Қўқон барчани ўз бағрига чорлайди Маданият

Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган кенг кўламли Халқаро ҳунармандчилик фестивали юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва уларни янада ривожлантиришга қаратилган ташаббуснинг ёрқин ифодасидир. Фестиваль дунёнинг турли мамлакатларидаги илғор амалиётлар билан танишиш имкониятини берганлиги билан аҳамиятлидир.

Айтиш жоиз бўлса, анъанавий ҳунармандчилик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш  ва жаҳон майдонида мамлакатнинг маданий қиёфасини тарғиб этиш орқали миллий сайёҳлик салоҳият оширилади.

Меҳмондўстлиги билан дунёга ном қозонган ўзбек халқи ўзининг ширинсухан, одамийлик фазилатларини Қўқон шаҳрида яна бир карра баралла намоён этмоқда. Бундай нуфузли анжуманлар, халқаро фестиваллар эса қўшни республикалар, хориж давлатлари билан дўстлик ришталарини боғлабгина қолмай, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Қўқон темир йўл вокзалида ҳунармандчилик оламининг тажрибали мутахассислари, ўз касбининг усталарининг катта гуруҳи карнай-сурнай садолари остида, халқимизга хос меҳмоннавозлик ила, нон-туз ва қўқон ҳолвалари, ширинликлари билан тантанали қаршиландилар.

–Ўзбекистон ҳақида гапирар эканман, унинг меҳмондўст халқи, бетакрор об-ҳавоси, турли ноз-неъматлари қаторида ҳунармандчилиги, миллийлиги, қадриятларини ҳам эътироф этаман. Кўп юртларда бўлганман, яна бўламан, аммо сизнинг диёрингизни, ширинсухан одамларингизни асло унутмайман! Фестиваль эса дўстлик ва биродарлик тантанасига айланишига ишонаман, –дейди нигериялик Гарба Аҳмед Шеҳу.

  • 2004 йилда ўзбек ҳунарманди томонидан тайёрланган гиламчиликнинг энг жажжи нусхасини  қўл телефони ғилофини ўз юртимга олиб кетган эдим, – дейди ЮНЕСКО вакили Индерсен Венкачателлум. – Анча уриниб қолди, лекин ҳамон ўзим билан олиб юрибман, чунки бу ҳунармандчилик, қўл меҳнатининг нодир маҳсули. Ушбу фестивалдан, Қўқондан ҳам мана шундай ажойиб эсдалик буюмини олиб кетиб, ардоқлаб юриш ниятидаман.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига ташриф буюрган қўшни Тожикистон вилоятининг Сўғд вилояти ҳунармандларидан иборат делегация аъзолари эса Бешариқ туманидаги Андархон чегара постида кўтаринкилик билан қаршиландилар ва латиф шаҳарга етиб келдилар. Тожикистонлик ҳунармандлар орасида пичоқчилик йўналишида 300 йилдан буён ном қозониб келган устазодаларнинг олтинчи авлоди пичоқчи Иброҳим Мирзаев ҳам бор. Ўн саккиз ёшидан пичоқчилик касбини бошга кўтариб келаётган бу ҳунарманд ўз фарзандларига заргарлик, ёғоч ўймакорлиги ҳунарини ҳам ўргатди. Устазодаларнинг 7-авлоди ҳам кўп қиррали ҳунарманд бўлишини хоҳлади. Алижон Мансуров эса ҳунармандчилик сирларини ўрганаётганига бир йил бўлди. Аммо у қисқа вақт оралиғида тош ва ёғоч ўймакорлиги, чилангарлик каби қатор ҳунарларни ўзлаштириб олишга муваффақ бўлди.

Шерзод Қорабоев олган сурат.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *