Болалар боғчага неча ёшдан берилиши керак? Таълим

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аҳоли ўртасида “Боғчага болалар неча ёшдан берилиши керак?” номли сўровнома ўтказди. Унда 5 минг 945 респондент иштирок этди. Уларнинг 59 фоизи болани икки ёшдан мактабгача таълим муассасасига беришни таклиф қилган.

Бу ҳақда партия Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маълум қилинди.

Жорий йилда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Сайловларда муносиб қатнашиш эса барча партиялардан алоҳида тайёргарлик ва масъулият талаб қилади.

Таъкидланишича, партиянинг тегишли вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорлик қилиши замирида ҳам айни шу мақсадлар мужассам. Партия Сайловолди дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқа хўжалиги ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва фуқароларнинг оилавий бюджетини ўстиришга энг самарали шаклларидан бири сифатида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, партиянинг энг асосий вазифаси – мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини дунёдаги илғор давлатлар қаторига олиб чиқиш, инновацион ва инсон капиталини кўпайтириш, “Ақлли тиббиёт” концепциясини жорий этиш, хусусий тиббиётни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали аҳолининг умр кўриш давомийлиги узайишини таъминлашдан иборат. Қолаверса, Ўзбекистонни соғлиқни сақлаш тизимида дунёнинг юқори самарадорликка эришган энг илғор 30 мамлакати қаторига киритиш ҳам энг муҳим вазифалардан биридир.

Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлашга кўмаклашиш кейинги беш йилда ҳам партиянинг ўта муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолаверади. Партия бу борада фаол тадбиркор хотин-қизлар ва фермерларни рағбатлантириш, уларнинг фаолияти, илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган ишларни янги босқичга олиб чиқади.

– Электоратимиздан болани икки ёшдан давлат мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш бўйича таклифлар келиб тушди, – дейди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлудахон Хўжаева. – Аёллар орасида икки ёшли болали тадбиркорлар, шифокорлар, ўқитувчилар ва сиёсат вакиллари бор. Улар ўз иш фаолиятини давом эттиришни истайди. Бироқ, давлат МТМлари бу ёшдан болаларни қабул қилмайди. Кимдир икки ёшли боласини энагаларга, хусусий МТМларга берар, аммо бунга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Биз аҳоли ўртасида ўтказган сўровимизда кўпчилик болани икки ёшдан МТМга беришни таклиф қилди. Уларнинг таклифини инобатга олишимиз керак. Ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиқиб, давлат МТМлари ҳам болаларни икки ёшдан қабул қилиши зарур. Бунга ҳуқуқий асосни яратиш учун ушбу таклифни дастуримизга киритдик.

М.Хўжаеванинг айтишича, партия “Болалари соғлом бўлган юртнинг келажаги буюк” тамойили ҳаётга жорий қилиниши тарафдори. Шундан келиб чиқиб, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш борасидаги ишларни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Партиянинг мақсадли вазифалари сирасига эҳтиёжманд аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоялаш чоралари билан тўлиқ қамраб олишга эришиш, улар учун базавий ресурслардан, янги технологиялар ва молиявий хизматлардан, шу жумладан, микромолиялашдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби вазифалар ҳам киради.

Тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳам атрофлича тушунтириб ўтилди. Мазкур қонунларни энг чекка ҳудудларда ҳам тарғиб қилиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *