Фарғонада вакциналар сақлаш учун янги омбор қурилди Здоровье,Здравоохранение

Инсон саломатлиги ҳар недан устун

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида кенгайтирилган иммунизация дастурига мувофиқ соғлиқни сақлаш тизимида юқумли касалликларни камайтириш ва тугатишда қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда. сўнгги ўн беш йилда аҳолини профилактик эмлаш билан қамраб олиш ҳамда вакциналар таъминотида яхши натижаларга эришилмоқда.

Амалга оширилган қатор чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиздаги каби, Фарғона вилоятида ҳам инфекцияга қарши курашиш ва тинч эпидемик ҳолатни ташкиллаштириш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди. Охирги йилларда вилоятда профилактик эмлаш билан қамраб олиш кўрсаткичлари 98 фоиздан ҳам юқори бўлиб келмоқда.

 Шу қаторда соғлиқни сақлаш тизимида давлат санитария эпидемиология назорати маркази қошида вакцина сақлаш омборининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳамма даволаш-профилактика муассасаларида вакцина сақланадиган совутгичлар ҳажмини кенгайтириш долзарб масалалардан ҳисобланади.

ЖССТ, ЮНИСЕФ, ГАВИ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги дастурга мувофиқ “Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳаси асосида Фарғона вилояти  ДСЭНМ ҳудудида, вакцина сақлаш учун янги замонавий омбор қурилди ва бугун фойдаланишга топширилди.

Омборнинг очилиш маросимида юқоридаги халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар ва музлатгичлар фаолияти бошланди.

­­– Вакцина сақлаш учун омбор ичида 30 метр куб ҳажмдаги 3 дона совутгич камераси ажратилган, ­ – дейди вилоят ДСЭНМ бўлим мудири Анвар Ярулин. ­– Вилоятдаги 19 та шаҳар ва туман ДСЭНМларида вакциналарни сақлаш мақсадида 66 дона совутгич, 9 дона музлатгичлар ўрнатилди. Бу эса аҳолини профилактик эмлашда сифатли хизмат кўрсатиш ва совуқлик занжирига амал қилган ҳолда тизимли иш олиб боришнинг янги имконини беради.

Миллий эмлаш календарига замонавий вакциналар киритилди. Демак қуриб, фойдаланишга топширилган омбор юқумли касалликларнинг камайишида самарадорликка эришиш борасида катта аҳамиятга эга бўлади.

Муқимжон Қодиров олган суратлар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *