Фарғона пиллачилиги: ЗАМОНАВИЙ МЕЗОНЛАР АСОСИДА

Фарғона пиллачилиги: ЗАМОНАВИЙ МЕЗОНЛАР АСОСИДА

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳалар қатори пиллачилик тармоғида ҳам кенг кўламли ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилиб, пиллачилик ва ипакчилик саноатини такомиллаштириш борасида бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Айни жараёнда ҳаётга татбиқ этилаётган имтиёз ва имкониятлар вилоятимизда ҳам том маънода пилла етиштириш, ипак ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини яратиш, тадбиркорлар, айниқса, ипак матолар тўқувчи ҳунармандлар фаолиятини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани қувонарлидир.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилояти азал-азалдан пилла етиштириш сир-асрорларини пухта ўрганган миришкорлар юрти ҳисобланади. Шу билан бирга вилоятимиз ўзининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, аҳоли сони, ободлиги ва фаровонлиги билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Пиллачиликда ҳам ўзига хос тажриба мактабига эга бўлган фарғоналиклар пиллани илмий ва амалий тажрибалар асосида қайта ишлаш усулини ҳам яхши ўзлаштирганлар. Буни республикамизда илк бор ипакчилик саноатига асос солган Марғилон шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу борада бевосита вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда вилоятнинг барча ҳудудларида пиллачилик жадал риволаняпти.  Айни жараёнда соҳа фаолиятини бугунги кун талаб ва эҳтиёжи асосида ривожлантириш мақсадида мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар муҳим дастурил-амал бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз пиллачилик тармоғини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш мақсадида 10 га яқин ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 март кунги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ипак қурти парвариши ва бу жараён узлуксизлигини такомиллаштириш, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширадиган ягона ва яхлит тизимни барпо этиш вазифаси белгиланди.

2018 йил 4 декабрь кунги “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан эса пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришни янада қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратилди.

  Албатта, бугунги кунда пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш орқали ипакли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, харидоргир турлари ва дизайнини такомиллаштириш, тайёр маҳсулот билан жаҳон бозорига чиқиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш долзарб масалалар сирасига киради. Бои-си аҳолининг турмуш тарзи ўзгариб бориши натижасида маҳсулот сифати, дизайни ва эстетик хусусиятларига бўлган талаби ошиб бораётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Фарғона вилояти “Агропилла” МЧЖ тизимида 15 та туман “Агропилла” МЧЖ ва 2 та шаҳар “Агропилла” МЧЖ, 2 та уруғчилик корхонаси, тутчилик хўжаликлари фаолият олиб боради. Шунингдек, маҳсулотни қайта ишлашга ихтисослашган замонавий кластер корхоналари “Водил ипак йигирув” ишлаб чиқариш корхонаси, “Водий Маржони” кўп тармоқли ишлаб чиқариш фирмаси ҳамда “Нурли тонг силк”, “Силк ВаЦ” ва “Ёдгорлик” МЧЖлари бугунги кун талаблари асосида фаолият кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

2017 йили Фарғона вилоятида 842,6 тонна, 2018 йили 1650 тонна пилла хом ашёси етиштирилди. Кейинги уч йил мобайнида вилоятдаги мавжуд тутзорлар фермер хўжаликлари томонидан туман захирасига қайтарилиб, туман ва вилоят ҳокими қарорларига мувофиқ ҳудудий “Агропилла” МЧЖларига ажратилди ҳамда пиллани қайта ишловчи корхоналарга фойдаланиш учун ижарага берилди. Шу тариқа вилоятдаги мавжуд тутзорлар, қуртхоналар вилоят “Агропилла” МЧЖ тасарруфига ўтказилди.

2019 йили Фарғона вилоятида 20 миллион тут кўчат экиш режалаштирилиб, баҳорги мавсумда 16 миллион 100 мингдан зиёд тут кўчати экилишига эришилди. Шунингдек, 252 гектардан ортиқ янги тутзорлар барпо этилди.

“Нурли тонг силк” МЧЖ пиллачилик кластери раҳбари Мақсуджон Қосимов хориж тажрибасини ўрганиб, Фарғона водийси табиати учун табиий иқлим шароити энг қулай бўлган Хитойдан 9 миллион дона серҳосил тут кўчатларини олиб келиб эктирди.

2019 йилдан бошлаб вилоятда ипак қуртидан йилига тўрт маротаба сифатли ҳосил йиғиштириб олиш амалиёти жорий этилди. Шу сабабли жорий йилги биринчи мавсумда вилоят хирмонига 1486 тонна, иккинчи мавсумда 1836 тонна пилла хом ашёси топширилиб, белгиланган режа 104,9 фоизга бажарилди.

Вилоятда пилла етиштиришни кўпайтириш, ҳудудлардаги пиллани қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш, экспорт ҳажмини юксалтириш мақсадида жорий йилнинг август-сентябрь ойларида такрорий пилла етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг самараси сифатида ёзги учинчи ва тўртинчи мавсумда 5460 қути ипак қурти парваришланиб, 219 тонна пилла хом ашёси етиштирилди. Ёзги мавсумда 8272 нафар касаначилар билан шартномалар тузилиб, уларнинг бир ойлик фаолияти учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилиши таъминланди. 2019 йилдан бошлаб пилла ҳосили учун шартномада белгиланган миқдордан ортиқча пилла топширилганда, 5 килограммгача ортиқча ҳосил харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограммдан юқори қисмига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилди.

2019 йилда вилоятдаги 5 та пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан туманлар кесимида 25 та қуртхона қурилиши, 134 та кўчмас ва кўчма қуртхоналар қуриб битказилиши ишлари ниҳоясига етказиляпти. 2018 йилдан вилоятдаги қайта ишлаш корхоналарининг ҳар бирида 20 тадан ипак гилам ишлаб чиқариш дастгоҳлари ўрнатилган бўлса, 2019 йилнинг якунига қадар ҳар бир корхонада ипак гилам ишлаб чиқариш дастгоҳлари 50 тага етказилади. Жаҳон бозорида харидоргир ипак гиламлар асосан экспортга чиқарилиши мўлжалланган.

2018 йили вилоят пиллачилик тармоғида 37 минг 878 нафар ҳамюртимиз дои-мий ва мавсумий иш  билан таъминланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич қарийб 55 минг нафарга етди. 2020 йилда вилоятда пиллачилик тармоғида 61 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йили тармоқдаги иш ўринлари сони 69,5 мингтага ортади. 2021 йилга бориб иш ўринлари сони 2018 йилга нисбатан 183 фоизга ошиши кутилмоқда.

2018 йили вилоятда пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан 6,9 миллион АҚШ доллари миқдорида ипак маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилди. Бу борада ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га кўра экспорт ҳажмини 2019 йилда 10,4 миллион АҚШ доллари ҳамда 2020 йили 13,8, 2021 йили 18,8, 2022 йили 20,2 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 2025 йилга бориб эса вилоят пиллачилик тармоғида ипак ва тайёр маҳсулотларни сотиш ҳисобига экспорт ҳажмини 35 миллион АҚШ долларига етказиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Жаҳон бозорида табиий хом ашёдан тайёрланган маҳсулотларга талаб кундан-кунга ошиб, мода оламида ипак толалари иштирок этган кийим-кечаклар тобора урфга кираётган бир шароитда пиллачилик тармоғини замонавий мезонлар бўйича ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги замонавий дунёда ярмаркалар, фестиваллар, ажойиб ва бетакрор байрам тантаналари, қолаверса, мамлакатимиз тадбиркорлари ва инвесторлар учун яратилаётган қулай бизнес муҳити юртимизнинг табиий сифатли ипак маҳсулотлари жаҳон бозорида бренд бўлишини таъминламоқда.

Юксалиш, тараққиёт ва эртанги кун истиқболи йўлида дадил одимлаётган Фарғона пиллачилиги мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора яхшиланиб боришида беқиёс ҳисса қўшаётгани барчамизни беҳад мамнун этади.

Эркинжон НУРАЛИЕВ,

Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси.