Қўқон хорижлик фестиваль меҳмонларини кузатди Маданият

Ваниҳоят интизорлик билан кутилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўз ниҳоясига етди. Кеча 16 сентябрь куни Қўқон шаҳридаги “Ўрда” тантаналар залида хорижлик меҳмонлар учун тушлик дастурхони ёзилди. Қўқоннинг машҳур “Наво” эстрада ансамбли  кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун хизматда бўлди.

Шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов ушбу тадбирда сўзга чиқди ва хорижлик фестиваль иштирокчиларига эсдалик совғаларини топширди.

Шундан сўнг меҳмонлар Қўқон темир-йўл вокзалидан тантанали карнай-сурнай садолари остида ва кичик мусиқали тадбир билан Тошкентга кузатиб қўйилди. Уларга Қўқон ҳолва ва патирлари улашилди ҳамда фестиваль қатнашчиси сертификати берилди.

Хорижликлар кетар чоғида Қўқон ҳақидаги олам-олам таассуротларини айтиб, кейинги фестивалда кўришгунча деб яхши тилаклар билдирдилар.

Хайрлашиш арафасида Непаллик дўстларимиздан таассуротларини билдиришларини сўрадик.

Кумуш буюмлар ясовчи ҳунармандчилик устаси Прадип Шакя:

Мен ўзбекистоннинг Қўқон шаҳридаги халқаро Ҳунармандчилик фестивалида қатнашганимдан жуда хурсандман. Ўзбекистонликларга, қўқонликларга энг эзгу тилакларни билдираман, ҳаммаси учун раҳмат!

Кумуш буюмлар ясовчи уста Прачанда Шакя:

-Биз фестиваль кунлари жаҳон ҳунармандларининг ишлари ва санъати билан танишдик. Ўз санъатимизни намоён қилдик. Ҳунармандчилик фестивали дўстлик фестивали ҳамдир. Биз ушбу халқаро тадбирда иштирок этганимиздан жуда хурсанд бўлдик. Ҳаммаси зўр ташкилланган. Раҳмат.

Аёллар учун рўмоллар ва безакли буюмлар тўқувчи уста Камала Тамракар:

-Фестиваль жуда яхши ўтди. Мен жуда кўп дўстлар орттирдим ва тажриба алмашдим. Кейинги фестивални интиқлик билан кутамиз.

Кўҳна Қўқон жаҳонга юз очди, энди унинг қадимий тарихий обидалари, қўли гул ҳунармандлари, асл инсонларининг меҳнати, санъати, санойи нафисасидан дунё аҳли баҳраманд бўлади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *