БУЮК ИПАК ЙЎЛИ ЧОРРАҲАСИДАГИ КЎҲНА ВА НАВҚИРОН ҚЎҚОН Маданият,Санъат

Жаҳон ҳунармандлари шаҳри Қўқонга хуш келибсиз!



Бугун шонли тарих ва замонавий тараққиётни ўзаро мужассамлаштирган Хўқанди латиф бутун дунёни ўзига мафтун этмоқда

Жаҳон ҳамжамиятининг юксак эътирофига сазовор бўлган Лондон, Париж, Рим, Мадрид, Нью-Йорк, Москва, Токио, Сеул, Пекин, Тошкент сингари мегаполис шаҳарлар доимо оламшумул янгиланишлар туфайли дунё халқларининг ҳайратига сазовор бўлиб келади. Дарҳақиқат, шиддат билан ўзгараётган бугунги даврда нафақат одамлар, балки улкан мегаполислар ҳам ҳамиша ўзини ўзи ислоҳ қилишга эҳтиёж сезади. Тараққиёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмаганидек, дунёнинг энг машҳур шаҳарлари ҳам инсон руҳиятига улкан таъсир кўрсатувчи тарихий жараёнлари билан янги-янги нурли манзиллар сари дадил одимлайверади.

Дунёда латиф шаҳар мақомига эга ягона шаҳар – Қўқон бундан буён том маънода сайёрамизнинг улкан мегаполислари қаторида эътироф этилади. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Хўқанди латиф кўҳна тарих ва замонавий тараққиёт мезонларини ўзаро уйғунлаштириб, бир пайтнинг ўзида ҳам шарқона латофати, ҳам бугунги дунё тамаддунига ҳамоҳанг муҳташамлиги билан жаҳон ҳамжамиятини ўзига мафтун этмоқда.

Президентимиз томонидан 2018 йил 1 ноябрда имзоланган “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ўтган қисқа вақт ичида шаҳарда асрларга татигулик ишлари амалга оширилди. Айни жараёнда Қўқонга “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақомининг берилиши муҳим воқеа бўлиб, 2014 йилда таъсис этилган ушбу  унвон  шу кунгача жаҳоннинг турли қитъаларидаги 30 та шаҳар шундай юксак шарафга сазовор бўлган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаб ўтилганидек, кейинги йилларда мамлакатимиз маданий ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Биринчи марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали катта муваффақият билан ўтказилди. Истиқлол байрами арафасида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бетакрор мумтоз санъатимизни яна бир марта дунёга намоён этди. Айни кунларда Қўқон шаҳри мезбонлик қилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали Ўзбекистон брендини бутун дунёга кенг тарғиб этишда яна бир муҳим қадам бўлди.      

        Шу йилнинг 10-15 сентябрь кунлари катта тантана билан ўтказиладиган фестивалда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларидан давлат ва жамоат арбоблари, маҳоратли ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат, театр соҳаси вакиллари иштирок этмоқдалар.

         Маълумки, юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий этган, аждодларимиз ушбу соҳанинг кўплаб турлари билан фаол шуғулланганлар. Халқимиз ҳунар ўрганиб, турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқотадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтиришни қадрият даражасига кўтарган. Ҳунармандчиликнинг у ёки бу йўналиши бир оила вакилларининг асосий машғулотига айланиши натижасида моҳир ҳунармандлар сулолалари юзага келган, ўзига хос мактаблар шаклланган.

Бу фестивалнинг ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилиши замирида ҳам ўзига хос маъно мужассамдир. Зеро, Фарғона – уста ҳунармандлар юрти. Бугун вилоятимизда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича тўрт минг нафарга яқин ҳунарманд фаолият  олиб  бормоқда. Улар орасида  ўз мактабига эга сулолалар, турли халқаро ва мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор.

Қўқон ҳунармандчилиги ҳам ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарига эга бўлиб, ҳозирги кунда кунда ҳам шаҳарда миллий ҳунармандчиликнинг 30 га яқин турлари кенг ривожланган. Бугун ҳам латиф шаҳарда қарийб тўрт юз нафар ҳунармандлар ота-боболардан мерос юмушларни авлоддан-авлодга ўтишини таъминламоқдалар.   

Қувонарлиси, Фарғона вилояти мамлакатимизда фестиваллар юрти сифатида танилмоқда. Бу борада Марғилон шаҳрида ўтказиб келинаётган фестиваллар аллақачон бренд мақомига эга бўлса, Қўқондаги халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳам яқин келажакда дунё миқёсида ўз ўрни ва нуфузини топади.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнида Қўқонда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий меҳмонхоналар, уй меҳмонхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, маданий-маърифий мажмуалар, савдо комплекслари, кўнгилочар масканлар барпо этилди. Тарихий зиёратгоҳлар, шаҳар кўчалари, бино-иншоотларда капитал таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу тариқа кўҳна кентимиз бугун тўлиқ янгича қиёфада намоён бўлмоқда.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Ботир МАДИЁРОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *