Оёқлари умуман ишламай қолган Лопес хоним қандай қилиб Қўқон фестивалига юриб келди? Маданият,Туризм

Халқаро эксперт билан учрашув

 Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали жуда юқори савияда ташкил этилиб, дунё яна бир карра Ўзбекистонга қойил қолди. Қўқонликлар, фарғоналикларнинг меҳмонни бошга қўйиш фазилати ана шу шукуҳли кунларда қайта намоён бўлиб, анжуман иштирокчиларининг кўтаринки кайфиятига сабаб бўлди.

Халқаро экспертлар, соҳанинг йирик намоёндаларининг Қўқон шаҳрида бўлиши айниқса, ёшларга ғурур ва ифтихор бағишлади. Қўқонликлар уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашишга, фикрларини олишга ошиқдилар.

Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети Қўқон филиали талабалари ҳам Халқаро халқ амалий санъати бозори ташкилоти маслаҳат кенгаши аъзоси, халқаро эксперт Керолайн Робертсон Лопес хоним билан учрашув ташкил этдилар.

Самимий мулоқот давомида хорижлик табаррук меҳмон ўтказилган ҳунармандлар анжумани ўзбек ҳунармандларининг дунёга чиқишига катта замин яратишини алоҳида таъкидлади.

­ Бундан 15 йил муқаддам Америка Қўшма Штатларида ўтказилган кўргазмада ийманибгина иштирок этган ўзбек ҳунармандлари билан Қўқонда ўз ижод маҳсулини жаҳонга баралла кўз-кўз этаётган бугунги ўзбекистонлик ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини қайд этди.

Талабаларнинг учрашув давомида мартабали хонимга берган савол, таклифлари инглиз тилида жаранглагани эътиборга сазовордир. Америкалик эксперт ўзининг ҳаёти мисолида қийинчиликлардан чўчимаслик, олдинга интилиш зарурлигига тўхталди. Унинг оёқлари юра олмайдиган даражага етганда ҳам иродаси ва мақсади йўлидаги ғайрати билан шу кунларга мардона етиб келганлиги тўғрисидаги ҳикояси талабаларни ҳаяжонга солди:

­- ­­Оёқларимга темирлар қадалган, меъёрий кўринишга келтириш учун жуда қаттиқ азоб чекканман. Менинг чекинмаслигим, дардга енгилмаслигим жудаям муҳим эди. Онамнинг “Сен буни уддалай оласан” деган қатъий далдаси мени шу фестивалгача етиб келишимга сабаб бўлган!  Ҳеч қачон имкониятни сиз учун яратилишини кутиб ўтирманг, аксинча, имкониятни ўзингиз қидириб топинг!

 Саволлар, уларга жавоблар, самимий диллашув ва унутилмас таассуротлар асосида кечган мулоқотдаги халқаро экспертнинг ёшларга қарата айтган ҳар бир гапи ибратли бўлди.

­ ­- Фестиваль жуда кўтаринки руҳда ўтди ва менга жудаям ёқди. Биринчи марта бўлаётганига мен ҳатто ишонмадим, чунки юқори сафияда, профессионаллик билан ташкилланган.  Ҳар бир иш ўз йўналишида бетакрор, темирчилик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик маҳсулотлари ўз ҳолича гўзал. Талабалар билан бўлаётган учрашувга келсак, Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ бўлишига ҳисса қўшадиганлар мана шу ёшлардир. Билимга чанқоқлиги ва қизиқувчанлиги мени ҳайрон қолдирди. Яна икки йилдан сўнг Қўқонда бўладиган ҳунармандлар байрамига албатта, келаман,-дейди халқаро эксперт Керолайн Робертсон Лопес хоним.

Учрашув сўнггида хорижлик меҳмонга ўзбекона удумларимизга хос тарзда миллий либослар тақдим этилди.

Муқимжон ҚОДИРОВ олган сурат.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *