Тадбиркорлик ва тараққиёт БАЛИҚЧИЛИК ТАРМОҒИ ИСТИҚБОЛИ

Тадбиркорлик ва тараққиёт БАЛИҚЧИЛИК ТАРМОҒИ ИСТИҚБОЛИ

БАЛИҚЧИЛИК ТАРМОҒИ ИСТИҚБОЛИ
бугунги кун талаби ва эҳтиёжи асосида ривожланиши таъминланяпти

Айни кунларда вилоят ҳокимлиги дастури доирасида қишлоқ хўжалигининг истиқболли тармоқлари – балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, наслли чорвани ривожлантириш, бу соҳаларга замонавий илм-фан ютуқлари ва инновацион ғояларни кенг татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бунинг самараси сифатида ҳудудларда кўплаб истиқболли бизнес-лойиҳалар қўллаб-қувватланиб, лойиҳа ташаббускорлари фаолияти ҳар томонлама рағбатлантириляпти.
Бағдод туманининг Марказий Фарғонада жойлашган Каримбобо чўл ҳудудида ташкил этилган “Шўртепа ойдин кўли” балиқчилик фермер хўжалиги фаолияти бу борадаги эътибор ва рағбат туфайли жадал ривожланяпти. Айни пайтда хўжаликнинг 64 гектар сунъий кўл ҳавзаларида оқ амур, дўнгпешона, сазан (карп) сингари балиқлар парваришланиб, Фарғона водийси вилоятлари ҳамда Тошкент вилояти бозорларига етказиб берилмоқда. Йиллик маҳсулот айирбошлаш ҳажми 3 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этадиган хўжаликда 10 та доимий ва 20 та мавсумий иш ўринлари яратилган.
– Ҳозирги кунда янги-янги инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш орқали улкан ютуқларга эришмоқдамиз,-дейди хўжалик раҳбари Мирзакарим Нишонов. – Балиқчилик соҳасига ихтисослашган илмий муассасалар мутахассислари билан ҳамкорликда хўжалигимизнинг ўзида чавоқ етиштириш, омухта ем ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган.
Яқинда фермер хўжалиги томонидан яна бир лойиҳа амалга оширилиши натижасида 30 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона барпо этилди. Бу ерда балиқ маҳсулотлари замонавий усулда музлатилиб, яроқлилик муддати узоқ вақт сақланган ҳолда сифатли тарзда истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Фермер хўжалиги қошида балиқни саноат усулида қайта ишлаш фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, шартнома асосида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари консерва маҳсулотлари билан таъминланяпти.
– Балиқчилик тармоқларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда “Ипотекабанк”нинг Қўқон филиалидан 120 миллион сўм имтиёзли кредит олинди,-дея суҳбатимизни давом эттиради хўжалик раҳбари М. Нишонов. – Фаолиятимизни жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш мақсадида Вьетнам тажрибасини ўрганиб келганман. Яқинда хитойлик тадбиркорлар билан шарт-нома имзолашга муваффақ бўлдик. Хитой технологияларини олиб келиб ўрнатиш эвазига бир неча турдаги консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз. Асосий мақсад консерва маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Фарғонанинг табиати сўлим ҳудудида жойлашган мазкур масканда экотуризмни ривожлантириш учун ҳам катта имконият мавжуд. Айни жиҳатларни инобатга олиб, фермер хўжалиги мутахассислари томонидан бизнес-режа, экотуристик харита ишлаб чиқиляпти. Истиқболли янги бизнес-режа экотуризм ишқибозларига ҳудуд бўйлаб мароқли саёҳат уюштириш, балиқ овлаш, турли усулларда тайёрланадиган балиқлардан истеъмол қилиш, табиатнинг табиий манзараларидан завқ олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Мирзакарим Нишонов сердаромад тармоқ раҳбари сифатида Чексарой МФЙ ҳудудида жойлашган 39-умумий ўрта таълим мактабига доимий равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келади. Хусусан, жорий йилги ўқув йили олдидан тадбиркор мактабнинг учта синфи таъмирланиши учун маблағ ажратди. Чексарой МФЙнинг 3 км ички сув йўллари таъмирланишига бош-қош бўлди. Яқин вақт ичида маҳаллада консерва маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ташкил этиш орқали 10 нафарга яқин маҳалладошларини муқим иш ўринлари билан таъминлашни режалаштирган.

Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.