Қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш

Қишлоқ  хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш

Бу соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғоя ва технологияларни кенг жорий этишни тақозо қилади

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида қишлоқ хўжалиги тармоқларини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, илмий-амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш, сарф-харажатларни камайтириш ҳисобига даромад манбаларини оширишга жиддий эътибор қаратиляпти. Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозор барқарорлигига эришиш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда бу каби изчил саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилиб, илм-фан ютуқлари, ин-новацион ғоя ва технологиялар кенг татбиқ этилаётгани соҳа фаолиятини жаҳоннинг энг илғор тажрибалари асосида такомиллаштириш имконини бермоқда. Янгича ёндашув ва замонавий иш услуби қишлоқ хўжалиги тармоқларида ютуқлар бардавомлигини таъминлаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 октябрдаги «Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида сув таъминотини яхшилаш ва ундан унумли фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида самарали ишларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Қарорга кўра 2020–2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда 2022 йил охиригача Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти фаолиятининг устувор йўналишлари ва самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари белгиланди. 2020 йилдан бошлаб  сув етказиб бериш бўйича харажатларнинг бир қисмини сув истеъмолчилари томонидан қоплаш механизмларини жорий этиш режалаштирилди.

Шу билан бирга яқин истиқболда бу борада белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланиши орқали мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасидаги долзарб йўналишлар бўйича камида 10 та илмий ва инновацион ишланмалар амалиётга жорий этилади. Сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмоли камида 10 фоизга қисқартирилади, 300 та сув хўжалиги иншооти ва гидроузелда сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизими автоматлаштирилади ҳамда шўрланган ер майдонлари улуши 45 фоизгача камайтирилади.

Ўз навбатида ушбу қарор асосида Ўзбекистон Респуб-ликаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилди. Агентлик сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш, ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга масъул ҳисобланади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақи оширилади. 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳар чоракда тегишли туман халқ депутатлари Кенгашига сув ресурсларини бошқариш ҳолати тўғрисида ҳисобот киритади.

Айни жараёнда вилоятимизда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари, деҳқончилик илми миришкорлари, катта ҳаётий тажрибага эга амалиётчи мутахассисларнинг самимий ҳамкорлиги туфайли шўр ювиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, инновацион суғориш усулларини жорий этиш сингари агротехник тадбирлар сифатли бажариляпти. 2019 йилнинг ўзида вилоятимизда 331 гектар майдонда томчилатиб, тупроқ шароити сувни кўп сарфлайдиган майдонларда 176 жамланма эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий этилди.

2020 йилдан вилоятимизда 18 минг 530 гектар экин майдонларида томчилатиб суғориш жорий этиш кўзда тутилмоқда. Шунинг 14 минг 575 гектари пахта майдонларида жорий этилади. Шунингдек, боғдорчилик соҳасида 2740 гектар, узумчилик тармоғида 1165 гектар ҳамда 55 гектар сабзавот-полиз майдонларида томчилатиб суғориш усулидан кенг фойдаланилади.

Айни пайтда вилоятимизда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳи фаолияти шакллантирилган бўлиб, унинг таркиби ҳам тасдиқланган. Вилоят ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиши орқали сув ресурсларини тежовчи технологияларни жорий этиш ҳар томолонма самарали ва фойдали эканлиги тушунтириляпти. Мониторинг ишлари олиб борилиб, экин майдонларида сувни исроф қилмаслик, тириклик манбаи бўлган сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар бериб борилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимизнинг “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида сув таъминоти ва ундан тежаб-тергаб фойдаланиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. Бу борадаги эзгу ташаббуслар рағбатлантирилиб, муштарак мақсад йўлидаги изчил ҳаракатлар қўллаб-қувватланади.

Ҳалимжон УМАРОВ,

Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари.