Фидойи хизматлари эътирофи Жамият

Аввал хабар қилганимиздек, 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳри кўлами жиҳатидан жуда катта анжуман – I-Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилди. Беш кун давомида қарийб 500 минг нафар Тошкент шаҳри ҳамда водий вилоятларидан юртдошларимиз ва қўшни давлат фуқаролари Қўқон фестивалини томоша қилиш учун келдилар. Уларнинг Қўқон шаҳрига келиб-кетиши, бу ердаги саёҳати, фестивалнинг асосий тадбирлари чоғида биронта ҳам кўнгилсиз ҳодиса рўй бермади. Одамларнинг хавфсизлиги ишончли таъминланди, шу билан бирга, уларга хизмат кўрсатувчилар ҳамиша хушмуомалада бўлдилар.

Айниқса, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги, ҳамкорлиги мазкур нуфузли фестивал кунлари яна бир бор намоён бўлди. Жуда кўплаб хорижлик сайёҳлар Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталик, хавфсизликнинг ишончли таъминлаганига таҳсинлар айтишди.

Президентимизнинг топшириғи билан I — Халқаро ҳунармандчилик фестивалини тинч-осуда ўтказишдаги хизматлари учун бир гуруҳ ички ишлар ходимлари, Миллий Гвардия ҳарбий хизматчилари ва ташкилотчиларга эҳтиром кўрсатишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Қўқон шаҳридаги “Осиё” тантаналар саройида бўлиб ўтган мазкур тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси қўмондони, генерал полковник Баҳодир Тошматов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал лейтенант Пўлат Бобожоновлар иштирок этдилар.

Тантанада вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқиб, Миллий Гвардия ва ички ишлар ходимларига, фаолларга юксак эҳтиромини, самимий миннатдорчилигини билдирди.

Халқаро анжуманни кўнгилдагидек ўтказишга астойдил бел боғлаган юртдошларимизга самимий тилаклар етказилди.

Тадбир жараёнида фестивал кунлари жамоат тартибини сақлашда намуна  ва фидойилик кўрсатган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар Фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бир қатор ходимларга навбатдаги махсус унвонлар берилди.

Ташкилий ишларда фаоллик кўрсатганларга эса Фарғона вилоят ҳокимлигининг совғалари ҳамда “Ташаккурнома”си тақдим қилинди.

– Фестивал давомида сидқидилдан меҳнат қилдик, меҳмонларнинг хавфсиз саёҳат қилиши учун барча чора-тадбирларни кўрдик, – дейди катта сержант Камолахон Пўлатова. – Бугун Ички ишлар вазирлиги камтарона меҳнатимни муносиб қадрлаб, вазирликнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлади. Бу мукофот менга қўшимча куч ва ғайрат бағишламоқда.

Эҳтиром тадбирида 2021 йилда мазкур нуфузли анжуманни бу сафаргидан ҳам кўра кўтаринки ва юксак савияда ўтказишга бугундан бошлаб киришилиши айтиб ўтилди.  

Бир пиёла чой устида фарғоналик санъат усталарининг концерт дастури ҳам намойиш этилди.

Меҳнати қадр топган, эътибор ва рағбатдан руҳланган ҳар бир фарғоналик бундай йирик халқаро анжуманларни яна ғайрат ва ёруғ юз билан қаршилайверади.

 Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,

Абдувосит СИДИҚОВ.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *