Тақдирлаш маросими Маданият,Санъат

МЕҲНАТ РАҒБАТДА БИЛИНАР

Кишининг меҳнати қадр топиб, хизмати чин дилдан эътироф этилса, бунинг устига, муносиб мукофотланса! Бундан ортиқ севинч бўладими?

Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройига жам бўлган аксарият фарғоналиклар ана шу қувонч ва фахрни дилдан туйдилар.

Энг аввало йиғилганлар эътиборига Президентимизнинг Фарғонага ташрифи ва Қўқонда ўтказилган, ҳамманинг тилида достон бўлаётган эртакнамо нуфузли ҳунармандлар анжумани тўғрисидаги ролик намойиш қилинди.

Актёрлар, хонандалар, мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари, мактаб директорлари, маҳаллалар мутахассислари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари, олий таълим даргоҳлари устозлари, маданият уйлари ходимлари, тўгараклар раҳбарлари, партияларнинг жонкуяр фаоллари, таржимонларнинг бўлиб ўтган фестивалдаги фаол иштироки алоҳида қайд этилди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев нуфузли тадбирда иштирок қилганлар сони 500 мингни ташкил этгани, уларга хушкайфият ва байрамона кўтаринкилик бағишлашга ҳисса қўшган барча соҳа вакиллари меҳнати таҳсинга сазоворлиги, ҳар қандай мукофотга лойиқлигини алоҳида таъкидлади. Истеъдодлилардан истеъдодлилари саралаб олиниб, концерт намойиш этадиган махсус гуруҳ, ансамбль тузилиши, бу жамоа шаҳар ва туманлардаги маҳаллалардан бошлаб, ҳатто хориж мамлакатларида ҳам фарғоналиклар санъатини кўрсатишини билдирди.

Шундан сўнг олқишлар билан мукофот эгалари номи баланд овозда тилга олинди. Вилоят ҳокимининг ташаккурномаси, 1 миллион сўмдан то 25 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари, ноутбук, компьютер жамланмаси, мобиль телефонидан тортиб, ажратилган хизмат машинаси калитигача ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида ҳунармандлар анжуманида хорижлик мартабали меҳмонлар, чет эллик сайёҳу ҳунар эгалари, ўзга тилда сўзлашувчи ҳар инсон билан дилларимизни боғлаган, тилмочлик қилган таржимонлар хизмати ҳам эътиборга олинди. Улар орасида талабаларнинг кўплиги, ёшларимизнинг хориж тилларини яхши билишлари халқаро фестивалда жуда катта аҳамиятга эга бўлганлигини эътироф этмоқ ўринли.

Қўқондаги сурурли кунлар мобайнида таржимонлик қилиб, азиз меҳмонларнинг самимий миннатдорчилигига сабаб бўлган ўқитувчилар, талаба йигит-қизларнинг ҳар бирига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва 1 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим қилинди.

Театр-концерт саройининг катта саҳнасида фестиваль давомида янграган, қўқонлик буюк санъаткорлар томонидан айтилган қўшиқлар яна бир бор жаранг сочди.

Фарғона юлдузлари қаторида ҳаваскор хонандалар ҳам ўз маҳоратларини томошабинлар ҳукмига ҳавола қилдилар. Ватан ҳақидаги тароналар, шўх алёрлар рақсларга уланди.

– Устоз санъаткор Муроджон Аҳмедовнинг “Ватан баёти” қўшиғини фестиваль давомида унинг иштирочилари учун куйлашга ҳаракат қилдим, –дейди хонанда Абдусамад Эргашев. – Анжуман давомидаги меҳнатларимизни муносиб тақдирлаганлиги учун вилоят ҳокимига ўз ташаккуримни айтаман. Фарғона санъатини намойиш этишда ўз ҳиссамни аямайман!

Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *