Хорижлик шаҳримиз меҳмонлари билан қадимий Марғилон ва Риштон шаҳарларига саёҳат Маданият

ФОТОРЕПОРТАЖ

13 сентябрь куни эрталабдан хорижлик ҳунармандлар қадимги ўзбек миллий ҳунармандчилиги билан танишиш мақсадида Марғилон ва Риштон шаҳарларига бориш истагини билдирдилар.

Непал, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Словакия, Малайзия, Македония ва бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар делегацияси аввало Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” мажмуасида бўлиб, у ерда қадимги қўл меҳнати усулида пилладан ипак олишдан тортиб, унинг тайёр маҳсулотга айланишигача бўлган жараённи кўрдилар.

Меҳмонлардан Фотима-Заҳрога ипак  гилам тўқиш ёқиб қолди.

Македониялик Катерина Дадо эса мато тўқиш ускунасида ишлаб кўрди.

Шри-ланкалик Вадюге ва Ганга бу ерга келганидан жуда хурсанд.

-Қўқонда ташкилланган фестиваль бизга ёқди. Ўзбекистон бизда яхши тааассурот қолдирди. Ҳозир бу фабрикада ўзимизга керакли тажрибалар билан танишдик. Миннатдорчилик билдирамиз. Ўзбекистон бизга ёқди.

  • Ҳунармандчилик фестивалида қатнашаётганимдан жудаям хурсандман, — дейди ҳиндистонлик Хатри Суфян Исмаил. — Менинг касбим ўз тилимизда ажриқ деб аталади. Ҳунаримиз 5 минг йиллик тарихга эга. Бу блоклар, қолиплар орқали матога гул босиш ҳунари бўлиб, химикатлардан умуман фойдаланмаймиз,  фақат табиий ўсимликлардан олинган бўёқлардан фойдаланамиз. 10 авлоддан бери биз шу ҳунар билан шуғулланамиз, мен 10-авлодман. Ҳозир миллий кийим киядиганлар камайиб кетган даврда Ўзбекистоннинг мато тўқиш, текстиль ишлаб чиқариш саноати, ўзбекларнинг миллий матолардан кийим кийиб юришлари ёқди. Яна бир яхши таассуротларимдан бири сизларнинг одамларингиз биз ҳақимизда қайғуриб, меҳмондўстлик намоён қилмоқдалар. Мато тўқиш санъати сизларда ягона экан. Келажакда сизларнинг ҳунармандларингиз билан бизнес алоқалари ўрнатмоқчиман.  

Риштондаги машҳур ҳунарманд уста Равшан Тожиддиновнинг хонадонидаги устахона ва кўргазма ҳам меҳмонларда жуда катта таассурот қолдирди. Кулолчилик бўйича ҳам улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, тажриба алмашдилар.

Риштондан қайтишда эса турли миллат вакиллари мусиқа садолари остида куйлади, рақсга тушди. Фестиваль ҳақиқий дўстлик байрами ҳам эканлиги намоён бўлди.

Гулбаҳор Саидғаниева

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *