Дунё келар бир сайёҳ бўлиб! Маданият

Қўқонда давом этаётган фестиваль дунё халқлари маданияти, қадриятлари ва миллий ҳунармандчилиги анъаналарини ўзаро уйғунлаштираётган байрам сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Бугун шаҳарнинг озода ва ораста кўчаларида сайр қилиб юрган дунёнинг турли қитъаларидан келган сайёҳларни муштарак бир мақсад – ззгулик ва яхшилик, тинч-осойишта ҳаёт, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш тушунчалари ўзаро бирлаштирган. Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг энг эзгу ғояси ҳам шу аслида.

Фурсатдан фойдаланиб, сайёҳлар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг таассуротлари билан қизиқдик.     

Карен Макротер – сайёҳ (Германия):

– Тошкент, Самарқанда Бухоро, Хивада бўлдик. Бугун эса довон оша Қўқонга келдик. Фарғонанинг табиати жуда гўзал. Қўқон –ҳунармандлар шаҳрини томоша қилдик, у тарихий ва замонавий шаҳар. Ажойиб  ҳунармандчилик  намуналари,  муҳташам тарихий обидалари бор. Бу ерда биринчи марта ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалига катта тайёргарлик кўрилибди. Бу саёҳатимиз жуда қизиқарли ўтяпти, халқингиз жуда олижаноб ва меҳмондўст экан. Қўқонга яна келамиз, албатта.  

Треза Анвес – сайёҳ (Португалия):

– Мен Португалиядан келдим, Қўқон темир йўл вокзалида бизни тантанали кутиб олишди. Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим. Тошкентдан поезд орқали табиатни томоша қилиб келдик. Мен жуда хурсандман. Ҳеч қандай муаммоларсиз оилам билан Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қилиб юрибман. Қўқон, Фарғона, умуман, юртингиз менга жуда ёқди. Халқингизнинг мехмондўстлигига қойил, миллий таомларингиз ҳам бетакрор. Халқаро ҳунармандлар фестивалида иштирок этаётганимиздан хурсандмиз.

Лў Гранд Руа  Рейнон – сайёҳ (Франция):

  • Ҳозиргина Қўқонга етиб келдик. Фестивалдаги ҳунармандчилик намуналари билан яқиндан танишмоқчиман. Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳақидаги ёрқин тасаввурларим мана шу Ўрда майдонида янада юксалади. Юртингиздан ўзим билан бирга энг ажойиб ҳунармандчилик буюмларини олиб кетаман.

Аня Хюбертс –сайёҳ (Германия): 

  • Ҳаммаси ажойиб, ҳаммаси гўзал! Фарғонанинг иқлими ҳам, Ўзбекистоннинг ҳунармандлари ҳам бизга жуда ёқди. Ҳар бир йўналишдаги ишлар таҳсинга лойиқ. Уларни томоша қилиб, тайёрланиш жараёнини кузатиб, қўли гул ҳунармандлар меҳнатига фақат раҳмат айтасиз!

Елена Сомойлинкова –сайёҳ (Россия):

  • Бир гуруҳ дўстлар билан илк бора юртингизга ташриф буюрдик. Унутилмас таассуротлар оляпмиз. Меҳмондўст ва самимий халқингизнинг урф-одатлари бизга жуда ёқди. Шахсан ўзим қадимги осори-атиқа буюмларига, пичоқчилик ва қиличларга жуда қизиқаман. Айнан Қўқондаги Жомъе мажмуаси устахонасида ясалган буюмлар эътиборимни тортди. Уста ҳунармандлар уларнинг яратилиш жараёни ҳақида бизга мароқли ҳикоялар сўзлаб беришди.

Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивали давом этмоқда.  

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Ботир МАДИЁРОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *