Улкан даромад ва фаровон ҳаёт Иқтисодиёт

Юртимиздаги ҳар бир оила тўкис ва бахтли умргузаронлик қилишини таъминлайди

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури оилаларнинг даромад манбаларини кўпайтириш ва шу орқали фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Дастур ижроси изчил таъминланиши юртимиздаги ҳар бир оиланинг тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

2019 йилнинг саккиз ойи давомида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги 31 мингдан зиёд оилага 542 миллиард 356 миллион сўм миқдорида имтиёзли банк кредитлари ажратилди. Дастур доирасида вилоятдаги 21 минг 349 та оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда 9 минг 812 та оилага ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар берилишига эришилди. Натижада 13 мингдан ортиқ оилалар қўйчилик, 4 мингдан кўпроғи наслли қорамол боқиш имкониятини кенгайтирган бўлса, қарийб 2,5 минг оила ўз томорқасидаги иссиқхона фаолиятини кенгайтирди. Ўз навбатида имтиёзли кредит самараси сифатида вилоятдаги минглаб оилаларда паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, қуёнчилик сингари тармоқлар жадал ривожланяпти.

Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасига ажратилган имтиёзли кредитлар эвазига вилоятда 4 минг 120 та оила тикувчилик йўналишида ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Шунингдек, қандолатчилик ва ҳунармандчилик соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантираётган оилалар сони ҳам кундан кунга кенгайиб бормоқда.

Шу йилнинг саккиз ойида АТ “Агробанк”нинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан 9 мингдан ортиқ ҳамда АТ “Халқ банки” Фарғона вилояти бош бошқармаси томонидан эса 7,5 мингга яқин оилага кредит ажратилиши таъминланди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит ажратишда ТИФ “Миллий банк” Фарғона бўлими ва АТ “Микрокредитбанк” Фарғона вилояти филиали ҳам фаоллик кўрсатганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Айни жараёнда Фарғона шаҳрида энг кўп – 3 минг 400 та оилага имтиёзли банк кредити берилди. Бу борада Бешариқ ва Қува туманлари ҳамда Қўқон шаҳрида ажратилган кредитлар салмоқли эканлиги қувонарлидир. Бу эса мазкур ҳудудларда оилаларнинг тадбиркорлик ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланаётгани, бунинг самараси сифатида ушбу шаҳар-туманлар аҳолиси турмуш шароити ва фаровонлиги тобора яхшиланиб бораётганидан далолат беради. Боиси имтиёзли кредитлар биринчи навбатда янги иш ўринлари яратиш, боқимандалик кайфиятини йўқотиш, эртанги кун истиқболига хизмат қилувчи бизнес ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқариш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, имтиёзли кредитлар ажратиш жараёнида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тижорат банклари томонидан ҳудудлар кесимида хонадонма хонадон ўрганиш ишлари олиб борилиб, жорий йилнинг саккиз ойида кредит олиш истагини билдирган ана шу тоифадаги оилаларга 106 миллиард 484 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун бу оилаларга намунавий бизнес-лойиҳалар, илмий-амалий қўлланмалар тарқатилди. Тижорат банклари мутахассислари томонидан самарали тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда доимий даромад манбаини кўпайтириб бориш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Шарқона қадриятларга кўра, мамлакатимизда оила жамиятнинг ажралмас кичик бир бўғини саналади. Шу маънода юртимиздаги ҳар бир оиланинг бахти жамият бахтидир. Бундай ҳаётбахш дастурлар эса оилалар фаровонлигини юксалтириш, реал даромад манбаларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунинг баробарида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлайди.

Зоҳиджон ОБИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат ва жамият қурилиши академияси II-босқич магистранти.

қурилиши академияси II-босқич магистранти.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *