Ўрда майдонида турфа ранглар жилоси Маданият

Қўқонда фестиваль доирасида фақат ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар уюштирилибгина қолмай, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши, бадиий дастурлар, маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда.

  Ўрда майдонида Қўқон шаҳри, вилоятимиз шаҳар-туманлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, қўшни республикалар ҳамда хориждан ташриф буюрган юзлаб ҳунармандлар, соҳа мутахассислари, маданият ва санъат соҳаси фидойиларини учратиш мумкин. Суҳбатдошларнинг барчасида байрамона кайфият.

Файзли майдон бўйлаб айланиб юриш асносида юртимизнинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган миллий ҳунармандчилик намуналари, ўзига хос қадрият ва анъаналар билан юзма-юз бўласиз. Ўзаро суҳбатлар жараёнида халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятлари, ҳунармандчилик мактаблари, машҳур сулолалар ҳамда кейинги йилларда бу борада яратилган қулай шарт-шароитлар хусусида фикр-мулоҳаза юритилмоқда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, фестиваль иштирокчиларининг таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик.

Гулбаҳор ҲАСАНОВА, Сирдарё вилояти.

  • Кўп йиллар давомида попопчилик, дўппидўзлик, каштадўзлик ҳунари билан шуғулланиб, бир қатор ютуқларга эришиб келмоқдаман. Фестивалда 50 дан ортиқ қўл меҳнати маҳсулотлари билан қатнашмоқдаман.

Фарғонада бўлиб шуни ҳис этдимки, бу юртнинг файзи ўзгача. Мамлакатимизда шундай байрамлар кўп бўлаверсин, тинч-фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Илҳомжон БОБОЖОНОВ, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.

  • Фестивалга вилоятимизнинг 100 нафардан иборат делегацияси ташриф буюрди. Вилоятимизга ажратилган ҳудудни Хивадаги тарихий қалъалар шаклида барпо этдик. Рамзий қалъалар ичида моҳир ҳунармандларимиз жойлашди. Ҳудуд атрофи ва кичик саҳналарда тарихий миноралар шаклидаги устунлар ўрнатилди. Санъаткорларимиз байрам иштирокчиларини лапарлар ва рақсларимиз, албатта Хоразм лазгиси билан хушнуд этишади.

Рўзимо ҲАКИМОВА, Қашқадарё вилояти.

  • Бир гуруҳ шогирдларим билан Миришкор туманидан келганмиз. Фестиваль тадбирлари доирасида вилоятимизнинг гиламдўзлик анъаналарини намойиш этамиз. Ўз навбатида иштирокчилар кўз ўнгида бежирим гиламларни тўқиб, қўл меҳнати бўйича ўзига хос маҳорат дарслари ўтказамиз. Бу жараён ва халқ амалий санъати намуналари айниқса, хорижликлар эътирофига сазовор бўлмоқда.

Жасур МАМАТОВ, Навоий вилояти.

  • Заргарлик ҳунарманддан алоҳида сабр-тоқат, қунт ва билим талаб қиладиган нозик соҳа ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг заргарлик соҳасини ривожлантириш борасидаги қарорлари ижроси бўйича мамлакатимизда жиддий саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Фестиваль давомидаги мулоқотларда нозикдидли фарғоналик ҳамкасблар билан ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлмоқдамиз. Заргарлик буюмларимиз мезбонларга ёқаётгани бизни беҳад қувонтирди.        

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Ботир МАДИЁРОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

  •     

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *