Қўқоннинг қўли гул ҳунармандлари Маданият,Туризм

Фестиваль кунлари шаҳарнинг яна бир тарихий маскани – Жомъе мажмуасида қўқонлик ҳунармандлар маҳсулотлари намойишини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Ранг-баранг мавзудаги тадбирлар давомида шу ернинг ўзида устоз-шогирдлик анъаналари асосида турли тақдимотлар ўтказиш, қатнашчилар кўз ўнгида турли ҳунармандчилик буюмларини тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.

Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактаби асосчиларидан бири Қодиржон Ҳайдаров номидаги ёғоч-ўймакорлик уста-шогирд мактаби ҳунармандлари фестивалга алоҳида тайёргарлик кўришди. Машҳур сулоланинг еттинчи авлоди бўлган Жамшид Умаровнинг қайд этишича, айнан фестиваль учун нақшли устунлар, кўп қиррали хонтахталар, ўриндиқлар, лаганча ва қутичалар тайёрлашди. Ўрда майдонида ажратилган ҳудудда эса ёғоч ўймакорлиги намунаси сифатида безакли устунлар ҳамда нақшинкор дарвоза ўрнатилди.

Қўқонлик заргар Музаффар Юсуфжонов тарихий манбаалар ёрдамида изланишлар олиб бориб, XIX асрга оид заргарлик намуналарини қайта тиклади. Шунингдек, қадимги услубда яратилган тақинчоқларнинг замонавий кўринишдаги нусхаларини фестиваль қатнашчиларига тақдим этмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлари уюшмаси аъзоси, Қўқон педагогика институти ўқитувчиси, кулол-рассом Ботиржон Баратбоев республика ва халқаро кўргазмалар совриндори. Шу пайтгача 250 нафардан зиёд шогирдларни тарбиялаган.

Фестиваль кунлари намойиш этиш учун шогирдларим билан 100 дан ортиқ ижод намуналарини тайёрлаганмиз, – дейди кулол-рассом Б.Баратбоев. – Кулолчилик ва рассомлик ишлари ўзаро уйғунлаштирилган улуғ аждодларимиз, шоир ва ёзувчилар сиймолари, табиат фасллари акс эттирилган санъат асарлари меҳмонларни бефарқ қолдирмайди, албатта. Дастлабки куннинг ўзида мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда хориждан ташриф буюрган ўнлаб меҳмонлар ижодий фаолиятимизга юксак баҳо беришди.

Фестивалнинг энг ёш ҳунармандларидан бири Зиёвуддин Юнусов Қўқон шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси. У устозлари кўмагида болалигидан ёғоч ўймакорлиги сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Қувонарлиси, у фестиваль қатнашчиларини мамнун этиш мақсадида кемачалар, қутичалар, эсдалик буюмларини тайёрлади. Ёш ҳунарманд келажакда ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.                     

Бир сўз билан айтганда, бу халқаро анжуман ҳунармандларимизнинг сеҳрли бармоқлари эвазига яратилаётган ҳунармандчилик ва амалий санъатимизни кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга бешикаст етказиш, ёшларга ўргатиш орқали халқимизнинг эстетик дидини ўстириш ҳамда юксак маданиятли қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Ботир МАДИЁРОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *