Халқ демократик партияси ҳамиша халқ билан!

Халқ демократик партияси ҳамиша халқ билан!

Халқ демократик партияси ҳамиша халқ билан!
Юртимизда демократик ислоҳотлар мазмун ва аҳамиятига кўра бутунлай янги босқичга кўтарилди. Кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, сўз эркинлиги тамойиллари таъминланди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиш учун барча ҳуқуқ ва ваколатлар кафолатланмоқда.
Жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов сиёсий партиялар ва парламент фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда янги даражага кўтаришда долзарб аҳамиятга эгадир. Бир сўз билан айтганда, халқимиз, сайловчилар бу сайловга катта умид ва ишонч билан қараб турибди.
Партиямиз босиб ўтган йўлни таҳлил этар эканмиз, бугунги Халқ демократик партияси ўз сафини тобора кенгайтириб бораётган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган аъзоларни бирлаштирган, мамлакатнинг барча туман ва қишлоқларини қамраб олган кучли партиявий тизимга, давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда сезиларли таъсир кўрсата оладиган сиёсий кучга айланганини кўрамиз.
Партиямиз 2014 йилги сайловлар жараёнида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламини ўзининг асосий ижтимоий гуруҳи, доимий электорати, деб белгилаб олган эди.
Шу нуқтаи назардан, партия электорат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиб, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган долзарб ижтимоий масалаларга ечим топиш, қонунлар ва давлат дастурларининг ижроси юзасидан депутатлик ҳамда парламент назоратини кучайтиришга катта урғу берди.
Маълумки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, аввало, уларнинг қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқдир.
Шундан келиб чиқиб, мунтазам равишда партия электорати ижтимоий таркиби ва узоқ муддатли ижтимоий манфаатларига оид долзарб масалалар ўрганиб борилди. Ушбу таҳлилларга асосланиб ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, электорат манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб, партия томонидан қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.
Ўтган сайлов натижаларига кўра, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлар сони 4 нафарни, вилоят Кенгашидаги депутатлари сони 17 нафарни, туман-шаҳар Кенгашларидаги депутатлари сони 181 нафарни ташкил этиб, жами 202 нафар депутат фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш ва партия гуруҳлари ишини мувофиқлаштириш бўлими томонидан ўтган 9 ой давомида Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳлари томонидан 70 та масала партия гуруҳлари йиғилишларида, 83 та масала доимий комиссия йиғилишларида, 29 та масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, Ҳаракат Дастуридан ташқари Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳларининг амалий иш режаларига мувофиқ, 31 та масала депутатлик гуруҳларида, 27 та масала доимий комиссия йиғилишларида, 11 та масала сессия кун тартибида кўрилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига му-вофиқ, Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 751 та депутатлик сўровлари юборилган бўлиб, юборилган депутатлик сўровларидан 609 таси ижобий хал этилган.
“Жамоатчилик қабул-хоналари”га фуқаролардан жами 1393 та мурожаат тушган. Шундан 267 таси коммунал соҳа бўйича, 116 таси уй-жой ва ер олиш масаласида, 177 таси иш билан таъминлашда ёрдам сўраб, 34 таси иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни ўз вақтида олмаётгани бўйича, 194 таси моддий ёрдам сўраб, 153 таси ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш бўйича, 6 таси халқ таълими бўйича, 103 таси банк кредити олиш бўйича, 343 таси бошқа масалалардаги мурожаатлар бўлиб, уларнинг 900 таси, яьни 64,6 фоизи ижобий ҳал этилган.
Қувасой,Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Қува, Олтиариқ, Бағдод, Бешариқ, Бувайда, Ёзёвон, Риштон, Қўштепа, Данғара, Тошлоқ, Қува, Учкўприк, Фурқат туманларида сайёр қабуллар ва уйма-уй юриш ишлари ташкил этилди.
Биринчи маротаба Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш ва партия гуруҳлари ишини мувофиқлаштириш бўлими ташаббуси билан “Агар мен ҳам депутат бўлсам!” шиори остида “Бўлажак депутат” кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу кўрик-танлов ғолибларини “Истиқбол” ёшлар қаноти фаолиятига кенгроқ жалб этиш, бўлиб ўтадиган сайловларда депутатликка номзодларини қўйиш ва қўллаб-қувватлаш асосий вазифа этиб белгиланди.
Ўтган давр мобайнида партиямиз томонидан Сайловолди дас-турида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла – аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази”, “Кучли ижтимоий ҳимоя – асосий мақсадимиз!”, “Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш энг муҳим устувор йўналиш”, “Ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда қолмайди”, “Халқ билан мулоқот ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли”, “Меҳр улашинг” каби 20 га яқин лойиҳа амалга оширилди.
Маълумки, ёшлар билан ишлаш, оила ва аёллар масаласи ҳар доим биз учун муҳим вазифа ҳисобланган. Шунинг учун партиямиз доимо ўз фаолиятида бу йўналишларга алоҳида эътибор қаратиб келади.
Партиямиз томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича ўндан ортиқ лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалга оширилди. “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол аёли” кўрик-танлови, “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш бурчимиз!”, “Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари”, “Аёллар бандлиги — оила фаровонлиги гарови”, “Ижтимоий кўмак ташаббускорликка йўл очмоғи керак” лойиҳалари шулар жумласидандир.
Ёшлар билан ишлаш йўналишида “Ёш сиёсатчи” танлови, “Ёшлар парвози”, “Ёшлар кутубхонаси”, “Жиноятсиз келажак”, “Эзгу ғоядан, эзгу мақсад сари” каби янги лойиҳалар амалга оширилди.
Албатта, мамлакат тарақ-қиётида етук мутахассис кадр-ларнинг ўрни ҳамиша муҳим. Шу нуқтаи назардан, партия ўз олдига қўйган вазифаларни амалга оширишида фаол, ташаббускор ва жонкуяр мутахассислар фаолиятига устувор аҳамият қаратади.
Бошланғич партия ташкилоти — партиянинг асосий таянчи бўлиб, унинг фаолиятисиз партияни тасаввур этиш қийин. Бошланғич партия ташкилотлари партияни халқ билан узвий алоқа боғлашида муҳим ўрин тутади. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, вилоятимиздаги партиямиз аъзолари сони 47 минг 517 нафарни ташкил қилмоқда. Улар 872 та бошланғич партия ташкилотларида бирлашган.
Хабарингиз бор, бу йилги сайлов кампанияси “Янги Ўзбекистон янги сайловлар” шиори остида ўтказилмоқда. Дарҳақиқат, сайлов кампанияси халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортган бугунги янги даврда ўтмоқда. Халқимиз, сайловчилар сиёсий партиялардан амалий натижа, қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти.
Сайловлар олдидан ҳар бир сиёсий партия ўзининг Сайловолди дастури, сиёсий платформасини ишлаб чиқади, тараққиётга хизмат қиладиган янги-янги ғояларни илгари суради.
Партиямиз ҳам янги Дастури ва Сайловолди дастурини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжатларни тайёрлаш учун сиёсатшунос, ҳуқуқшунос ва иқтисодчи олимлар, депутатлар ҳамда партия фахрийларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилди.
Ишчи гуруҳ мамлакатимизнинг чекка ҳудудларигача чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, иш топишда қийинчиликка дуч келаётган меҳнат мигрантлари билан юзма юз учрашди, уларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганди.
Партия дастурлари лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва барча туман (шаҳар) партия кенгашларида кенг муҳокамадан ўтказилди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари таклифлари билан янада бойитилди, дастурларимиз содда, халқчил мазмунда тайёрланди.
Бир сўз билан айтганда, бу йилги Сайловолди дастуримиз ҳар томонлама пишиқ-пухта тайёрланди, десак бўлади.
Сайловолди дастурида ҳар бир фуқаронинг Конституция билан кафолатланган меҳнат ҳуқуқини таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг асосий йўналиши экани қайд этилган.
Партиямиз Сайловолди дастуридаги вазифалар ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш, шу орқали жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Партиямиз мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Олий Мажлис ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловларда фаол ва муносиб иштирок этиб, Қонунчилик палатасида ҳам, маҳаллий Кенгашларда ҳам энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритишига ишонамиз!
Юртимиз равнақи ва заҳматкаш халқимиз ҳаёти фаровонлиги йўлидаги мақсадимиз учун қатъий ҳаракат қиламиз!
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамиша халқ билан! Биз билан бирга бўлинг!
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!
Дилбар Мамаджанова,
Ўзбекистон Халқ
демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши раиси.