Фарғона вилояти ҳокими Ш.М.ҒАНИЕВга Жамият

Ҳурматли Шуҳрат Мадаминович!

Сизни, аввало, халқимизнинг  энг улуғ ва энг қутлуғ айёми – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Маълумингизким, жорий йил 19 август куни Пекин шаҳрида ушбу ардоқли айём ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси янги биносининг очилишига бағишланган тантанали маросим зўр муваффақият билан ўтди.

Мазкур муҳим саналарга бағишланган маҳобатли тадбир Сиз раҳбарлик қилаётган Фарғона вилояти ҳокимлиги ва дип-ломатия ваколатхонамиз томонидан ўзаро яқин ҳамкорликда ташкил этилгани биз учун алоҳида аҳамият ва қадр касб этди.

Ўзбек миллий ашула ва рақс санъати, пазандачилиги ҳамда халқ амалий санъати намояндаларидан иборат Фарғона вилояти вакилларининг мазкур тантанали маросимдаги фаол иштироки барчани беҳад қувонтирди. Азим ва гўзал Фарғонанинг қўли гул ҳунармандлари томонидан яратилган атлас, адрас сингари миллий матолар, кулолчилик маҳсулотлари, ранг-баранг санъат асарлари ва эсдалик буюмларидан иборат ўзбек халқ амалий санъати кўргазмаси зўр муваффақият билан намойиш этилди. Айниқса, ҳунарманд Абдулло Мирзааҳмедовнинг миллий услубда қўлда адрас тўқиш, кулол Бунёд Юнусовнинг сопол буюмларга нақш бериш бўйича ўтказган маҳорат дарслари хитойлик меҳмонларнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлди.

Сиз раҳбарлик қилаётган вилоят санъаткорлари тайёрлаб келган ўзбек халқ ашула ва рақсларидан иборат махсус маданий дастурнинг намойиши эса тантанали маросимга мутлақо ўзгача руҳ ва шукуҳ бағишлади. Тадбир меҳмонлари фарғоналик санъаткорларнинг ҳар бир чиқишини гулдурос қарсаклар билан олқишлашди.

Юқоридагилар билан бирга, тадбир қатнашчилари ўзбек халқига хос бўлган меҳмондўстликдан ҳам баҳраманд бўлдилар. Фарғоналик қўли ширин пазандалар томонидан тайёрланган сомса, шўрва, палов, манти, кабоб сингари миллий таомларнинг байрам дастурхонига тортилгани ҳам маросим иштирокчиларига ўзгача кўтаринки кайфият улашди.

Бунга қадар ҳам дипломатия ваколатхонамизнинг уч қаватли янги биноси фарғоналик усталар иштирокида миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилгани элчихонамиз билан танишган ҳар бир меҳмоннинг эътиборини ўзига тортиб келаётгани қалбларимизни фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда.

Ҳурматли Шуҳрат Мадаминович, буларнинг барчасида Сизнинг астойдил эътиборингиз, ташкилотчилигингиз, ватанпарварлигингиз ва фаоллигингиз ўрни беқиёс эканлигини таъкидлашни истар эдим. Биз буларнинг ҳаммасини юксак қадрлаганимиз боис Сизга бўлган миннатдорлигимизни ва чексиз ҳурматимизни яна бир бор изҳор этиш бизларга алоҳида мамнуният бағишлайди.

Мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги обрўси ва эътиборини янада юксалтириш, юртимиз равнақи ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида элчихонамиз ва Сиз раҳбарлик қилаётган вилоят ўртасидаги ўзаро яқин ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам бардавом бўлишига комил ишончимизни билдирамиз.

Ҳурмат билан,

Бахтиёр Саидов,Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *