19 нафар ўқувчи олий ўқув юртлари талабалари Таълим

 Бундай юқори кўрсаткичга Бағдод туманидаги 3-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари эришдилар.

Ўқувчилардан икки нафари Тошкент халқаро дипломатия университети, бир нафари ҳуқуқшунослик университети, уч нафари тиббиёт институти, икки нафари Тошкент техника университети, қолганлари Фарғона давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Фарғона политехника олийгоҳларига талабаликка қабул қилинди.

Айни кунларда таълим даргоҳида 420  нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга 31  нафар олий маълумотли ўқитувчилар ўз фанларидан чуқурлаштирилган дарс ўтишяпти. Устозлар берган таълим-тарбия боис ўқувчилар ҳар йили олий ўқув юртига киришда вилоятда энг юқори рейтингга эга бўлмоқда. Педагоглардан 11 нафари олий тоифали. Нафисахон Йигиталиева, Оқилахон Нажмиддинова, Саломатхон Усмонова, Муқаддасхон Эшонхонова, Раънохон Намозовалар  “Халқ таълими аълочиси”. Кимё фани ўқитувчиси Мукаррамхон Аҳмадалиева “Шуҳрат” медали соҳибаси. Муқаддасхон Эшонхонова “Йил ўқитувчиси-2019” кўрик-танловининг  вилоят босқичи ғолиби.  2019 йилда мактабнинг математика фани ўқитувчиси Ҳасанжон Исмоилов вилоятда энг кўп ўқувчилари  республикамизнинг турли олий ўқув юртларига ўқишга кирган ўқитувчи дея эътироф этилди.

Билим маскани ўқувчилари ҳар йили ўтказиладиган фан олимпиадалари беллашувлари ва  спорт мусобақаларида ҳам ибрат бўлишмоқда.  Билимлар беллашувининг  туман босқичида 14 ўқувчи 1-ўрин, вилоят босқичида эса  икки нафар ўқувчи 1-, 2-ўринни эгаллашди. Биология фанидан  А. Солиевга вилоят босқичида ғолиблик, республика босқичида эса  2-ўрин насиб этди. Бу ўқувчи иқтидорли ўқувчиларнинг инновацион олимпиадасининг республика босқичида биология фанидан фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, Халқ таълими вазирлигининг 2-даражали дипломи ва қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди.

– Вилоят ҳокимининг 2019 йил 19 августдаги қарорига асосан янги ўқув йилини Бағдод маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежи биносида бошладик, – дейди мактаб директори Шаҳринисо Ботирова. – Бу ерда барча шароитлар яратилган, синф хоналари кенг, ёруғ, компьютер ва мебеллар билан жиҳозланган. Спорт зали ва ўйингоҳлари спорт инвентарлари билан тўлиқ таъминланган. Бунинг учун барча педагогик жамоамиз номидан вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *