбари, 2 нафар услубчи ва ҳисобчининг  иш столлари жойлаштирилган. Ҳолбуки, бу ерда вокал чолғу, фольклор, мақом ва рақс ансамбллари ижрочиларининг машғулотлари олиб борилади. Ҳа, илож йўқлигидан ҳисобчию ижодкор, истеъдодли болалар ҳам бир хонада қўним топишган. Эски пол устига айрим жойлари йиртилиб кетган линолеум солинган. Тўгарак аъзолари учун жиҳозлар у ёқда турсин, кийиниш хонаси ҳам йўқ. Электр тизими таъмирталаб, иссиқлик тизими узиб ташланган, санузел деярли йўқ. Ҳа, болалар ва ёшлар томидан қор-ёмғирлар ёққанда суви чакки ўтадиган, қишда совуқ,  жазирамада жон сақлаш амримаҳол хоналарда вилоятимизнинг нуфузли тадбирларига тайёргарлик кўрадилар.  Наврўз, Мустақиллик байрамлари ва бошқа шодиёна, фестиваллар тантаналари, театр-лаштирилган концерт дастурлари айнан шу қоракўзлар — вилоят маданият марказининг 800 нафарга яқин аъзолари билан чиройли ўтади.

“Айтсам тилим, айтмасам дилим куяр” деган нақл худди шу маданият фидойиларига айтилгандек.

Лекин истеъдод жой танламас экан. Шароитнинг носозлигига қарамай, ота-оналар фарзандларининг бўш вақтини унумли ўтказиш учун тўгарак машғулотларига  етаклаб келишади. Жой муаммоси туфайли ҳозирда  128 та тўгаракдан 65 таси ишлаб турибди. Бу рақам ҳам республикада биринчи саналади. Ота-оналарнинг маданий эҳтиёжлари баландлаб боряпти. Кўпчилик ота-оналар балет мактаби ташкил қилишни илтимос қилишмоқда. Чунки болаларда сколиоз (умуртқа қийшайиши) касаллигини балет машқларигина бартараф этаркан.  Хоналар эса балет мактаби учун мослаштирилмаган.

Муаммоларни батафсил ўрганиш учун директорнинг қўлида сақланаётган ҳужжатлар билан танишдик.

Марказ дастлаб Фарғона шаҳри Каштанзор кўчасида жойлашган  1903 йилда барпо этилган тарихий бинода фаолият кўрсатган.  Бино 2012 йилда реконструкция қилиниши режалаштирилган.

Фарғона шаҳар марказий маданият уйининг қайта қуриш ва қайта таъмирлаш  тўғрисида 2012 йил 28.08 кунги 183/1-сонли шартномага асосан “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси, вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва марказий маданият уйи ўртасида уч томонлама шартнома тузилган.

Шартномага асосан таъмирлаш ишлари олиб борилса-да, ниҳоясига етказилмаган. Шундай қилиб, шартнома талаблари бажарилмаган.

2019 йилнинг 18 март кунги 137  рақам билан вилоят прокурорига вилоят маданият маркази директори Т. Шералиева имзоси билан ёзма мурожаат йўлланган.

Унда шундай дейилган:

“Вилоят марказий маданият уйи, “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги “Ягона
буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ўртасида 2012 йил 28 августда мукаммал таъмирлаш тўғрисидаги 183/1-сонли шарт-нома тузилган.

Мазкур шартномага кўра қурилиш ишлари 2014 йил 31 декабрга қадар топширилиши лозим эди. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарорида қурилиш ишларини якунлаб топшириш мажбурияти юклатилган. Кассация инстанцияси судининг 2019 йил  3 январдаги қарори Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарорини  ўзгартиришсиз қолдирган.

“Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси ва “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси  шартнома шартлари ва суд томонидан юклатилган мажбуриятни бажармасдан келмоқда, биз эса ҳозиргача биномизга кўча олмасдан сарсон бўлиб юрибмиз…

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиздан биномизни таъмирлаш ишларининг якунланиши ва топширилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.”

Директорнинг айтишича, мазкур хат бўйича прокуратура томонидан ҳолатлар ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар ва суд қарори  вилоят мажбурий ижро бюросига топширилган.

Савол туғилади. Вилоятда жуда катта қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борил-
япти. Бир-биридан кўркам бинолар қад ростлаяпти. Нима учун маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган  тарихий бино — шаҳар марказий маданият уйи бир неча йиллардан бери қайта реконструкция қилинмаяпти? Дарҳақиқат, бу бино анча вақтдан буён ташқи деворлари, олд эшик устунлари  нураган,  ички таъмирлаш ишлари тугалланмай, қаровсиз кўринишда ҳувиллаб ётибди.

“Ёшлар маданият ва спорт маркази”нинг  иккинчи қаватида кар-соқовлар маданият маркази фаолият олиб боради. Улар учун яратилган шароит ҳамин қадар бўлса кошки эди. Шифтдан чакки ўтавериб деворлар, шифт ва деворлар бўёғи кўчиб, сарғайиб ётибди. Мутлақо таъмирсиз, жиҳозланмаган хоналар таъбингизни хира қилади. Бу ерда бир неча тўгараклар билан бир қаторда 24 нафар аъзолари бўлган китобхонлик тўгараги ҳам мавжуд экан. Китобхонлар учун жиҳозлар, стол-стулларнинг етарли эмаслиги янада ачинарли.

 Фарғона шаҳар, Абдулла Қодирий мавзесида жойлашган шаҳар маданият маркази нотурар жойга мослаштирилган кўп қаватли уйларнинг хонадонида фаолият олиб бораркан. Ичкарига кирсангиз, бугунги замонавий хоналарнинг мутлақо аксини кўрасиз. Эскирган, яроқсиз линолеум устига ота-оналардан ҳадя қилинган эски палос тўшаб рақс машғулотлари ўтказиларкан. 11 та тўгарак фаолияти худди шу залда, тор-танқис 2 та
хонада олиб борилади. Бироқ шунга қарамасдан, бу масканда фидойи  инсонлар меҳнат қилишади. Стол устига тартиб билан терилган “Китобхон формуляри” га кўз югуртирамиз.

— Ўтган йили 200 нафар ёш китобхонларимиз бор эди, — дейди тўгарак раҳбари Насибахон Деҳқонова. — 2019 йилнинг январь ойидан бугунга қадар китобхонлар сони 120 нафарга етди.Бу ерга 5 та маҳалла фуқаролар йиғини, 8-умумтаълим мактабидан китобсеварлар келишади. Кўриб турганингиздек, кутубхонамиз жуда тор, тўртта стул ва битта столдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Китоб жавонимизда мингдан ортиқ китоб бор. Шахсий ноутбугимни шу ерга олиб келганман. Болалар қизиқаётган электрон бадиий китобларни файлларга юклаб, кейин уларнинг телефонига ўтказиб бераман. 3-синф ўқувчиси Фарангиз Мирзамаҳмудова энг фаол китобхон. Онаси Фаридахон Исақова қизи билан биргаликда келиб бадиий асарларни  олиб кетади.  Яна бир ёш оналардан бири Зиёратхон Шарипова қизлари Ҳамидахон ва Анисахонни китоб мутолаасига иштиёқ  уйғотиш учун шу кўримсиз марказга олиб келиб, китоблар билан танишишади. Ўқув залида китоб мутолаа қилишни хоҳлашади. Биз ҳам шинам, ёруғ хоналарда машғулот ўтказишни истаймиз. Мутасаддилар бизнинг масканимизга ташриф буюриб, шароитларимизни ўрганиб, амалий ёрдам беришса…

Президентимизнинг 2018 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорида аксарият маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базаси замон талаблари ва халқаро стандартларга мос келмаслиги таъкидланган.

Шунингдек, аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш, соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни маданий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаш каби вазифалар белгилаб қўйилган.

Ушбу  қарор эълон қилинганига ҳадемай бир йил бўлади. Унинг ижроси юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарлари қачон мулоҳаза қилиб кўриб, амалий ҳаракатга киришишади?! Юқорида тилга олиб ўтилган камчиликлар вилоят марказида кўзга ташланиб турган муаммолардан “бир лавҳа”, холос. Шаҳар, туманларга, чекка қишлоқлардаги қулф солинган клублар, эгасиз ётган бинолар, киришга юрак бетламайдиган маданият марказларига қачон ва кимлар мадад беради?!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *