Ҳаж сафари учун йиғилган маблағини кўприк учун сарф этган фарғоналик отахон ким? Жамият

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Қумариқ маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси бир неча ўн йиллардан буён қишлоқни кесиб ўтган Катта Фарғона каналининг нариги томонига ўтиш учун қийинчиликларга учраётган эди. Аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган кўприкнинг қурилганига эса 38 йил бўлди. Фуқаролар канал ёқалаб ҳар куни 5 километр масофани босиб ўтишга мажбур.Чунки тахта кўприкдан мактабга қатновчи болалар орасида канал билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг тез-тез бўлиб туриши одатий ҳолга айланиб қолганди.

-Айниқса, қиш кунлари болаларни мактабга юбориб жонимизни ҳовучлаб турардик, -дейдимаҳалла фаоли Замирахон Ҳайитова. — Қор ва ёмғир ёққан кунлари кўприк хавфли кўриниш оларди. Қўшнилар билан болаларни мактабга кузатишда чириб битган тахта кўприкдан ўтказиб қўйиш учун навбат ташкиллаганмиз. Шу йўл билан муаммоларимизни вақтинча бартараф этардик.

Шу қишлоқда истиқомат қилувчи Эргашали Шокиров бир неча ўн йиллардан буён Ҳаж сафари учун маблағ жамғариб юрган эди. Маҳалладаги кўприк муаммосига кўз юма олмаган Эргашали ота шу салмоқли маблағларини замонавий ва мустаҳкам кўприк қуриш учун сарф қилди. Натижада Катта Фарғона канали устида яна бир ихчам ва мустаҳкам кўприк бунёд бўлди.

Айтишларига қараганда каналнинг нариги томонидаги янги маҳаллаларда 40 дан ортиқ хонадон бор. Эндиликда Бу хўжаликлардаги 105 нафар ўқувчилар хавфсиз кўприк орқали бемалол мактабга қатнайдиган бўлди.

Элёржон ЭҲСОНОВ(“Халқ сўзи”)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *