Эътироф ва олқишлар сен учун, Қўқон! Жамият

Шу йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали дунё халқларининг катта шодиёнаси тарзида бўлиб ўтди

Фестивалнинг асосий тадбирлари “Худоёрхон ўрдаси” майдонида ўтказилди. Майдонда саҳна ва амфитеатр барпо этилди. Тадбирларни ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, уста ҳунармандлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги турли миллий маданий марказларнинг саҳна кўринишлари, халқ сайиллари, фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИНИНГ ДЎСТЛИК ТАНТАНАСИ

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун дунёнинг барча қитъаларидан мартабали меҳмонлар, халқ амалий санъати  намояндалари, уста-ҳунармандлар, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

Ромео Станчу, Руминиянинг  Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Бу анжуман ўзбек халининг    маданияти ва санъати   нақадар  бой ва сермазмун эканини намоён этди. Унинг кўҳна Қўқонда ўтказилиши ҳам  жуда муҳим. Ахир, бу шаҳар Марказий Осиёда барча замонларда ҳам алоҳида ўрин тутганини биз тарихдан яхши биламиз. 

Томаш Коллат, Польшанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг маслаҳатчиси:

–  Албатта, Қўқон  жудаям машҳур шаҳар. Фестиваль эса унинг тарихида илк маротаба бўлиб ўтди. Анжуман юксак савияда ташкил  этилганининг гувоҳи бўлдик. Бу ўз навбатида халқлар ўртасидаги  алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги глобаллашув даврида  дунё мамлакатлари билан  маданий-гуманитар алоқаларнинг  ривожланишида бу каби байрам тадбирлари муҳим аҳамиятга эга.

МАМЛАКАТИМИЗ ВА ХОРИЖИЙ ОАВ ФАОЛЛИГИ

Фестиваль тадбирларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 400 дан ортиқ вакиллари ва Белоруссия, Бельгия, Германия, Греция, Индонезия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Малайзия, Озарбайжон, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Швейцария, Япония каби давлатлардан ташриф буюрган хорижий оммавий ахборот воситаларининг 21 нафар, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва Ўзбекистонда доимий фаолият юритаётган 10 та давлатнинг 21 нафар журналистлари кенг ёритиб бордилар.

– “Спутник Узбекистана” интернет нашрида фестиваль ҳақида ажойиб хабар, сурат ва видеоларни жойлаштириб бордим, – дейди Рамз Бахтияров. – Қўқонда ёпилган Самарқанд нонлари, фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари, ҳунармандларнинг бетакрор ишлари, одамлар юз-кўзидаги қувончу шодлик акс этган фотолар бутун дунёга кенг тарқалди. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан фестивални ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ижодкорлар, журналистлар, тасвирчи ва монтаж усталари тақдирландилар. Уларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

ЎРДА МАЙДОНИ:

мўъжиза, ижодкорлик ва қўл меҳнати

Фестиваль кунлари Ўрда майдони байрамона тусга кирди. Ҳунармандчилик намуналари билан безатилган расталар, майдонларни кўриб кўз қувнади.

“Садо” миллий чолғу асбоблари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари, олтиариқлик Раҳмонали Нортожиевнинг созлари анжуман иштирокчилари диққатини тортди. Уста ҳунармандга яқинда эл-юрт олдидаги хизматлари учун Ўзбекистон бадиий академияси академиги унвони берилди.

Фарғона мақом ансамбли иштирокчиси ва аския устаси Абдусамад Юсупов Р.Нортожиев яратган созлар – қадимий най, янги танбур ҳақида гапириб берди. Бу ноёб мусиқа асбоблари ўзбек халқининг миллий бойлиги қаторига қўшилганини айтди.

Тошкент вилояти вакиллари 32 хил ҳунармандчилик турлари  билан қатнашиб, мингдан ортиқ маҳсулотни намойиш этишди. Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри Аҳмад Яссавий зиёратгоҳидаги қирқ қулоқли қозони  макети ёғоч ўймакорлиги намуналари бўйича ясалди. Фестивалда Шавкатжон Юсупов муаллифлигидаги ушбу амалий санъат асарининг тақдимоти ўтказилиб, у пойтахтимиздаги Амир Темур музейига топширилди. 

 Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи Беҳзод Мадраҳимов 180 йиллик ташлаб юбориладиган дарахт илдизидан 550 килограмм оғирликдаги столни ясади. Столнинг ғилдирак орқали юриши, турли рангли чироқлар орқали ёритилиши, телефонни унга уласа, мусиқа янграши каби инновациялар ҳунармандчилик ва техниканинг уйғунлашган кўрининишини акс эттирди.

Қашқадарё вилоятининг ҳунармандчиликда ўз анъаналари ва қадриятлари мавжуд. Халқаро ҳунармандчилик фестивалида Қашқадарё вилоятидан 60 нафар ҳунарманд  23 йўналиш бўйича иштирок этдилар. Учинчи авлод саналган Саодат Низомова Шаҳрисабзда миллий каштачилик мактабини яратган.

– Шаҳрисабз марказида Президентимиз томонидан менга имтиёзли кредит асосида уй-жой ажратилиб, ҳунаримни ривожлантириш учун устахона ташкил этилди, – дейди каштадўз. – Юзлаб шогирдларимга ироқчилик йўналишидаги каштачиликни ўргатиб келяпман. Фестивалда германиялик, испа-
ниялик, голландиялик меҳмон-ларга менинг ижод маҳсулларим ёқиб, уларни харид қилишди.

 Қашқадарёлик ҳунармандлар орасида яқинда  “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган  ғузорлик Шарифжон Раупов  ҳам бор. Ҳунарманд шу кунга қадар дунёнинг энг нуфузли музейларида сақланаётган энг қадимий миллий заргарлик буюмларимизнинг 400 дан ортиқ турини қайта тиклашга муваффақ бўлди.

 Шарифжон Рауповнинг заргарлик буюмларини халқаро экспертлар муносиб баҳоладилар ва ёш заргар фестиваль доирасида ўтказилган кўрик-танловнинг “Энг ёш ҳунарманд” номинацияси ғолибига айланди ва 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Ўрданинг муаззам майдонида бухоролик ҳунармандлар ҳам ўз ишларини бутун дунёга кўз-кўз этдилар. Республика «Ҳунарманд» уюшмаси ва Бельгиядаги Ўзбекистон ваколатхонасининг биргаликдаги лойиҳасига асосан дунёнинг 29 та мамлакатида Бухоро сўзаналари намойиш этилмоқда. БМТнинг Ривожланиш дастурига кўра Бухоро вилояти Шофиркон туманида каштачилик мактабига асос солинди.

 Бухоро сўзаналари маликаси, халқаро кўргазмалар лауреати Зуҳро Облобердиева қўл меҳнати билан ижод қилаётган ҳунармандларнинг тўртинчи авлод вакили саналади. Келинчак-ларнинг энг бахтли дамларида киядиган турли миллий либослари айнан бухоролик Гулноза Ўринова қўлларида жило топади. 

Ўрда майдонидаги ҳунармандчилик расталари қаторида Непал давлатидан келган Прачанда Шакя, Прадип Шакя, Камала Тамракарларнинг ҳунармандчилик буюмлари барчада катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг кумушдан ясалган заргарлик буюмлари  ва аёллар учун рўмоллари савдоси эрталабдан қизиб кетди.

–Таассуротларим яхши, одамларнинг кайфиятидан биз ҳам завқ ва куч олдик, халқингиз жуда меҳмондўст, – дейди  Прачанда Шакя. – Бизда ҳунармандчиликка ўргатадиган хусусий университет бор. У ерда заргарлик, матога расм чизиш, бронза ҳайкаллар ясаш бўйича сабоқ берилади.

Жаҳон ҳунармандлари ва фарғоналикларни мафтун этган фестиваль ҳайратлари, ажойиботлари, бетакрор санъат намуналари инсон меҳнати, яратувчанлигининг гўзал ҳосиласидир.

ИЛМИЙ АНЖУМАНЛАРДА ҚЎҚОН ЭЪТИРОФИ

Қўқон – жаҳон ҳунармандчилик шаҳри. Унга бу мақомнинг берилганлиги муҳим воқеликлардан бири сифатида нафақат қўқонликлар, балки  барча юртдошларимизга бир олам шодлик, хурсандчилик улашди.

Қўқон шаҳридаги мусиқали драма театрида бўлиб ўтган илмий анжуманда  сўз олганлар ҳудудларда фаолият олиб бораётган  ҳунармандлар ва уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, соҳа истиқболлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

– Юртимизнинг Риштон, Марғилон каби ҳунармандчилик анъаналари яхши тараққий этган ҳудудларга ҳам ана шундай мақомнинг берилишида халқаро конференциялар, тўпланган тажрибалар  муҳим аҳамиятга эга бўлиши аниқ, – дейди Бутунжаҳон ҳунармандлари Кенгаши Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларининг Ўрта Осиё бўйича Президенти Азизбек Муртазаев.

Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўзига хос дўстлик, ҳамжиҳатлик байрамига айланди.

– Ҳунар ўз соҳиби обрў-эъти-борини юксалтиради, – дейди ҳиндистонлик Манжари Нирула. – Ҳунармандчилик маҳсулотлари эса одамлар мушкулини осон қилиб, ҳаётимизга маъно-мазмун бағишлайди.

– Мен бу фестивалда иштирок этаётганимдан хурсандман. Менда тадбирлар жуда катта таассурот қолдирмоқда. Айниқса, шаҳардаги  ҳунармандлар кўргазмалари менга жуда ёқди. Илмий анжуман эса ҳунармандчилик турлари ҳақидаги тушунчаларимни янада бойитди, –дейди америкалик ҳунарманд Каутней Стеварт.

– Қўқон шаҳри ўзининг тарихий обидаларини, қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаб келаётган диёрлардан, – дейди испаниялик Леонардус Албертус. – Шу сабаб Қўқонни тўлақонли равишда “Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” номи билан аталишига лойиқ деб ўйлайман. Бу ерда ҳунармандчиликнинг кўплаб қадимий турлари маҳоратли уста ҳунармандлар томонидан муваффақиятли давом эттирилиб келинаётгани мени беҳад мамнун этди.

КЎРИК-ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ 

Муҳаммадали ЮНУСОВ, Ўзбекистон халқ устаси:

— Фестивалнинг очилиш маросимида 40 дақиқа давомида шогирдларим иштирокида иккита айвон дунё кўз ўнгида тикланди. Биз бу мураккаб ишнинг услуби, йўлини топдик ва уддасидан чиқа олдик. Ёғоч ўймакорлиги бўйича жаҳон ҳунармандчилик шаҳри мақомига эга Қўқон фестивалида биринчи ўринни олганлигим ва 7000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланганлигимдан эса жуда ҳаяжондаман. Ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори учун Президентимизга ташаккур айтаман.

Жасур Жумаев, ҳунарманд:

— Фестивалнинг ёпилиш маросимида ногиронлик аравачасида бўлганлигим учун энг охирида ўтиргандим. Кутилмаганда тақдирланганлар қаторида мени эълон қилишди. 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотини қўлимга олар эканман, озгинагина қўл меҳнатим қадр топганидан, эъзозланганидан, шу касбнинг бошини тутганимдан севиниб кетдим. Икки йилдан кейин ўтказиладиган Қўқон фестивалига янги-янги ҳунармандчилик намуналарини олиб келишга ваъда бераман.

Карим Бектош, ҳунарманд (Қозоғистон):

— Фестиваль доирасида ўтказилган кўрик-танловнинг “Қадимий ҳунармандчилик турини қайта тиклаган ҳунарманд” номинацияси бўйича мукофотландим. Суяклардан ҳунармандчилик намуналарини яратган ижодий ишларим жаҳон экспертлари эътибори ва эътирофига тушганлигидан фахрландим. Ташкилотчилар ва мезбонларга раҳмат. Қўқон фестивали юксак савияда ўтди.

Мартинез Усейд, ҳунарманд (Мексика):

— Мен бу мукофотни умуман кутмагандим, хурсанд бўлиб кетдим. Чин қалбимдан сизларга раҳмат айтаман! Юртингизга ҳурматим янада ортди. Қўқонда ўтказган кунларимни асло унутмайман.

Жорже Франсиско, созгар (Аргентина):

— Ҳам тажриба алмашдик, ҳам урф-одатларингиз, анъаналарингиз билан танишдик. Қадриятларингиз билан лол қолдирдингиз. Ҳаётимда бундай манзарани кўрмагандим, бу даражада катта воқеликка гувоҳ бўлмагандим. Яна албатта Қўқонга, ҳунармандларнинг нав-
батдаги анжуманига келаман. Мукофот, совға ва бир олам ширин тасаввурлар билан ватанимга қайтяпман.

Бутун дунёни ўзига қаратган фестиваль якунланди, аммо унинг шукуҳи, завқи минглаб инсонлар кўнглида қолади. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Қўқонни, анжуман давомида ўтган байрамона кайфиятни жаҳон ҳунармандлари асло унутмайдилар.

“Хайр, Қўқон! Хайр, Фарғона! Икки йилдан сўнг яна сенинг бағрингга қайтамиз” деган хитоблар қалбларни жунбушга келтирди.

Қўқон аҳли эса унутилмас хотиралар билан янги кун – янги истиқболга пешвоз чиқаверадилар.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Ботир МАДИЁРОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА.

Шерзод ҚОРАБОЕВ ва Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *