Олимлар унутилган ҳунармандчилик буюмлари ҳақида суҳбатлашди Маданият

Кейинги йилларда ипак гилам тўқиш, миллий чопонлар тайёрлаш, қўғирчоқлар ясаш қайта тикланди. Маҳаллий санъатшунослар ташаббусига кўра анъанавий этикдўзлик , читгарлик ва заргарликни тиклаш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги юқори даражада ривожланган. Шу боис ҳам Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг аъзоси ва аксарият конвенцияларда халқимизнинг ҳам моддий, ҳам номоддий маданий меросини асраб-авайлаш борасида келишиб олинади. 

Бу борадаги илмий ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун биринчи ҳунармандлар фестивали доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий-санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Шунингдек, унда турли давлатлардан вакиллар иштирок этиши ҳисобга олиниб, ўзбек, рус, инглиз тилларида “Халқаро илмий-амалий конференция материаллари” тўплами ҳам чоп этилди.

Анжуманда ўттиздан ортиқ давлатдан келган олимлар ўзларининг маърузалари билан иштирок этишди. “Анъанавий бадиий ҳунармандчилик ривожида халқаро амалиёт: ижобий тажриба ва миллий стратегиялар”, “Ўрта асрларда Шарқда бадиий ҳунармандчилик анъаналари: маҳорат ва илҳом манбалари” секцияларда иштирокчилар соҳага тегишли масалаларни муҳокама қилди. Дунёнинг турли нуқталарида яшовчи уста-ҳунармандларнинг замонавий маҳсулотларини баҳолаш мезонлари, турли мамлакатларнинг замонавий тажрибаси билан танишиш ва ўзаро бойитиш масалалари шулар сирасидандир.

–XIX асрда Миср анъанавий металл буюмлари ва уларнинг бугунги кунда қайта тикланиши мавзусида маъруза қилдим, – дейди Англиялик олим Дорис Беренс Абу Сайф.– 1250 йилдан 1517 йилгача бўлган Мамлук султонлари ҳукмронлиги остида Миср ва Сурия бирлаштирилган. Ўша даврларда қўл санъатлари орасида металлни қайта ишлаш ҳам бўлган. Олтин ва кумуш билан безатилган латундан тайёрланган нозик маҳорат акс этган кемалар Шаҳзода мақомини билдирган. Бундай кемалар Европага. Айниқса Италияга кўп экспорт қилинган. Кейинчалик бу ишлар тўхтаб қолган. 1880 йилларда қадимий ва ислом санъати музейлари ташкил этилди. Бу эса исломий бадиий меросни сақлаб қолиш, ташлаб кетилган ёки унутилган ҳунармандлик буюмларини қайта тиклашга олиб келмоқда. Бошқа давлатларнинг ҳам дунё кезиб юрган буюмларини топиш ва тиклаш, уларга илмий ёндашиш давр талабига айланмоқда.

“Ҳунармандчилик ва халқ амалий-санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги конференция келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишув билан якунланди.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *